Линклар

logo-print

Ёр-ёр ўрнига йиғи-йўқлов


Тожикистонга Россиядан келган тобутлар яна биттага кўпайди.

Тожикистонга Россиядан келган тобутлар яна биттага кўпайди.

24 сентябр куни Тожикистоннинг Сўғд вилояти Жаббор Расулов туманига қарашли Қўрғонча қишлоғига Россияда миллатчилар қўлидан ўлган 21 ёшли Ғофиржон Олимов жасади солинган темир тобут келтирилди.

Яқинларининг айтишларича, марҳум Ғофиржон Россиянинг Москва вилоятидаги Марфино шаҳарчасида мардикорлик қилган.

- Тожикистондан борган мардикорлар маҳаллий руслар билан футбол ўйнаганлар. Мусобақада ўзбеклар 5:0 ҳисобида ғолиб чиқишган. Шунда болаларимиз хурсандлигидан бир-бирини қучоқлаб, қийқириб табриклаган. Билмадим, бу русларга ёқмаган, алам қилган шекилли. Шунда улар тожикистонликларга ёпирилишган. Ур-йиқит пайтида кимдир Ғофиржоннинг бошига темир бўлак билан урган. Бечора бола жойида жон таслим қилган. Ўлигини олиб келишди, уйида қиёмат бўлиб кетди, дейди қўрғончалик аёл.

Марҳумнинг қариндоши Кимсанбойнинг айтишича, Ғофиржон ноябр ойида уйга қайтиб келиб, уйланиши керак эди.

- Жиянимизни олиб келинган куннинг ўзида, соат 10 да дафн қилдик. Ота-онаси тўйга тайёргарлик кўраётган эди. Ҳамма Ғофиржоннинг келишини кутаётган эди. Буни қаранг - тўй ўрнига аза бўлиб ўтирибди, дейди Кимсанбой.

Унинг айтишича, бугунги кунда Қўрғончадан мингдан ортиқ эркак-аёл Россияга мардикорликка кетган. Ҳар йили Россиядан икки-уч қўрғончаликнинг ўлиги келмоқда.

Журналист Алижон Йўлдошев фикрича, токи Тожикистонда оила тебратишга етарли миқдорда маош тўлайдиган корхоналар ишга тушмас экан, бундай фожеалар такрорланаверади.

- Ростини айтганда, бугунги кунда Қўрғонча у ёқда турсин, Жаббор Расулов туманида ҳам аҳолини иш билан таъминловчи бирорта дуруст корхона ишламайди. Ёшлар учун маданий-маърифий муассасалар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Чунки бундай муассасанинг ўзи йўқ. Республика раҳбарлари давлатни, ўз оилаларини боқаётган фуқаролари ҳақида умуман қайғурмайди. Республикада корхоналар бор, лекин у ерда тўланаётган ойлик рўзғор тебратишга етмайди. Бу ҳақда кўп гапирилаяпти, бироқ аҳоли турмуши ўнгланмаяпти, дейди Алижон Йўлдошев.

Кузатувчиларнинг айтишларича, марказий осиёлик мардикорлар ҳуқуқларининг Россияда ҳимоя қилинмаслиги ва улар тақдирнинг ҳукмига ташлаб қўйилганлиги ана шундай аянчли оқибатларга олиб келмоқда.

Бу каби мудҳиш воқеаларга муносабат билдирилганда, кўпинча бунга Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндошаётгани сабаб бўлаётгани ҳақида айтилади. Бироқ Хўжанд шаҳридаги “Нигоҳ” жамоатчилик ташкилоти вакили Вали Қобилзода фикрича, Тожикистон ҳукумати бунда ҳадеб Россияни айблайвермай, ўз фуқароларини иш билан таъминлашни ташкил этиши керак.

- Россияда ксенофобия мавжуд, буни инкор қилиб бўлмайди. У ерда тақирбошлар қўлидан ҳар йили ўнлаб тожикистонликлар ҳалок бўлаётганлиги ташвишланарли ҳол. Бироқ тожик расмийлари ва журналистлари баралла айтаётгандай, ҳалок бўлаётган тожикистонликлар сони юзлаб эмас, такрор айтаман, ўнлаб кишини ташкил этади. Назаримда, тожик расмийлари нола таъналарни бир четга қўйиб, биринчи навбатда, ўз фуқароларига ватанида шарт-шароит яратишни ўйлашлари керак, дейди Вали Қобилзода.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг саккиз ойи давомида биргина Сўғд вилоятига Россияда вафот этган 140 дан ортиқ тожикистонликнинг тобути олиб келинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG