Линклар

logo-print

Эркин микрофон - Андижон қирғини ҳақида гапирайлик


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

...деган хитоб билан Озодликка сим қоққан андижонликлардан бири¸ 2005 йилнинг 13 май куни ўзбек аскарининг ўз уйида чақалоқ туғилганини нишонлаб турган хонадонга кириб¸ 7 жонни отиб чиқиб кетганини даҳшат билан ҳикоя қилади.

Пенсионерлар ҳам пахтазорга...

Сирдарёнинг Боёвут туманидан Озодликка сим қоққан, 70 ёшли Эсон ота пенсия пули берилмаётганидан шикоят қилар экан, пахта мавсумида 60 ëшлик рафиқаси билан далага чиқиб бир–икки сўм пул ишлашни режалаштираётгани ҳақида гапирди.

Эсон ота: Негадир вақтида пенсияни ололмаяпмиз. Бу ойку майли¸ ҳали ўтган ойникини ололганимиз йўқ. Ҳамма жойда 20-25 фоизини бериб қўйган¸ у ëғи берилмайди. Ўқитувчилар¸ медицина ходимлари ҳам уч-тўрт ойдан бери олгани йўқ. Ҳаммаси шундай. Пенсионерлар яқинда Гулистонда ҳаттоки почта алоқа бўлимининг ойналаригача синдириб юборибди. Вақтида бермагандан кейин талон-тарож бўлганда. Пахтага чиқаëтганларга бераяпти пулни. Ë кексалар ҳам чиқсин деганми. Билмайман энди бу ëғи нима бўлади. Бизлар ҳам пахтага чиқишимиз керакмикан. Чунки пахтага кундаликни кунда бераяпти. 85 сўмдан нақд бераяпти.

Озодлик: Демак¸ сиз ҳам пахтага чиқишни режалаштириб қўйдингиз.

Эсон ота: Шундайми деб турибманда. Бу ëқдан умидни узсак¸ чиқишга тўғри келаяпти.

Озодлик: Ота¸ ëшингиз нечада?

Эсон ота: 70 га бораяпти.

Озодлик: Буви неча ëшдалар?

Эсон ота: У ҳам 60 га бораяпти.

Озодлик: Пахтага чиқсангиз¸ буви билан бирга чиқасизда.

Эсон ота: Ҳа. Бошқа иложимиз йўқ.

Озодлик: Буви билан бирга бир кунда неча кило пахта тера олишингиз мумкин?

Эсон ота: Чамалаганимиз¸ икковимиз 70-80 кило терсак керак дейман.

Озодлик: Бунга қанча ҳақ берилади?

Эсон ота: Ҳар ҳолда анча бўлади. 6800 сўмлар атрофида бўлади. Пули яхшику¸ соғлиқ қандай бўлади билмайман. Уч-тўрт кун терсак¸ ярим пулимиз дорига кетади¸ дейди Эсон ота.


Оч-наҳор пахтакорлар

Сурхондарёнинг Денов туманидан сим қоққан Суҳроб ака ҳам пахта мавзусини тилга олади. Суҳроб ака болаларнинг пахта теримига жалб қилинишига қарши эмас, бироқ болаларни далага олиб чиқишдан аввал ота-оналар олдидан бирров ўтиб қўйишса ёмон бўлмасди¸ дейди.

Суҳроб ака: Тўғри мактабдан олиб бориб¸ кийим-кечаги билан пахтага солиб юбораяпти. На озиқ-овқати бор¸ на бошқаси. Кечгача юради ҳамма ëғи йиртилиб. Ҳамма ëш бола ҳозир пахтада.

Озодлик: Нечанчи синфлар пахтада экан?

Суҳроб ака: Бу йил 3 синфдан 7 синфгача пахтага олиб чиқилиб¸ фермер хўжалигида пахта териб ëтишибди. Бу Сурхондарëда бўлаëтган гап.

Озодлик: Демак¸ болалар оч-наҳор пахтага чиқаяптими?

