Линклар

"Яшиллар"га яшил чироқ ëнди

  • Алишер Сиддиқ

Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг қўшниларнинг сувдан фойдаланиш режасига қарши тош отувчи восита бўлиши тахмин этилмоқда.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг қўшниларнинг сувдан фойдаланиш режасига қарши тош отувчи восита бўлиши тахмин этилмоқда.

Ўзбекистонда янги тузилган Экологик ҳаракат сайловчи фикридан қатъий назар Олий Мажлис қонунчилик палатасининг 15 та ўрнини эгаллайди. Аммо бўлажак депутатларнинг табиатдан кўра¸ ҳукуматга хизмат қилиши ҳозирданоқ кўриниб қолмоқда.

Ўтган йил охирида ташкил этилган Ўзбекистон Экологик ҳаракатига мамлакатдаги экологик муаммоларнинг ички сабаблари ҳақида бонг ураётган нуфузли экологлар қўйилмаган. Улардан бири Ўзбекистонда “Яшиллар партияси” ни тузиш ташаббуси билан биринчилардан бўлиб чиққан таниқли олим Бек Тошмуҳаммедовдир.

- Ўтган бир неча йил давомида мен сайловчиларга матбуотимиз орқали бизга Экологик партия ёки Экологик ҳаракат лозим¸ деган фикрни етказишга ҳаракат қилган эдим. Аммо расмий матбуот муҳаррирлари бу ғоянинг пастдан чиқаётганидан қўрқиб¸ таклифларимни чоп этишдан бош тортиб келаётганди. Ниҳоят бир неча ой аввал дўстларим Ўзбекистонда Экологик ҳаракат тузилаётганини айтиб қолишди. Аммо ҳаракат таъсис анжуманига мени атайин таклиф қилишгани йўқ. Мақсад бу ташкилотга ўз фикрига эга бўлган экологларни қўймаслик эди, дейди Бек Тошмуҳаммедов.

Экологик ҳаракатга Оқсарой томонидан юклатилган вазифа ойдинлашган сайин профессор Тошмуҳаммедов каби одамларнинг нима боис бу ