Линклар

Эронга нисбатан Ғарб босими кучаймоқда


АҚШ президенти Барак Обама Эронни махфий ядровий иншоот қурганликда айблади¸ айни патда Теҳронни жаҳонни ядровий қуролдан холи ҳудудга айлантиришга оид халқаро талабларга риоя қилишга чақирди.

Питтсбургда ўтказилаётган Катта йигирмалик саммити чоғида қўшма баёнот билан чиққан АҚШ, Буюк Британия ва Франция етакчилари БМТни Эроннинг сўнгги баëноти юзасидан текширув ўтказишга чақирдилар.

- Бундай иншоотнинг мавжудлиги Эроннинг БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари ва Атом энергияси халқаро агентлиги талабларига риоя қилишни истамаётганини яна бир бор тасдиқламоқда. Атом энергияси халқаро агентлигининг бу нохуш хабар юзасидан зудлик билан текширув ўтказиши ва бошқарувчилар кенгашига ҳисобот етказишини кутиб қоламиз, деди Барак Обама.

Бундан бир оз аввал Эрон ҳукумати Атом энергияси халқаро агентлигига мамлакатда уранни тўйинтирувчи иккинчи завод мавжудлигини ошкор қилди.

Агентлик матбуот вакилининг айтишича, расмий Теҳрон электр қуввати ишлаб чиқаришга мўлжалланган ядровий завод қураётганини билдирган.

Яқинларгача Эрон мамлакатда уран билан ишловчи битта завод мавжудлигини таъкидлаб келаëтган эди.

Ўз ядровий дастуридан воз кечишни истамаётган Эронга нисбатан БМТ Хавфсизлик кенгаши шу пайтгача жами учта санкция жорий этган.

XS
SM
MD
LG