Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:58

Эркин микрофон - "Пахтакор қизни бўри еб қўйди"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Ўзбекистонда миллионлаб мактаб боласи пахтазорга ҳайдалган куни Озодликка сим қоққан андижонлик Нишонбой ака¸ Улуғнор туманида пахтага олиб чиқилган ўқувчи қизнинг бўрига ем бўлганини хабар қилди.

"Отдан тушса ҳам эгардан тушмаганлар"дан шикоят

Илк суҳбатдошимиз Қашқадaрëнинг Касби туманидан. Ердан яxши ҳосил олиб¸ режаларни дўндирганим учун танбал фермерларнинг ерларини ҳам менга беришган эди¸ деб гап бошлади суҳбатдош.

- Мен Қашқадарëданман.

Озодлик: Қашқадарëнинг қаеридансиз?

- Касби туманидан. Собиқ фермерлар ерга ëпишиб олган. Биз ерни лидерликка олганмиз. Шунга улар отдан тушса ҳам эгардан тушмаяпти. Шуларни нима қилса бўлади. Буларга ҳеч ким чора кўрмайди. Дардимиз шу.

Озодлик: Энди бошидан тушунтириб беринг. Сиз ерни ижарага олганмисиз?

- Йўқ¸ мен фермерман. Мана ерни йириклаштириш бўлдику. Шунга йириклаштиришга олинган. 50 гектар ер берган. Олдинги собиқ фермерлар “Ер меники. Хоҳлаганимча фойдаланаман” деб турибди. Уларга ҳеч ким ҳеч қандай чора кўрмаяптида. Ерни қайтариб олишга ҳаракат қилаяптию¸ лекин ололмаяпти.

Озодлик: Судга¸ бошқага мурожаат қилмадингизми?

- Йўқ¸ мурожаат қилганим йўқ.

Озодлик: Қанақа бўлди? Ерларни олиб¸ сизга бердими?

- Ҳа¸ ҳозир 150 нафар фермердан 35 нафар қолганмиз. Бу Касби тумани 33 совхозда.

Озодлик: Нима боис сизга уларнинг ерини олиб беришди?

- Ерни йириклаштириш бўлаяптику.

Озодлик: Сизнинг ҳисобингизга йириклашиптида. Нима учун сизга беришди шуни?

- Биз вақтида планларни тўлдириб борганмиз. Ҳаммаси жойида бўлган. Шунинг учун бошқаларникини олиб беришди.

Озодлик: Қачон беришган эди?

- Баҳорда. Пахта¸ ғалла экиб қўйганмиз.

Озодлик: Ҳозир энди пахта¸ ғалла меники деяптими? Қанақа бўлаяпти?

- Улар “Хоҳлаганимча экиб оламан. Ер меники” дейди.

Озодлик: Асли ер кимники? Сизга хусусий мулк қилиб берилмагандир бу ер.

- Йўқ¸ йўқ¸ фермер.

Озодлик: Сизга қанча йилга берган ерни?

- Бизларники энди шартнома асосидаку. Неча йил берса ҳам бошқариб борсак¸ бизнинг ҳисобимизда тураверади. Планни тўлдириб бораверсак¸бизлардан олмайди.

Озодлик: Нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

- Собиқ фермерлар отдан тушса ҳам эгардан тушмаяпти. Уларга нима чора кўришни ўзим ҳам билмайман тўғриси. Қаерга¸ кимга мурожаат қилишни билмаяптман. Ҳеч ким тингламайди барибир.

Озодлик: Ҳокимиятга айтмадингизми?

- Ҳокимиятлар билади. Ҳокимият ҳар куни шу ерда. МХХ си ҳам¸ биошқаси ҳам¸ дейди бу фермер.

Наманганнинг Норин туманидан қўнғироқ қилган тингловчимиз эса Горбачев пайтида берилган томорқа ерлари Каримов пайтида аҳолидан тортиб олиниб¸ пора эвазига сотилаëтганини билдирди. Нориндан телефон қилган акамиз овози эшиттирилишини истамади.

Гулистонлик ишсиз ҳикояси

Ўзини мактабнинг собиқ завхози деб таништирган тингловчимиз Сирдарëнинг Гулистон шаҳридан. Гулистонда меҳнаткашларнинг ҳақ- ҳуқуқлари борасидаги аҳволни олам гулистон деб бўлмайди¸ дейди суҳбатдош.

- Ҳазратқул Эрназаров бўламан. Сирдарë вилояти¸ Гулистон шаҳридан.

Озодлик: Нима иш қиласиз?

