Линклар

"Аёлларни жиннихонага, эркакларни мелисахонага"

  • Барно Анвар

Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасидаги чегараолди ҳудудларида ҳам ўзбек расмийлари буйруғига биноан ўзбек-қирғиз чегарасининг бошқа жойларида бўлгани каби хандақ қазиш авжида.

Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасидаги чегараолди ҳудудларида ҳам ўзбек расмийлари буйруғига биноан ўзбек-қирғиз чегарасининг бошқа жойларида бўлгани каби хандақ қазиш авжида.

“Тингловчи минбари” рукнининг бу галги сонида Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги бир воқеа юзасидан бизга боғланган муштарий мурожаатини ўрганишга ҳаракат қилдик.

Ўз исми-шарифи сир сақланишини сўраган суҳбатдошимиз шу кунларда Қувасой шаҳрининг Қирғизистон билан чегарадош Полмон қишлоғида аҳоли уйлари бузилаётгани ҳақида хабар берди.

Суҳбатдошимизга кўра, шу кунга қадар 18 та уй бузилган ва аҳоли қишлоқнинг қуйи қисмига кўчирилмоқда. Бузилган уйлар ўрнида эса кенггина хандақлар қазилмоқда.

- Қувасой шаҳрига қарашли Полмон қишлоғининг чегарага туташ районларидаги аҳоли уйлари бузилиб¸ томорқаси кесилиб¸ экскаватор билан хандақ қазилиб¸ аҳолини пастга кўчираяпти. Ўзбекистон ҳукумати: “Уйларингизни қуриб берамиз, дарахтларингни тўлаймиз” деб, ҳеч нарса қилиб бермай¸ аҳолини куйдириб юборди. Аҳоли бу ерларда деҳқончилик қиларди.

Озодлик: Бу қайси кунги гап? Қачон кўрдингиз буни?

- Ҳозир шу ишлар бўлиб бўлди. Бир ҳафта- ўн кун ичида аҳолининг уйлари бузилиб бўлди.

Озодлик: Нечта хонадон бор эди у ерда?

- 18 тами¸ 28 тами хонадон бузилди. Аҳолининг ҳақ-ҳуқуқлари оëқ ости қилиниб¸ на бошпанани аниқ қуриб берди¸ на бошқа қилиб берди. Дарахтларни кестириб¸ аҳолининг яшаб турган неча йиллик уйларини бузиб, вайронага айлантириб¸ текислаб ташлашди. Бизнинг қариндош-уруғлардан нечтаси пастга кўчиб кетди.

Озодлик: Уйларнинг ўрнида нима бўлаяпти ҳозир?

- Ўрнида ҳеч нарса. Майдон қилиб¸ текислаб ташлаб¸ узунлиги тўрт метр¸ чуқурлиги тўрт метр¸ эни тўрт метр қилиб, экскаватор қазиб чиқаяпти. Хандақ қазилаяпти.

Озодлик: Қазиш ишлари ҳозир бўлаяптими ë тугадими?

- Бўлаяпти¸ ҳали тугагани йўқ. Ҳозир экскаваторлар юраяпти. Инсон ҳуқуқларига тўғри келадими-йўқми¸ шунга саволарингиз борми¸ деб сизларга СМС қилиб жўнатиб юборган эдим. Агар имконият бўлса¸ ўзларингиз келиб¸ қизиқиб кўрсангизлар бўлади¸ дейди суҳбатдошимиз.

Демак, сўзларини тинглаганингиз суҳбатдошимиз берган хабарга кўра, Қирғизистоннинг Боткен вилояти Учқўрғон қишлоғига чегарадош Фарғона вилоятига қарашли Полмон қишлоғида аҳоли уйлари бузилмоқда. Уй-жойлардан бўшаган майдон текисланиб, хандақлар қазилмоқда.

Уйларидан кўчирилган аҳоли эса нафақат иссиқ ўрнидан қўзғалгани, балки бузилган уйлари даражасидаги уй-жой ва маблағ билан таъминламаётганидан норози бўлмоқда.

