Линклар

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўтган ҳафта Европа иттифоқи вакиллари билан учрашувдан кейин “Ғарбда исломофобия, Осиё ва мусулмон давлатларига нисбатан хато фикрлар кенг тарқалган. Биз ана шуларга қарши курашмоғимиз керак”¸ деган мазмунида баёнот қилди.

Бу баëнотни Озодликнинг ўша кунги янгиликларини ҳозирлаëтиб кўриб қолдим ва рости гап, ўзимни “Э, қойил!”, дейишдан тия олмадим.

Насроний Европада мусулмонларга нисбатан (мусулмон Шарқда насронийларга нисбатан бўлгани каби), асосан маиший даражада, хато ва номақбул муносабатнинг борлиги ҳақ гап.

Лекин одамни қойил қолдиргани Норовнинг ҳамма билган бу ҳақиқатни тилга олгани эмас.

Ўзбекистонда минглаб мусулмон эътиқоди учун қамоққа ташлангани, ҳар йили улардан беш-ўнтаси қийноқларга чидолмай жон таслим қилаётгани, бугун мўъмин ўзбек оилаларининг қизлари ҳижоб ўрагани учун мактаб ва олий ўқув юртларидан бадарға қилинаётгани, кўчада соқол қўйган ҳар бир киши мелисанинг кўзида потенциал “экстремист ва террорчи” экани ҳам шундай ҳақ гапку!

Одамни қойил қолдирган нарса Норовнинг айни шу ҳақиқатдан жуда яхши хабардор бўла туриб, насроний қадриятлари устига қурилган Ғарб жамиятини исломофобияда айблай кетгани бўлди.

Инсон ҳуқуқлари ва демократияни ўз устувор қадриятлари, деб билган Европа бу қадриятларни назарга илмайдиган давлатлар билан муносабат қилганда уларни¸ одатда¸ танқид қилади ва бу танқидлар кўпинча “инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилаш” ёки “сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш” чақирувларига уланади.

Бу танқидлар самимийдир, зотан демократик Европа учун бир давлат билан ҳамкорлик унинг ҳукумати билангина эмас, унинг халқи билан ҳам ҳамкорликни ангатади ва халқнинг ҳақлари назар-писанд қилинмаётганига¸ ҳеч бўлмаганда¸ танқидий муносабат билдириш Европа учун, ҳеч бўлмаганда¸ жамоатчилик фикри нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир.

Бу танқидлар европаликларнинг “мамлакатимиз ютуқларини кўра олмаётганликларидан” эмас (бу ерларга бир марта келган одам уларнинг “бизнинг ютуқларимизга” ҳасад қилишига ҳожат йўқлигига ўзи амин бўлади), шунчаки уларга шерик бўлган мамлакатларда инсонларнинг ҳақсиз қолаётганига инсоний бир ачинишдандир.

Ўзбекистон Европа иттифоқининг шундай шериклари сафига кирсада¸ вазир Норов Брюсселдаги аввалги учрашувларда ҳам бундай "дежурний" танқидларга кескин оҳангда жавоб берган эди. Лекин авваллари Норов танқидларни “Бизга ақл ўргатманг!” қабилида қайтарган бўлса, бу сафар у биринчи бўлиб ҳужумга ўтди. Ҳужум ҳам туфлиси билан Ғарбга ўдағайлаган Хрушчевчасига бўлди: “Аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ!”

Балким Норов Европанинг нуфузли мулозими Хавьер Солана томонидан қучоқ очиб кутиб олиниб, у билан тушликни баҳам кўрганидан кейин янграган танқиддан энсаси қотган ва унинг мезбонларга қарата “Ўзингни бил” қабилидаги баёноти¸ балки¸ баъзи сиёсатчиларни “қойил қолдиргандир” ҳам. Лекин Германия ва Белгияда узоқ вақт элчи бўлиб ишлаган ва Европа жамияти одатларига кўзи ва қулоғи ўрганган жаноб Норовга¸ бундай жирракилик¸ йўқ деганда ярашмади. Танқидга бу тахлит ҳужум билан жавоб қайтариш 21 аср эмас, ўтган аср дипломатиясига хос эканини бугун у киши фахрий етакчи бўлган Тошкент дипломатия университети талабаси ҳам яхши билса керак...

“Ўзингни бил”га келсак, Норов писанда қилган карикатуралар воқеаси ёки исломофобияга йўйилиши мумкин бўлган бошқа ҳодисаларга мусулмонларнинг ўз норозилигини билдишига ҳеч ким тўсқинлик қилмайди. Бундай норозиликларда мусулмонлар ҳиссиётларининг ҳақоратланишига қарши бўлган насронийларнинг қатнашиши ҳам одатий ҳол эканини айтиш жоиз. Қолаверса, бу муаммолар парламент ва ҳукуматлар ичида муҳокама қилинади, уларга муносабат билдирилади. Исломофоб ҳолланд сиёсатчисининг Британияга киритилмагани бунга бир мисолдир. Жаноб Норовнинг бу гаплардан ҳам хабари бўлиши керак.

Ҳижоб кийган қизларнинг ўқув юртларига қўйилмаётгани ёки суннат, деб соқол қўйганларнинг соқоли мажбуран қиртишлаб қўйилаётгани Олий Мажлисда муҳокама қилинганини эшитганмисиз?

Норовнинг Европада исломофобияга қарши кураш “чақирувлари” Европа иттифоқининг Ўзбекистон расмийларини мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва фундаментал эркинликларга оид вазиятни яхшилаш сўровларига жавобан айтилди. Қизиқ¸ нега энди Норов исломофобияга қарши фақат Ғарб жамияти курашмоғи лозим¸ деб ўйлаëтган экан?

Вазир жаноблари баланд халқаро минбардан туриб Исломни ҳимоя қилиш орқали қамоқдаги “ҳизбчи” ўғлининг ўлигини олган ўзбек онасини қойил қолдирмоқчи, ёки қамоқларда қолаётган минглаб ўзбек мусулмонларида фахр ҳисси уйғотмоқчи бўлгандир¸ десак¸ Норов ҳужумидан на бу оналар ва на қамоқдаги ҳизбчи-ваҳобийларнинг хабари бор!

Ёки исломофобияга қарши кураш чақируви билан Ўзбекистонда ҳеч тортинмасдан исломофобияга йўйиш мумкин бўлган ҳукумат сиёсатига қарши курашга чақирдимикин¸ жаноб Норов?

Нима бўлганда ҳам¸ Сизга яна бир бор қойил¸ Владимир Имамович!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG