Линклар

Теҳрон ён бергандай


Маҳмуд Аҳмадинажоднинг эронлик олимларни америкалик экспертлар билан учрашишига рухсат бериши мутахассислар томонидан бироз шубҳа билан бўлса-да, яхши қаршиланмоқда.

Маҳмуд Аҳмадинажоднинг эронлик олимларни америкалик экспертлар билан учрашишига рухсат бериши мутахассислар томонидан бироз шубҳа билан бўлса-да, яхши қаршиланмоқда.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинажод ўз давлати ядровий соҳаси олимларининг чет давлатлар, жумладан, америкалик экспертлар билан учрашишига рухсат бериши мумкин.

Бу ҳақда Эрон раҳбари "Вашингтон пост" газетаси мухбири билан суҳбатда таъкидлади.

Теҳроннинг ушбу қадами америкалик мутахассислар тарафидан бироз шубҳа билан бўлса-да, хуш қаршиланди.

- Менинг назаримда, Аҳмадинажод ҳам мамлакати ичкарисида ҳам халқаро майдонда кучли босим остида қолган ва бундай ён босиш билан у босимлардан қутулишни кўзлаган кўринади. Бу таклиф қаерга элтади - билмайману, лекин у эшикни озгина очиб қўйди, дейди Вашингтондаги ядровий қурол тарқалиши олдини олиш бўйича гуруҳ президенти Жозэф Сиринсион.

Ўтган уч йил мобайнида Қўшма Штатлар ва жаҳоннинг яна беш қудратли давлати Теҳронни чет эллик экспертларнинг Эрон ядровий иншоотларини кўздан кечириш ва ушбу давлат ядровий соҳаси мутахассислари билан учрашувга рухсат беришга кўндира олмади.

Жозэф Сиринсион фикрича, узоқ йиллар давомида қудратли давлатларнинг бу борадаги талабларига кўнмай келган Эроннинг кутилмаганда ўз ядровий соҳаси олимлари билан учрашишга рухсат бериши бу яхши хабардир.

Эрон раҳбарининг бу таклифи ядровий дастури шаффофлигини таъминлашни истамаётган Теҳронга қарши янги санкциялар жорий этиш масаласи кун тартибига чиққан бир пайтда илгари сурилди.

АҚШ президенти Барак Обама Ню Йоркда россиялик ҳамкасби Дмитрий Медведев билан учрашув чоғида, агар Эрон уранни тўйинтириш ишларидан қайтмаса, Теҳронга қарши қаттиқроқ жазо чоралари қўлланиши ҳақида гапирган.

Ўз навбатида, Москва раҳбари санкциялар камдан-кам ҳолатларда натижа бериши, лекин айрим ҳолларда санкциялар қўллаш муқаррар эканини қайд этган эди.

Шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган беш давлат ҳамда Германия ташқи ишлар вазирлари Эроннинг ядровий дастурига оид музокаралар давомида Теҳрон ҳукуматидан "жиддий мужда" кутаётганликларини билдиришди.

Президент Аҳмадинажод 1 октябр куни Женевада бўладиган бу учрашувга Эрон делегацияси янги таклиф билан боришини айтган.

Эрон раҳбари, шунингдек, тиббий мақсадлар учун Қўшма Штатлардан бойитилган уран сотиб олиш таклифини ҳам илгари сурмоқда.

- Сотиб олмоқчи бўлаётганимиз бу ядровий материал бизга тиббий мақсадлар учун керак. Бу гуманитар масаладир, деди Маҳмуд Аҳмадинажод "Вашингтон пост" мухбири билан суҳбатда.

Газетанинг ёзишича, шоҳ даврида Эроннинг тиббий реактори Америка урани билан таъминланган. Эрондаги 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин уран бу давлатга Аргентина тарафидан етказиб турилган. 1980 йилдан кейин эса Аргентина уран етказишни тўхтатган.

Бугунги кунда Эрон беш фоизгача бойитилган уран ишлаб чиқаришга қодир. Тиббий мақсадлар учун 20 фоизгача бойитилган уран зарур. Ядровий қуроллар ишлаб чиқиш учун эса 90 фоизгача бойитилган уран керак бўлади.

Америкалик эксперт Жозэф Сиринсион фикрича, Эроннинг бу таклифи жуда айёрона таклифдир, буни ортида "шантаж" яширинган бўлиши ҳам мумкин.

- Вашингтон Эроннинг бу таклифини рад этиши мумкин, сабаби Теҳрон бундай уранни ядровий қурол ясашга тўғри келадиган даражада осонликча бойита олади. Бу таклифга Эрон Америкадан рад жавоби олгач, уранни ўзи бойитишдан бошқа чораси қолмаганини айтиб, тарғибот кампаниясини бошлаб юборади. Агар Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб мамлакати Эронга уранни сотадиган бўлса, бу Эронга нисбатан БМТ санкцияларининг бекор қилиниши билан баробардир, дейди Жозэф Сиринсион.

"Вашингтон пост" мухбири билан бир соатлик суҳбат давомида Эрон раҳбари яна бир ўз давлати ядровий қурол ишлаб чиқариш нияти йўқлигини ва Қўшма Штатлар билан муносабатлар Обама президентлиги даврида ўзгаришига умид билдирган.

Шунингдек, Аҳмадинажод Теҳрон Афғонистондаги коалиция кучларига ёрдам бериши мумкинлигига ҳам ишора қилган.
XS
SM
MD
LG