Бундан ташқари, чегараолди ҳудудида жойлашган бу ҳовли-жойлар олдида боғлари ҳам бўлган экан. Бу боғлар шу ҳовли эгаларининг аксарияти учун асосий даромад манбаи эди.

Бу маълумотни Полмон қишлоғида истиқомат қиладиган ва уйи бузилган қишлоқдошлари тақдиридан куйинган бошқа бир суҳбатдошимиз тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, полмонликларнинг баъзилари уйи бузилиши ва кўчирилишига узоқ қаршилик қилган. Бироқ охир-оқибатда улар мажбурий равишда уйидан чиқарилган.

Уйи бузилган полмонликларнинг ўзлари эса биз билан суҳбатлашишдан чўчиди. Уларни чўчитган воқеага гувоҳ полмонлик суҳбатдошимиз буни изоҳлаш билан бирга, воқеанинг бошқа тафсилотларини ҳам сўзлаб берди.

- 18 та уй бузилган, тўғри. 7 миллиондан пул берибди. 10 тонна цемент¸ бир тонна арматура¸ уч куб метр тахта¸ 150 та шифер берган. Қолган расходи ўзидан. Унга нима - битта қўйхона қуради-да ҳозир. Ерни оз берган.

Озодлик: Ер ўзининг Полмондаги уйининг ерига тенг ерми? Ундан кичкина эмасми?

- Кичкина. У уйлар зўр уйлар эди.

Озодлик: У уйлар ўртача неча сотих эди?

- 15-20-25 сотих эди. Ҳар хил.

Озодлик: Уларнинг ўзлари кенгайтириб шунақа 20-25 га етказишганми?

- Йўқ¸ ўша союз пайтида олинган-да. Боғлари катта эди. Бир-икки тонна гилос сотишар эди. Ҳозир уларнинг ҳаммасини ўтин қилишди.
Озодлик: Демак¸ уларнинг ҳовлисида боғлари ҳам бўлган¸ гилослари ҳам бўлган.

- Ҳа. Ҳозир ҳаммасини ўтин қилиб арралаб ташлашган.

Озодлик: Берилаëтган жой қаерда?

- Йўлнинг бўйида. Битта заводнинг тепасидан берилаяпти. Ҳозир қуришаяпти. Кимдадир поддержка бор¸ кимдадир йўқ. Ким рози бўлади? Ота уйини ташлаб кетиб рози бўладими?

Озодлик: Ота уйи бошқа масала. Мен ўзининг аввалги ҳолатидаги уй ололмаяпти экан, дейман-да.

- Йўқ¸ ололмайди.

Озодлик: Норози бўлиб¸ арзини у-бу кимга айтишаяптими? Қулоқ солишаяптими?

- Ҳеч ким қулоқ солмайди. Ким қулоқ солади? Ўша ерга машиналарни қўйиб қўйишган. "Хотин киши тўполон қилса¸ жиннихонага тиқинглар¸ эркак кишини мелисахонага олиб бориб тиқинглар", деган. Солдат билан¸ милиция билан келиб¸ устида туриб¸ безбетлик билан кириб бузишибди. Ўшанга ҳозир улар: “Биз гапирмаймиз”, деб қўрқишаяпти. Мен уларга бориб тушунтирсам¸ улар чўчиди. Энди уларни¸ одамингиз бўлса¸ битта жой бор чақирардим. Битта одамингизни юборсангиз-да. Ўзлари ҳам айтарди. Келиб, видеога олиб кетсангиз ҳам бўлаверади. Битта опа расмларга олиб қўйган. Камера¸ видео¸ ҳамма нарсаси бор экан уни. “Ўзи келиб ëрдам берса¸ айтамиз. Эртага бизни олиб бориб тиқиб қўйса¸ бола-чақамиз нима бўлади?” деб чўчишаяпти¸ дейди полмонлик суҳбатдошимиз.