Ҳазратқул Эрназаров: Мен ишламайман. Ишдан ноҳақ кетганман. Беш йилдан бери судга мурожаат қиламан. Ҳалигача ижобий ҳал бўлмаяпти. Гулистон халқ таълимига қарашли 6-ўрта мактабда ишлар эдим. Ўзбекистон меҳнат қонунининг 99-моддасини қўпол равишда бузиб¸ ишдан четлаштирилдим. Кейин прокуратурага¸ судга мурожаат қилдим. Ҳозирги вақтда қонунларимиз ижро бўлмайди. Суд ҳам¸ прокуратура ҳам тан олмайди. Беш йилдан бери Олий судга¸ инстанциянинг барчасига мурожаат қилаяпман. Ҳамма ердан қайтариб юборилаяпти.

Озодлик: Ким бўлиб ишлардингиз? Ўқитувчи бўлибми?

Ҳазратқул Эрназаров: Йўқ¸ завхоз бўлиб ишлаганман. Хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаганман.

Озодлик: Ишдан бўшатганда қандай формулировка билан бўшатишди?

Ҳазратқул Эрназаров: Шу вақтда мен бюллетенда бўлганман. Касаллик варақам бўлган. Касал вақтимда чақириб¸ мажбурий ариза олган. Мен Ўзбекистонда қонунларни ўқиб кўраяпман. Таътилда пайтда¸ касал бўлган пайтда бўшатишга ҳаққи йўқ экан. Менга икки марта буйруқ чиқарган. Бюллетенимни кўргандан кейин шуни тўғирлаймиз, деб булар икки ойдан кейин бошқа буйруқ чиқарди. Вилоят халқ таълими¸ касаба уюшмаси мени Ўзбекистон меҳнат қонунининг 11- моддасига кўра ишга тиклансин, дейди. Қонунни назорат қилувчи органлар бунга қулоқ солмаяптида.

Озодлик: Кимларга мурожаат қилдингиз?

- Мен Kасаба уюшмага ва вилоят Xалқ таълими бўлимига мурожаат қилганман. Улар “Шаҳар халқ таълими Ўзбекистон меҳнат қонунининг 99-моддасини бузган. 11-модда билан ишга тикланиши керак” деб кўрсатма бераяпти. Кўрсатма бергани билан қилмади. Кейин судга мурожаат қилдим. Суд ҳам¸ прокуратура ҳам шуни тан олмаяпти. Ўзбекистонда қонунлар ижроси йўқ. Китобда яхшилаб чиқариб қўйган лекин. Ўқиган одамнинг ҳаваси келади¸ дейди Ҳазратқул Эрназаров.

Танбур ва ваъз ҳақидаги қонун орзуси

Андижонлик Нишонбой деган тингловчимизни Ўзбекистонда қабул қилинган қонунларнинг баъзиларидан норози.

Нишонбой ака: Садриддин телефон қилганда бозорда эдик. Бозорда бўлганимиз учун биз кўп нарсани айтганимиз йўқ. Чунки ҳамма қараб туради, бу нима деяпти экан деб. Бу сотка теелфон. Ҳар хил одам бор. Шунинг учун индамай қўяверганмиз.

Озодлик: Энди гапиринг.

Нишонбой ака: Ўзбекистон президентининг қарори тўғрисида икки оғиз гапирмоқчиман.

Озодлик: Қайси қарори ҳақида?

Нишонбой ака: Ҳалиги эркакларнинг 50 ëшдан ошгани тиббий кўрикдан ўтмаса ҳам бўлаверади, деган бир қарори чиққан экан. Мана шу қарорга мен ëмон муносабатда қарайман. Сабаб¸ ҳозирги вақтда эркакларнинг ҳам¸ аëлларнинг ҳам касали жуда кўп. Касални ëпиш учун отасининг пули бўлиб қолади. Шу пул билан касаллик ëпилади. Бу бир томони.

Иккинчи томони¸ қарор чиқса ҳам¸ чиқмаса ҳам 70 ëшдан ошган эркак ҳам хотинни олаяпти. Бу қарорнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ. Унинг ўрнига ўзимизнинг класссик меросимизни тарғиб қиладиган¸ танбурларни¸ найларни¸ доирани¸ рубобни¸ хорни қайтадан ишлаб чиқариб¸ сентизатор¸ гитара¸ алламбалоларни камроқ қилиб¸ шуларни кўпроқ қилишга қарор чиқариб берса¸ яхши бўлар эди.

