Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:11

Ўзбек қани?


Айни кунларда Ўзбекистондаги 6 ëшдан 15 гача бўлган икки миллиондан ошиқ бола яна ëппасига пахтага ҳайдалди. Далага кетаркан улар "фермер қариндошимга ëрдам бериш учун¸ пахтага ўз ихтиëрим билан чиқаяпман"¸ деган қоғозга қўл қўймоқда.

Бугун ўзбекнинг қоракўз болалари мактаб парталари эмас¸ балки яна ўша ўзидан катта¸ ўзидан оғир фартугини судраб¸ километрларга чўзилган пахтазордан чиқиб бадқовоқ ва баджаҳл тарозубонлар олдига тизилмоқда.

Бугун ўзбекнинг қоракўз болалари қўлида китоб эмас¸ балки кўсаклар шилиб¸ саҳарги шабнам ва совуқдан тарсиллаб ëрилиб¸ тупроқ ва қондан қорайиб битган бу жажжи қўлларда яна Ўзбекистон миллий бойлиги – пахта.

Бугун ўзбекнинг боласи умрининг яна бир кузини¸ болалигининг яна бир фаслини ўзи ҳам сезмасдан қулликка емиш қилмоқда.
Ўзбекнинг миллионлаган болалари пешонасига тавқи лаънат бўлиб битилган пахтаю¸ оқ олтин ортидаги қора қилмишлар ҳақда бугун аксар дунë бонг урмоқда.

Ягона мақсади бирни ўн қилиш¸ деб айтиладиган капиталистлару уларнинг пулга Худо янглиғ сиғинувчи деб ҳажв қилинадиган қалблари ҳам 21-асрнинг бу замонавий қулларига раҳм-шавқатга жой бермоқда - ўзбек пахтасидан бири икки бўлаëтган катта ширкатлар ҳам “бу пахта болалар меҳнати билан терилган бўлса¸ ундан воз кечдим”¸ демоқда.

АҚШ да миллат учун ҳаëт-мамот масаласи бўлмиш соғлиқни сақлаш тизими ислоҳотлари устида ҳаëт-мамот кураши кетаëтган бўлишига қарамай¸ Америка Сенатининг Соғлиқни сақлаш¸ Маориф¸ Меҳнат ва Пенсиялар қўмитаси раиси Том Ҳаркин Америка истеъмолчилари ва ширкатлари виждонини уйғотиш учун вақти¸ шижоати ва эҳтиросларини аямай¸ чиқиш қилмоқда¸ ўзбекнинг ҳукмдорларига “ўзбекнинг боласини мактабга қайтар”¸ дея илтижо-сўровлар йўлламоқда.

Бугун дунëдаги ўнлаб гуруҳлар ўзбекнинг боласини пахта қуллигидан қутқариш учун дунëнинг тўрт тарафида кампания ва тадбирлар ўтказмоқда.

Ўзбекнинг боласини бугунги ва эртанги қулликдан озод этишга дунë бел боғламоқда¸ фақат ўзбекнинг ўзи эмас.

Ўзбек қани¸ нега бугун у ўз боласини бу зулмдан озод қилиш учун оғиз очмаëтир? Нега бугун ўзбекнинг оналари “болаларни пахтага биз эмас¸ балки очкўз фермер ва ота-оналар пул ишла¸ дея ўзлари ҳайдамоқда”¸ дея баланд минбарлардан туриб бир туки ҳам қимирламай ëлғон сўзлаëтган тўраларига¸ “бола меники¸ уни пахтага қўймайман”¸ демаяпти?

Нега бутун умр болам-чақам деб хокисор муте бўлиб ўтаëтган оталар шу фарзандларини бўри оғзига топшириб (куни-кеча Андижоннинг Улуғнор туманида пахтага олиб кетилган қизалоқ пахтазорда бўрига ем бўлди) - пахтазорга лоқайдгина кузатиб қолмоқда.

Нега уларнинг устоз-муаллимлари болаларнинг ўзида-да забун – нега улар ўтган йили Бош вазир қўл қўйган¸ яқинда парламент маъқуллаган халқаро конвенциялару миллий қонунларни қўлга олиб¸ суяги қотмаган норасидаларни қўй подасидек юк машиналари ортилиб¸ пестицидлардан ҳўл пахтазорга ҳайдалишдан сақлаб қолмаëтирлар.

Нега¸ нега¸ нега…..

Ўз боласини ўзи ҳимоя қилиши лозим ўзбек қани¸ қани¸ қани.....

Бу саволлар жавоби ҳам яна пахтада....

Ўт бор, ўлан бор,
Майсадан гилам бор.
Май бор, палов бор,
Алвонранг ўлов бор.
Бахт бор, саодат бор,
Тўй бор, зиëфат бор.
Ҳамма нарса бор
Ўзбекдан бошқа.
Қари бор, қартанг бор,
Каттаю кичик бор.
Аччиқ бор, чучук бор,
Ит билан кучук бор,
Қурт бор, қумурсқа бор,
Илон бор, чаëн бор,
Ҳамма нарса бор,
Ўзбекдан бошқа.

Ўзбек қани?
Ўзбек пахтада.
(Муҳаммад Солиҳ)

ëхуд хорижда мардикорликда....

XS
SM
MD
LG