Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:27

Афғонистон шимолида толиблар фаоллашмоқда


Тожикистон Мудофаа вазирлиги расмийлари сўнгги пайтларда Афғонистон шимолидаги беқарорлик туфайли толибларнинг минтақага кириб келиши эҳтимоли кучайганини таъкидламоқдалар.

24 сентябр куни Тожикистонда бошланган рус-тожик ҳарбийлари қўшма машқларидан мақсад ҳам айнан Афғонистондан кириб келиши мумкин бўлган террорчиларга қарши тайёргарлик эканини таъкидланмоқда.

Ўтган ҳафта тожикистонлик журналистларга интервью берган мамлакат Мудофаа вазири ўринбосари Рамил Надиров ҳақиқатан ҳам толиблар гуруҳининг Тожикистон тупроғига кириш эҳтимоли мавжудлигини таъкидлаган эди.

- НАТО кучлари ва Афғонистон ҳарбийларининг толиблар ва Ал-Қоида гуруҳларига қарши Афғонистондаги амалиётлари ортидан Толибон жангариларининг афғон-тожик чегарасини кесиб ўтиши эҳтимолдан холи эмас.

Албатта, Тожикистон чегараларига яқин масофада, яъни Афғонистон шимолида толибларга қарши операцияларнинг ўтказилаётгани бизни бефарқ қолдира олмайди. Чунки зарбалардан омон қолиш ниятида бўлган тарқоқ гуруҳлар чегара чизиқларини кесиб ўтишга уринишлари мумкин ва биз буни назардан соқит қилолмаймиз. Шуни эътиборга олган ҳолда, Тожикистон ҳарбийлари Россия ҳарбийлари билан келгуси ҳафтада биргаликдаги машқлар ўтказишни режалаштирган, деган эди 18 сентябр куни Рамил Надиров.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, бугун Лоҳур ҳарбий полигонида Россия-Тожикистон қўшма ҳарбий машғулотларига старт берилган. Унда тожикистонлик ҳарбийлар билан бир қаторда Россия 201-ҳарбий базасининг 500 та ҳарбийси, Россия базасига тегишли танк ва вертолётлар, оғир артиллерия қатнашаётгани айтилмоқда.

Толибон ва унга хайрихоҳ кучлар Афғонистон шимолида фаоллашиб қолганини афғон расмийлари ҳам эътироф этмоқдалар.

Жумладан, Афганистан.Ру сайтининг 23 сентябр куни хабар қилишича, юқори мартабали афғон ҳарбийси Мустафа Патанг сўнгги пайтларда марҳум Байтуллоҳ Мақсуд гуруҳи ва Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошга эргашган юзлаб жангариларнинг Афғонистон-Покистон чегара ҳудудларидан Афғонистон шимолий қисмига ўтишаётганини маълум қилган.

Афғонистонлик генерал тахминича, ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар ва бошқа миллат вакилларидан иборат толиблар гуруҳи Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудига ҳам ўтиши ҳамда бу мамлакатларда беқарорлик келтириб чиқариши мумкин.

Толибон раҳбари Мулла Муҳаммад Умар Рамазон ойи якуни муносабати билан мурожаатида “агар Марказий Осиё давлатлари америкаликларга ноҳарбий юклар транзитида ёрдам қўлини чўзмасалар, бу мамлакатларга ҳужум қилиш унинг режасига кирмаслиги” ҳақида баёнот берди. Мулла Умар толиблар ўз қўшниларига ёмонлик тиламаслиги қайд этаркан, қўшниларини Афғонистонда толиблар эътибори ортишидан хавотирга тушмасликка даъват қилган эди.

Бироқ маҳаллий таҳлилчилар толибларни ҳали ҳам минтақадаги барқарорликка таҳдид солиши мумкин бўлган реал куч сифатида эътироф этадилар.

Афғоншунослар миллий анжумани раҳбари Қосимшоҳ Искандаров толиблар раҳнамоси Мулла Умар истаган чоғида ҳам толиблар тарқоқ гуруҳларининг минтақадаги барқарорликка хавф солмаслигига кафолат беролмаслигини таъкидлайди. Искандаровга кўра, толиблар сафида жанг қилаётган собиқ марказий осиёликларнинг нишони Амударё бўйидаги мамлакатлардир.

- Толиблар билан бирга бўлган гуруҳлар орасида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари, чечен, доғистонлик, хитойлик, қозоқ, тожик, ўзбек ва бошқа миллат вакиллари бор. Улар фақат толибларга ёрдам учун у ерда туришгани йўқ. Уларнинг асл мақсади, эртами-кечми, Марказий Осиёга қайтиш ва минтақа мамлакатлари тузумига қарши курашишдир. Ва агар тарқоқ гуруҳлар бу томонларга ўтса, табиийки, бу минтақа давлатлари хавфсизлигини савол остига қўйиши ва барқарорликни издан чиқариши мумкин, дейди мустақил таҳлилчи.

Искандаров фикрича, агар толибон жангарилари ва уларга хайрихоҳ кучлар Марказий Осиё ҳудудларига ўтсалар, шу йилнинг баҳор ва ёз ойларида Ўзбекистоннинг Хонободи ва Тожикистоннинг Тавилдарасида содир бўлган каби воқеалар яна такрорланиши мумкин.

Таҳлилчига кўра, Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Афғонистонга қўшни ён қўшни бўлган Тожикистон ҳукумати террорчиларнинг Афғонистондан ўз ҳудудига ўтиши олдини олиш учун жиддийроқ чоралар кўриши зарур.
XS
SM
MD
LG