Ундан кейин маърузалар тўғрисида. Мана раҳматли Фозил қори ўтиб кетганини эшитдик. Жуда ҳам қайғуга тушдик. Биз томонда ҳам ўша куни бир Фозил қори ака ўтган эди. Мана шу дискларни чиқаришга қарор чиқариб бериши керак. Классик меросимизни чиқариб беришга қарор чиқариб бериши керак. Ана шу қарор ҳаммани руҳлантиради.

Озодлик: Имомларнинг ваъзлари ëзилган диксларми?

Нишонбой ака: Ана шу имомларнинг ваъзлари¸ маърузалари ëзилган дисклар йўқ. Ҳеч қанақа йўқ.

Озодлик: Бозорларда борку. Болалар телефонларга ëзиб олишаяпти.

- Ëзилган билан ўшани сотишга рухсат бермай қўйганда. Сотишга рухсат йўқда. Мен ўзим Булоқбоши қишлоғида яшайман. Андижонга бориб сўрасангиз¸ “Ака¸ унга рухсат йўқ. қўяверинг” дейди. Қаерда диск сотаëтган бўлса¸ ўшани сўрасангиз¸ “Унга рухсат йўқ” дейди. Қуръонга ҳам сотишга рухсат йўқ¸ дейди. Бир вақтлар сотилган. Ўша вақтда биз ҳам олганмиз. Ўша пайтда энди ДВД йўқ эди. Барибир олиб қўйганман. Ўшани қўйиб эшитаяпман холос¸ дейди Нишонбой ака.

Демак¸ Ўзбекистонда қори акаларнинг ваъзларини диск қилиб чиқариш ҳақида қонун қабул қилиниши керак¸ дейди бу суҳбатдош.

Андижонга бўри оралади

Ўзбекистонда бу яқинда бировни бўри еганини эшитмаган эдик. Мана энди эшитадиган бўлдик. Мактабдан пахтага олиб чиқилган бир қизни бўри тишлабди. Бўрини йўқласанг қулоғи кўринади дейишади¸ аммо бўри дегани кони фойда¸ дейди суҳбатдош.

- Бизда Андижонда Улуғнор деган район бор. Шу ерда бир бўри пайдо бўлган экан. Шу бўри пахта терган болаларга чанг солибди. Улардан биттаси ўлибди. Катта-катта болалар уриб¸ ажратиб қолибдию¸ лекин барибир ўлиб қолибди у.

Озодлик: Ким кимни тишлабди?

- Бўри тишлаган¸ бўри.

Озодлик: Кимни тишлабди?

- Пахтадаги бир қизни тишлабди.

Озодлик: Пахтага чиққан ўқувчи қизни тишлабдими?

- Ҳа. Ўқувчини тишлаган. Менинг жияним ҳам пахтага боради. Ўшандан эшитиб қолдим. Кимлигини лекин суриштирганим йўқ. Сизларга бир янгиликда буям¸ дейди суҳбатдошимиз.

Итшўрва мавсуми

Андижонлик суҳбатдошимизга кўра¸ қиш яқинлашган сайин итларга қирон келмоқда.

- Мана қиш келаяпти. Бундан буëн болалар томонидан итларнинг сўйилиши бошланади. Катта-катта¸ семиз-семиз итлар сўйилади. Битта-яримта одамникида семиз ит бўлса¸ шуни ўғирлаб кетиб¸ сўйиб юборади. Итнинг гўштидан шўрва қилиб ичиш ўтган йил ҳам бўлган¸ ундан олинги йил ҳам бўлган¸ бу йил ҳам бўлади.

Озодлик: Бу нима камбағалликданми?

- Йўқ¸ камбағалликдан эмас. Бу шунчаки ҳавас¸ холос. Итнинг ëғини баданига суртади¸ дори бўлади¸ деган жойи борда. Сизга айтсам¸ 1990 йилларда 80 га чиқан отахонлар “Буниси бу нарсага дори¸ буниси у нарсага дори” деб айтиб¸ тарқалиб кетган. Фалонча чол ундай деган¸ у бундай деган деб бири биридан эшитиб¸ ўғирлаб кетиб сўйиб юборишади¸ дейди андижонлик суҳбатдошимиз.

Ўзбек киночиси Жаҳонгир Файзиевнинг илк суратга олган фильми “Итшўрва” деб аталар эди. Фильм давомида егани овқат топмаган ўзбеклар бир итни сўйиб ейиш учун қувлашади. 1991 йилда режиссëр хаëл маҳсулидай туюлган бу манзара бугун оддий ҳаëт манзарасига айланди.

*************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

**********************************************

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.
XS
SM
MD
LG