Суҳроб ака: Албатта. Уйига жавоб бериб¸ сумкаларини ташлатиб қилса бўлмайдими. Ҳаммамиз инсонмиз. Мол сотиб¸ бола-чақага кийим қилиб берамиз. Наҳотки шуни катталар тушунмайди.

Озодлик: Пахтага мактабдаги янги кийимлари билан олиб чиқмасин, демоқчисиз.

Суҳроб ака: Албатта. Рабочий кийим билан¸ овқатларини егандан кейин олиб чиқишнинг¸ чойларни ташкиллаштириб қўйишнинг иложи борку. Мана фермерлар қўша-қўша Нексия минаяпти. Кимнинг орқасидан минаяпти? Халқнинг орқасидан. Қорни тўқ бўлиб меҳнат қилса¸ биз қарши эмасмиз. Меҳнатдан ҳеч ким ўлмаган.

Озодлик: Сиз болаларнинг пахтага чиқишига қарши эмассиз-а?

- Чиқиб тераверсин. Меҳнатдан ҳеч ким ўлмаган. Қайтанга суяги қотади. Мактабдан келиб¸ овқатни еб¸ ота-онасининг рухсати билан¸ қайси фермер хўжалигига кетаëтганини айтиб кетса яхшику. Шундай вақтлар бўлганки¸ чиқиб болаларни қидирганмиз. Кимни қаерга олиб кетган ҳеч ким жавоб бера олмайди. Бугун бу ерда¸ эртага у ëқда. Албатта, хавотир оламиз¸ дейди Суҳроб ака.


"Очилди" дейилган чегара¸ очилмади

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Ашт туманида яшовчи Бахтиёр ака тожик-ўзбек чегарасидаги муаммоларга тўхталади.

- Ўзбекистонда Наманганнинг постидан ўтамиз. Ҳозир бир ойдан ҳам ошиб қолди чамамда¸ берк. Ҳайитда очадими деб борган эдик¸ очмади. Ўтказмаяпти. Қариндошлар ҳаммаси ўша ëқда. Мустақиллик ўтди¸ очадими десак¸ очилмади. Ҳайитда очармикан¸ бориб бир қариндошларни кўрайлик десак¸ бунда ҳам очмади. Билмадик энди¸ бориб-бориб бу ëғи ҳам бекилиб кетадими. Мен ҳайронман¸ нимага бекитади булар. Биз террорист бўлмасак¸ бомба олиб ўтмасак. Текшириб ўтказаверса бўлмайдими? Бутун дунëда шунақанги бир қоида борми ўзи? 25 километргача пограничний зона деркан. Шу амал қиладими? Ҳеч тушунмаяпмиз биз буни¸ дейди Бахтиëр ака.

Қирғизистондан Озодликка қўнғироқ қилган навбатдаги суҳбатдошимиз ҳам Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегараларида кўплаб муаммолар борлиги ва бундан оддий аҳоли азият чекаётгани ҳақида гапирди.

- Ўзбекистонда ҳам қариндош-уруғлари бордир. Нимага эди уларнинг ўртасидаги риштани узиш керак? Кирди-чиқдини йўлга солиб қўйиш керак. Туркманистонга йўлни тўсиб қўйган. Биз ҳам кириб-чиқиб турсак яхши бўларди. Ўзбекистон халқини қўрада турган қўйдай қийнашнинг нима кераги бор? Жириновский бекор айтмаган экан. Биз баранмасмиз¸ биз балиқдан ҳам баттар эканмиз. Ўзбекларнинг ғамини ейдиган тузукроқ одам шунча халқнинг ичидан чиқмайдими дейман. Озгина оғиз очилса¸ қамаб юбораверса¸ дейди қирғизистонлик суҳбатдошимиз.


Андижон ҳақиқати ҳали кўмилиб ëтибди....

Андижонлик бир тингловчимиз 2005 йилги Андижон фожеаларини хотирлар экан, кўп нарсалар ошкор бўлмасдан қолганини айтади.

