Линклар

Террорчиликми ëхуд зулмга қарши исëн?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон ҳукуматига кўра¸ Андижондаги қирғин қуролли террорчилар ва уларнинг хориждаги ҳомийлари уюштирган иш.

Ўзбекистон ҳукуматига кўра¸ Андижондаги қирғин қуролли террорчилар ва уларнинг хориждаги ҳомийлари уюштирган иш.

Ўзбекистонда террорчиликни молия билан таъминлаш йўлларини бекитувчи қонун¸ янада кескинлаштирилди. Ҳукуматни мавжуд қонунга ўзгартиш киритишга ундаган омиллар ҳақда¸ кузатувчилар қарама-қарши фикр билдирмоқдалар.

Ўзбекистонда “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилди - Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати қонунга киритилган янги ўзгартишларни 28 август куни тасдиқлади.

Бу қонунга қандай ўзгартишлар киритилди, у қандай такомиллаштирилди, нима сабабдан ўзгартириш киритилди? Бу каби саволларга Қонундаги ўзгартишларни қабул қилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади. Фақат Олий Мажлис сайтидан мана бу хабарни топдик¸ холос.

“Киритилган ўзгартиш ва ва қўшимчалар пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан шубҳали молиявий операцияларни амалга оширадиган ташкилотларнинг шубҳали молиявий операцияларини ўз вақтида аниқлаш механизмини такомиллаштиришга, жиноий йўл билан топилган пулларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизимига жалб этилган ташкилотларда ички идоравий назоратнинг самарадорлигини кучайтиришга ёрдам беради”.

Бундай узоқ изоҳни ўқиб¸ Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда содир бўлиши мумкин эҳтимолий террорчилик ҳаракатлари молиявий томирини қирқишга аҳд қилди¸ деган содда хулосага келиш мумкин.

АҚШда яшаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Абдуманноб Пўлатов фикрича, агар Ўзбекистон терроризмни молиялаштиришга қарши курашни кучайтираётган бўлса¸ бундан ажабланмаслик керак. Зеро¸ сўнгги саккиз йил давомида қонун ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган бошқа мамлакатларда ҳам худди шу йўналишда иш олиб борилмоқда.

- Бу ерда жиддий кураш кетаяпти. Ўзбекистондаги оғир иқтисодий аҳволга¸ ишсизликнинг юқори даражада эканлигига¸ иши бор бўлганларнинг ҳам ҳаëти оғир эканлигига асосий жавобгарлардан бири бўлган Ўзбекистон ҳукумати ўзига қарши курашаëтган кучлар билан курашишда мана шундай қадамлар қўяяпти. Зулмга қарши исëн кўтарувчилар ҳам бор. Қўлига қурол олиб¸ ҳар йили бир қанча воқеалар бўлиб туради. Мана яқинда Тошкентда бўлган бир неча суиқасдлар¸ Андижонда бўлиб ўтган воқеалар ва ҳоказо. Бундай воқеалар ҳар доим ҳам бўлиб турибди. Менимча¸ бу нарсаларни Ўзбекистон ҳукумати уюштирган фитна деб эълон қилиш учун ҳеч бир асос йўқ. Баъзилар¸ Ўзбекистон ҳукумати кўпиртириб айтаëтган жиноятларни катта қилиб кўрсатаëтган бўлиши мумкин¸ лекин кўпчилиги амалда бўлганлигига ишонса бўлади¸ дейди Абдуманноб Пўлатов.

1999 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ўндан ортиқ портлашлар содир этилди. Ўзбекистон ҳукумати бу ҳужум террорчилар ва уларнинг хориждаги ҳомийлари иши эканини таъкидлаб келади.

Жумладан¸ 2005 йил 13 май куни Андижонда юз берган қонли воқеалар учун айбдор деб топилган “акромийлар” устидан ўтказилган суд мажлисида уларнинг хориждан сармоя олганлиги айтилган эди. Хусусан¸ мазкур судда гувоҳлик берган айбланувчи Нурилло Абдуллаев, Андижон воқеаларини уюштириш учун Россиянинг Иваново шаҳридан 200 минг доллар олиб келинганини айтган эди.

Бундай иқрорга муносабат билдира туриб сиёсатшунос Абдуманноб Пўлатов, Ўзбекистонда қийноқлар воситасида маҳбуслардан исталган кўрсатмани олиш мумкинлиги боис¸ террорчилар ва уларнинг хориждаги ҳомийлари ҳақдаги бу каби кўрсатмалар қимматига шубҳа билан қарашини айатди.

