Линклар

logo-print

24 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда пахта теримига оммавий сафарбарлик бошланди. Ўзбекистон вилоятларидаги мактаб ўқувчилари ҳам, олий ўқув юртлари, коллеж лицейлар талабалари ҳам ёппасига пахта теримига олиб чиқилди.

24 сентябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг пахтакор вилоятларида бесаранжомлик бошланди. Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев маҳаллий ҳокимлар билан селектор орқали ўтказган мажлисида пахта теримига оммавий сафарбарлик эълон қилди. Бу йил об-ҳаво ҳарорати паст келгани боис¸ пахта терими кечроқ бошланди. Боз устига ёмғир ёғиб турибди.

Бош вазир пахта теримига мактаб ўқувчиларини олиб чиқишга топшириқ берганми ёки йўқ, бунисидан хабаримиз йўғу, бироқ 24 сентябрдан бошлаб жанубий вилоятлардаги қишлоқ мактабларининг юқори синфлари ёпилди.

Қашқадарё вилоятининг Касби туманидан олинган хабарга кўра¸ ҳатто олтинчи синф ўқувчилари ҳам пахта теримига олиб чиқилган.

- Ҳокимият ҳам¸ МХХ ҳам ҳар куни шу ерда. Ҳозир пахтанинг бошида туриб¸ кечқурун соат 8 гача ўқувчиларни ушлаб турибди.

Озодлик: Ўқувчилар пахтадами?

- Ҳа. Кеча Китоб районининг мактаб ўқувчилари келди. 6¸ 7-синф ўқувчилари экан. Кеча тўртта автобус ëнимизга тушди. Мактаблар ëпилган. Қарши районида 6-синфгача мактаб қолган. Қолган ҳаммаси ëпиқ. Қишлоқ жойиман деганда коллеж¸ мактаб ëпилди.

Озодлик: Ҳукуматнинг ўзи автобусларга солиб¸ милиция машинаси билан сопровождат қилиб олиб келаяптими?

- Ҳа¸ шунақа қилаяпти. Олиб келишга шундай бўлади¸ олиб кетишга ҳеч кимни топа олмайсиз. Кетишга ўзинг ҳаракатингни қил¸ деб айтади¸ дейди касбилик суҳбатдошимиз.

Жиззах вилоятида ҳам пахта теримига оммавий сафарбарлик эълон қилинди, дейди инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев.

Бахтиëр Ҳамроев: Студентлар¸ мактаб ўқувчилари¸ коллеж ўқувчилари¸ лицей ўқувчилари ҳаммаси пахтага кетишди. Кеча ҳаммасини оммавий равишда олиб кетишди. Мана бугун ҳам олиб кетишди. Бугун педагогика университети¸ айрим коллеж ва лицейларни ҳам олиб кетишди.

Озодлик: Мактаб ўқувчиларичи?

- Чўл зонасидаги мактабларнинг юқори синф ўқувчиларининг ҳаммаси олиб чиқилган. Шаҳардаги 8-9 синф ўқувчиларини кунликка яъни эрталаб олиб кетилиб¸ кечқурун олиб келинаяпти. Бу ерда эътибор қилиш керак¸ чўл зонасидаги ҳаммасига жавоб бериб юборишган. Чунки Жиззахдан ва бошқа жойлардан келганларнинг ëтадиган жойи бўлмаганлиги сабабли¸ ҳашарчиларга тайëрланиш муносабати билан кўплаб мактаблар ëпилган¸ дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Унинг айтишича¸ мактаб ўқувчилари ва талабалардан “пахтага ўз ихтиёрим билан боряпман” мазмунида тилхат ёздириб олинмоқда.

- Барча юқори синф ўқувчилари¸ коллеж¸ лицейлардаги ўқувчилардан¸ студентлардан “Пахтага бормасам¸ мени коллеж ëки институт талабалар сафидан чиқаришингизни сўрайман” деган маънода тилхат ëздириб олишди¸ дейди Бахтиëр Ҳамроев.

Бироқ Фарғона вилоятида мактаб ўқувчилари ҳозирча фақат дарсдан кейин олиб чиқилаяпти, дейди фарғоналик тингловчимиз Шерали.

Шерали: Мактабдаги ўқувчилар дарсини ўқиб¸ кейин ëрдамга чиқишаяпти.

Озодлик: Нечанчи синфлар? Ҳаммасими ëки фақат юқори синфларми?

Шерали: Юқори синфлар. Мактабда ўқиб бўлиб¸ кейин чиқаяпти. Пахтани теришаяпти роса.

Озодлик: Килосига қанчадан ҳақ беришаяпти?