- Ўлиб кетган аҳолини жуда оз миқдорда айтган. 7000-8000 аҳоли ўлиб кетди. Кечаси бировга бир оғиз айтмасдан МХХ ва милицияда ишлайдиганларни олиб кетиб¸ шаҳардан ўликларни йиғиб¸ адирга олиб бориб кўмишди. Буни Андижон халқидан бошқа ҳеч ким билгани йўқ. Буларни гапириш керак радиода.

Ҳозир мен сизга бир шароитни айтиб бераман. Бизнинг оғайнимизнинг акаси ўзининг уйида фарзанд кўргани учун ошна-оғайнисини чақирган. Ўша уруш бўлган кечаси бўлган бу. Ошни дамлаб қўйиб¸ кутиб чақчақлашиб ўтирган ерида отишма бўлган. Қизиқишда энди. Инсон нима бўлди экан деб қизиқадику. Шу пайт ташқарида турган солдат кўриб қолиб¸ дарвозадан ичкарига кириб¸ отиб чиқиб кетган. Битта уйда ҳеч қандай айбсиз етти киши ўлган. Бунга нима дейсиз? Бу нарсаларни ҳеч ким айтгани йўқ¸ дейди Андижондан сим қоқиб¸ Искандарнинг шохи борлигини айтган суҳбатдошимиз.


Президент жойни бўшатсин!

Навбатдаги суҳбатдошимиз эса Ўзбекистонда ишга жойлашиш тизими бутунлай коррупция ботқоғига ботиб кетгани ҳақида кўйинади.

- Менинг ҳам қўлимда дипломим бор. Армияни ҳам тугатганман. Иш йўқда. Ўзбекистонда бирор бир ишга кираман десангиз¸ пул ташлашингиз керак. Daewooга кираман десангиз 2000 доллар ташлашингиз керак. Военнийга¸ милицияга топшираман десангиз¸ олдиндан пулингизни олиб қўяди. 1000-2000 доллар топширасиз¸ приказдан ўтсангиз¸ кирасиз. Беш-олти ой¸ бир йиллаб приказ кутасиз. Керак бўлса беш йиллаб кутаëтган болалар бор. Ҳамма ëқ шунга келиб тақалаяптида. Кўкидан¸ кўкидан¸ кўкидан¸ дейди бу суҳбатдошимиз.

10 йилдан буён Россияда ишлаётган Турсунбой ўзбек халқи бошига тушаётган бу кўргуликларда мамлакат раҳбарини айблайди.

- Биз ўзимизнинг президентимиз ҳақида гапирмоқчи эдик. Президентни ëмонлашнинг кераги йўқ. Президент ўзи қариган. Жойни бўшатсин. Сени деб ватаним¸ чиқиб кетди кўтаним. Алмаштирсин ўзининг жойини¸ биз қайтиб борайлик юртимизга. Ваҳҳобистлар ҳақида кечагина гапирди. Бу ваҳҳобистлар эмас.

Мен Қаршида 32-муассасада ўтириб чиққанман. Мен у ердагиларнинг 80 фоизини ваҳҳобист деб билмайман. Ҳаммаси яхши инсонлар. Ҳаммаси президент жойини ўзгартиришини хоҳлайди. Ëшларга берсин. Мен ўзим Тошкент вилояти¸ Қуйи Чирчиқ районида тураман. Ҳаттоки муаллимлар Омскка келибди. “Нега сизлар бу ëққа келдингизлар?” десам¸ “Уже муаллимларга ҳам неча йилдан бери ойлик йўқ” дейди. Бизда қийин¸ дейди. Фақат миршаблар ва президент ойликни олиб юрганлар. Бошқа ҳеч ким ойликни ололмайди.

Саккиз миллиондан ошиқ чиқиб кетаяпти. Агар президент жойини бўшатса¸ ҳеч қайсиси чиқиб кетмайди. Мен уйланганман¸ бола-чақам бор. Менинг охирги тўрт яшар ўғлим мен уйга кириб борсам¸ мени танимайди. Менга “Ким экан бу” деб қарайди. Менга ëқадими шу? Менга ëқмайди. Оиламнинг олдида юришни¸ ватанимда ишлашни хоҳлайман¸ дейди Турсунбой.

*****************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

**********************************************

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.
XS
SM
MD
LG