Масалага ойдинлик киритиш мақасадида Полмон қишлоғида шаҳар ҳокимлиги таъсис этган махсус штабга бир неча бор боғландик. Аммо бевосита қурилиш ишларига жавобгар шахслар, жумладан, шаҳар ҳокимининг айнан чегара ҳудудидаги аҳолини кўчириш масалаларига масъул ёрдамчиси Солижон Обидов билан ҳам кун давомида суҳбатлаша олмадик.

Қувасой ҳокимлигининг ўзини таништирмаган бир вакили бу ишлар юқоридан келаётган буйруқ асосида бажарилаётгани ва имкон қадар тезроқ аҳолини кўчириб, чегара ёнидан ҳандақ қазиш топширилганини айтди. Аммо у Озодликка айни масалада интервью беришдан бош тортди.

Туман маъмурияти идораларидан бирида қўнғироғимизга жавоб берган ходимлардан яна бири эса айнан чегарадаги ишларга масъул эмаслигини таъкидлар экан, баъзи саволларимизга жавоб берди.

- Полмонда шаҳарга яқинроқ жойлар бор. Ўша фермер хўжалигининг ерлари эди. Ўша ерлар бўшатилиб¸ уларга ажратилган. Ўша ерда қурилаяпти.

Озодлик: Бузилган уйлар ўрнида нима бўлаяпти?

- Энди у ëқда ҳозир аниқ бир нарса дея олмайман. Тўртми, қанчадир метр ўзи полоса бўлади-да. Как нейтралний полоса бўлади. Шунинг учун уларни плошадка қилади¸ бир метр пастга чуқур қилишаяпти ров сингари.

Озодлик: Ана шу хандақ қурилаяпти, деб эшитдик.

- Ну, бўлиши мумкин¸ лекин рост гапни айтсам, мен бу ишлардан бехабарман. Бизда алоҳида штаб тузилган. Штаб раиси ҳокимнинг ўзи бўлиб¸ алоҳида унга битта масъул одам ажратилиб¸ фақат ўшалар қилаяпти. Заводлардан компенсация материал олиб бераяпти, цемент-пемент. Улар ўзи шуғулланаяпти. Биз у билан шуғулланмаяпмиз¸ дейди Қувасой шаҳри маъмурияти вакилларидан бири.

Демак, Полмон қишлоғида ҳам Қирғизистон билан чегарадош бошқа ҳудудларидаги каби чегара мустаҳкамланмоқда.

Чегарани мустаҳкамлаш чора-тадбирларидан бири эса чегара чизиғининг Ўзбекистон томонидаги ҳудудни кенгайтириш ва ҳандақлар қазишдир.

Полмонлик суҳбатдошларимиз ҳандақлар шу кунда ҳам қазилаётгани ва баъзи ҳудудларда ҳандақнинг эни 4, чуқурлиги 4 метргача бораётганини айтишди.

Эслатамиз, худди шундай воқеа Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг ўзаро чегарадош яна бир неча ҳудудлари, жумладан, Фарғона вилояти ва Андижон вилоятининг бир неча чегараолди ҳудудларида кузатилган эди.

Ҳукуматнинг бундай эҳтиёт чораларидан жабр кўраётган аҳоли вакиллари норозилиги эса худди Полмондагидек бошқа ҳудудларда ҳам кузатилган ва бу норозилик деярли ҳамма чегараолди ҳудудларида бирдек - юқорининг буйруғини сўзсиз бажараётган маҳаллий ҳокимиятлар босими билан бостирилган.

Биз ўзбек-қирғиз чегарасида Ўзбекистон томони кўраётган бу эҳтиёт чоралари-ю, ўз уйидан кўчирилаётган оилалар тақдирини кузатишда, бу оилалар мурожаати юзасидан маҳаллий ҳокимликлардан тегишли жавоб олишга уринишда давом этамиз.
XS
SM
MD
LG