- 100 сўмдан. 100 сўмдан бергандан кейин кўпчилик чиқадида. Ишсизлар ҳам камайиб қолган ҳозир¸ дейди Шерали.

Шералининг айтишича¸ агар пахта теримига муносиб ҳақ тўланса¸ бугун камбағал яшаётган аҳолининг ўзи ҳам пахтани териб қўярди. Унда ўқувчилар ёрдамига ҳам эҳтиёж қолмасди. Хўш, пахта эккан фермер нима дейди бунга? Ҳақиқатан ҳам болалар ёрдамисиз пахтани териб олса бўладими? Бухоро вилоятининг Жондор туманида фермерлик қилаётган Бобомурод Абдураззоқов фикрича¸ бунинг имкони бор албатта:

- Фермер ўз хўжалигида етиштирилган ҳосилни ëрдамчисиз ўз вақтида йиғиштириб¸ давлатга сота олади. Фақат манфаатдорлик масаласи ўз ечимини топган тақдирда. Ëрдамчига биз хизмат ҳаққини бера олсак¸ у пахтани теради. Унда коллеж¸ мактаб¸ институт боласига ҳожат қолмайди. Аҳоли тиғиз жойларда бу муаммони ечса бўлади. Аҳоли сийрак вилоятларда ëрдамчига муҳтожлик туюлар. Аҳоли зич жойлашган жойда¸ бекорчилар кўп бўлган жойда¸ меҳнат ҳаққини излаб юрганлар кўп бўлган ерда ўқувчига муҳтожлигимиз йўқ. Биринчидан¸ теримчининг пулини вақтида бера билишимиз керак. Иккинчидан¸ давлат харид нархини ҳам фермерга¸ ҳам ўзига қоладиган қилиб қўйиши керак¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Унинг айтишича, ҳамма гап бориб манфаатдорликка тақаляпти. Бугун ҳукумат деҳқондан сотиб оладиган ҳар килограмм пахтаси учун 502 сўмдан нарх белгилади. Бироқ, фермернинг айтишича, деҳқон етиштирган бир килограмм пахта таннархининг ўзи давлат сотиб олаётган нархга яқинлашиб қолди.

- Бир килограмм пахтанинг 502 сўм бўлиб кўрингани сиртдан қараганда катта пул бўлиб кўринади. Лекин аслида бир килограмм пахтани етиштириш учун қилинадиган харажатни ҳисоблаб чиқадиган бўлсак¸ фермер бир килограмм пахтани етиштириш учун 380-400 сўм атрофида харажат қилаяпти. Ëқилғи мойлаш маҳсулотларини олайлик. Ëқилғи мойлаш маҳсулотларнинг нархи ўсаяпти¸ лекин сифати паст. Эҳтиëт қисмлари ҳам шундай. Фермердан кетаëтган харажат етиштирилган маҳсулотнинг харид нархига яқинлашиб бораяпти. Менимча¸ буни давлат яхши билса керак. Худди шунинг учун ҳам улар ëрдамчини жалб қилаяпти улар. Чунки фермерга қўйиб берса¸ фермер пулини топиб¸ етиштирган маҳсулотини йиғиштириб ололмайди. Чунки фермерда маблағ йўқ¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Пахта токи давлат монополияси бўлиб қолар экан ва фермер мустақил бўлмас экан, пахтада болалар меҳнатидан фойдаланиш доимий бўлиб қолаверади, дейди Бобомурод Раззоқов.

- Пахта монополиядан чиқарилиши керак. Авваламбор унга замин тайëрлаш керак¸ кейин монополиядан чиқариш керак. Давлатнинг мустақил бўлганига 18 йил бўлиб қолди. Бу борада бир нарсалар ўйлагандир давлат. Қайта ишлаш¸ саноат корхоналари яратилаëтгандир. Агар қайта ишловчи саноат корхоналари яратилиб¸ улар тўла қувват билан ишлай бошласа¸ фермерларга мустақиллик берилса¸ етиштирган маҳсулотимизни ўзимиз хоҳлаган жойда сота билсак¸ унда фермер хўжалигининг манфаатдорлиги ошади¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Ўзбекистондаги пахта терими мактаб ўқувчилари учун мажбурий бўлиб қолаётган бир пайтда, улар билан турли хил нохуш ҳолатлар ҳам рўй бермоқда. Ўтган йили пахта теримига олиб чиқилган ўнга яқин мактаб ўқувчилари, лицей ва коллежлар талабалари турли хил сабаблар билан нобуд бўлган эди. Жумладан¸ Жиззах Педагогика институтининг биринчи курсида ўқиётган талаба қиз кам пахта тергани учун ўқитувчисидан дашном эшитгач, ўзини дарахтга осиб қўйган эди.
XS
SM
MD
LG