- Биринчидан¸ Ўзбекистонда қамоқхонада бўлган одамларнинг бераëтган кўрсатмалари¸ ўзининг айбига иқрор бўлишларига жуда ишониб кетавериш керак эмас. Маълумки¸ қаттиқ босим бўлади ва кўпинча ўзлари учун керак бўлган кўрсатмаларни олиш учун одамларни қийноқларга солишади. Лекин Андижонда бўлиб ўтган воқеани¸ мана тўрт ярим йил бўлаяпти¸ атрофлича ўрганадиган бўлсак¸ мана шундай кенг кўламдаги ҳаракатлар¸ 2005 йил 12 майдан 13 майга ўтар кечаси миршабларга ҳужум¸ ҳарбий қисмга ҳужум¸ қамоқхонага ҳужум¸ шаҳар марказининг ишғол қилиниши¸ ҳокимият идорасининг олиниши¸ ИИБ вилоят бўлимига ҳужум¸ МХХ нинг вилоят бўлимига ҳужумларни ҳисобга олсак¸ Ўзбекистон ичкарисидан ëки ташқаридан бўладиган моддий ëрдамсиз ва катта тайëргарликсиз умуман ҳеч қачон бундай кенг даражада амалга ошмайди.

Иккинчидан¸ Ўзбекистон ҳукумати ҳам бундай катта фитнани амалга оширишдан ҳеч қанақа манфаати йўқ. Чунки бошқа қўшни шаҳарларда ҳам тинч намойишлар билан уларни қўллаб-қувватлаш ва кичкина ҳаракатлар бошланса¸ бундай қўзғолоннинг бостирилиши жуда ҳам қийин бўларди. Шулардан келиб чиқиб ростдан ҳам Ўзбекистон ҳукуматига қарши бўлган кучларда ҳукуматга қарши бўлган исëнни қурол билан таъминлаш¸ молия билан таъминлаш¸ тайëргарлик кўриш бор эканлигини тан олиш керак. Бу демак¸ зулмга қарши исëн¸ дейди Абдуманноб Пўлатов.

Бироқ Андижон воқеаларида иштирок этган, ҳозир қочқинликда яшаётган “Андижон - Адолат ва Тикланиш” ташкилоти раиси Нурилло Мақсудовнинг айтишича, уларга қўйилган бу айблов, яъни хориждан маблағ билан таъминланиш айби, ҳукумат томонидан тўқиб чиқарилган.

- Бизда унақа нарса умуман бўлмаган. Ҳеч қанақа унақа нарса бўлмаган. Биз топган маблағимизнинг ҳисобини доимо берар эдик налог идораларига. Бизнинг ишхонамизнинг ҳаммаси маълум. Қанақа қилиб ишлаëтганимизни ҳамма билади. Қандай пул топамиз¸ нимага сарф қиламиз¸ ҳаммасини очиқ қилардик. Бизда ҳеч қанақа яширадиган нарса йўқ эди. Биз давлат билан ниҳоятда боғланган ҳолатда ишлаганмиз. Банклар билан бирга ишлаганмиз. Солиқ идораларининг почëтний доскасининг намунали налог тўловчилар деган жойида бизнинг корхонанинг расми доим осиғлиқ турарди. Бизда нотўғри¸ ножўя иш деган нарсанинг ўзи бўлмаган. Ҳатто бунақа фикрнинг ўзи бўлмаган. Бизда иш покиза бўлган. Бировга пора бермай¸ бировдан пора олмай бўлган. Ëрдам берсак ҳам холис ëрдам беришлик йўлларини ушлаганмиз биз. Бизда қанақадир кучлар билан бирлашиш¸ уларга қандайдир маблағ бериш ëки улардан маблағ олиш деган нарса бўлмаган. Биз ҳеч кимдан маблағ олмаганмиз. Улар қанақадир гаплар гапирган бўлса¸ уларнинг қандай гапиртирилиши аниқ. Ҳаммага аëн бу. Бу нарсалар ниҳоятда нотўғри. Бу туҳмат¸ дейди Нурилло Мақсудов.

Ўзбекистон ҳукумати 2002 йилда АҚШ билан стратегик шериклик ҳақидаги шартномани имзолагандан сўнг, терроризмга қарши фаол курашчига айланди.

Бироқ, кузатувчилар фикрича, терроризм ва диний экстремизмга қарши бу кураш ниқоби остида Ўзбекистон қамоқхоналарига минглаб бегуноҳ мусулмонлар ташланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG