Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:19

Каримов нега Ғарбга саëҳатни ëқтирмайди?


Ўз қозоқ ҳамкасбидан фарқли Ислом Каримов¸ аксар Ғарб пойтахтларига ҳозирга қадар бир марталик сафар билан чекланмоқда.
Ўз қозоқ ҳамкасбидан фарқли Ислом Каримов¸ аксар Ғарб пойтахтларига ҳозирга қадар бир марталик сафар билан чекланмоқда.

Дунëнинг 120 дан ошиқ давлати раҳбари иштирокида ўтаётган БМТ Бош ассамблеясининг жорий йиғинида Ўзбекистон президенти иштирок этмаëтир. Бундан эса¸ Каримовнинг бу каби олиймақом йиғинлардан нега кўпдан оëғи тортилиб қолди¸ деган савол туғилмоқда.

Президент Каримов сўнгги бор БМТ Бош ассамблеяси минбаридан туриб халқаро жамоатчиликка мурожаат қилганида¸ унинг гапларида бугунги кун нуқтаи-назаридан ҳам анча долзарб ва мантиқли ғоялар бўлганини инкор қилиб бўлмайди.

Афғонистондаги террорчиларнинг нафақат Марказий Осиё, балки бир кун келиб бутун дунё учун муаммога айланишини қайта-қайта таъкидлаган Каримов 11 сентябр воқеаларини башорат қилгандай эди.

Ўзбекистон матбуоти Каримовнинг халқаро террорчиликка қарши кураш бўйича илгари сурган фикрлари етарлича эътирборга олинмаганини ҳамон гоҳ-гоҳида эслатиб туради. Каримовнинг БМТ Бош ассамблеяси анжуманларига қизиқиши йўқолганини шу каби ўзига хос араз билан изоҳлаш мумкиндир. Аммо 2000 йилдан буён Ўзбекистон раҳбарининг умуман Ғарб давлатларига сафарларни қисқартиргани ҳам инобатга олинса, бунинг ўзгача сабаблари ҳам ўртага чиқади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги тўққиз йил давомида Каримов АҚШ, Германия, Словения, Литва, Латвия, Полша ва НАТО нинг алоҳида таклифига биноан Руминияга сафар қилиш билан чекланган. Марказий Осиё бўйича таҳлилчи, Санобар Шерматова Каримов сафарларининг асосий қисми Ўзбекистон мустақиллигининг биринчи 10 йилига тўғри келганини табиий жараëн деб айтади.

- Ўзбекистон эндигина мустақил давлатга айланиб, дунё давлатлари билан алоқаларни ўрната бошлади ва дунёни кўрди. Совет иттифоқи қулаганидан сўнг Ғарб давлатлари билан алоқаларни ўрнатиш учун ҳеч қандай ғоявий тўсиқлар қолмади¸ дейди Шерматова.

Аммо аста-секин Ғарб билан алоқаларни яхшилаш йўлидаги ғоявий тўсиқларни Каримовнинг ўзи пайдо қилди¸ дейиш мумкин. Ғарб давлатларига сафар қилишни ўзининг энг севимли юмушига айлантирган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан солиштирганда бу борадаги Каримовнинг имкониятлари анча чекланиб қолди, дейди Қозоғистоннинг Хитойдаги собиқ элчиси Мурод Авезов.

- У ёки бу президент ташрифининг хуш кўрилиши унинг қайси давлатга сафар қилаётганига боғлиқдир. Инсон ҳуқуқлари, демократия, фуқаролик эркинлиги ғоялари амалда кучли ҳаётга тадбиқ этилган давлатлар минтақамиз етакчиларинининг келишини унча хуш кўрмайдилар. Айниқса¸ гапи қилаётган ишига тескари бўлаётган Каримовнинг Назарбоевга қараганда имкониятлари анча чекланган¸ дейди Мурод Авезов.

Агар яна Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига мурожаат қилсак, улардан презедент Каримовнинг аксар Ғарб давлатларига бир марталик ташриф билан чеклангани кўрилади. Бундан АҚШ, Германия ва айрим Европа давлатларигина мустасно. Бироқ президент Назарбоевнинг ўз президентлиги даврида аксар Ғарб давлатларига қайта-қайта боргани кузатилади. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Илёс Умаров¸ Назарбоевнинг бугунги ташрифлари¸ айниқса ўзгача аҳамият касб этаётганини айтади.

- Мен сизга тўғрисини айтаман. Илгари ёш давлат сифатида президентимизнинг сафарлари протокол доирасидаги танишув характерига эга бўлган бўлса, ҳозир бу ташрифлар анча салмоқли аҳамият касб этмоқда. Бундай ташрифлар ҳозирда иқтисодий ва барча соҳадаги ҳамкорликни қамраб олувчи икки томонлама ҳужжатларнинг имзоланиши билан якун топмоқда¸ дейди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги мулозими.

Назарбоевдан фарқли президент Каримов аксар Ғарб давлатларига¸ президент ва ҳукуматлар алмашган бўлсада¸ бир марталик сафар билан чекланмоқда.

Собиқ дипломат Алишер Таксанов бу каби мисолларни Ўзбекистон билан жиддий алоқа қилишга Ғарбда иштиёқ йўқлиги билан тушунтиради.

- Каримов ўз сафарларини мақсадга мувофиқ¸ деб ҳисобламай қўйган. У қаерга бормасин турли дастурларни, сармоя лойиҳаларини таклиф этади. Лекин аслида Ўзбекистондаги сармоя муҳити ҳақида яхши хабардор Ғарб давлатлари оғзи куйиб қолишни истамайдилар. Улар Каримовнинг авторитар раҳбар эканини яхши тушунган ҳолда унинг ташаббусларини жавобсиз қолдиради¸ дейди Алишер Таксанов.

Президент Каримовнинг нима боис узоқ хориж сафарларини хуш кўрмаслиги мамлакатдаги ички вазият ва Каримовнинг қўрқуви билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳам алоҳида тилга олинади. Жорий йил май ойида унинг Испания ва Бразилияга сафари арафасида Андижон ва Хонободда жангариларнинг қуролли ҳужумлари содир бўлган эди. Қозоғистоннинг собиқ Бош вазир ўринбосари Балташ Турсимбоев шу ўринда ўзининг Каримов билан бўлган суҳбатларидан бирини эслайди.

- Каримов эндигина президент бўлган вақтда биз Чимкентда учрашдик. Мен ундан "Нега бу учрашувга бутун ҳукумат аъзолари билан келдингиз?" деб сўрадим. У бир оз жилмайди-да, кейин бирдан жаҳл билан "Мен бу одамларга ишонмаганим учун уларни ташлаб келолмадим", деб жавоб қайтарди. Назаримда¸ у ҳозиргача ўз атрофидагиларига ишонишга ўрганмаган¸ дейди собиқ Бош вазир ўринбосари Балташ Турсимбетов.

2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг, Ғарб давлатлари томонидан қораланган президент Каримов АҚШ ва Европа Иттифоқи билан алоқаларни чеклаган эди. Бироқ бугунга келиб бу алоқаларнинг қайта тикланиши “Энди¸ керак бўлса¸ ўзинг кел” усулида бормоқда, дейди Алишер Таксанов. Аммо бу ҳам унинг фикрича, узоқни кўзламаган бир ташқи сиёсатга ўхшаб кетмоқда.

- Сизга Афғонистон муаммосининг ечими керакми? Истасангиз ҳам¸ истамасангиз ҳам ёнимга ўзингиз келасиз, деб ўйлаяпти Каримов. Лекин Америка биздан ҳамон олисда ва истаган вақтда армиясини йиғиштириб Афғонистондан чиқиб кетади. Ўшанда Каримов президент бўлмаслиги ҳам мумкин¸ лекин Ғарб билан нормал муносабатларни ўрната олмаган Ўзбекистон жорий муаммолар қаршисида қолаверади¸ дейди собиқ дипломат.
XS
SM
MD
LG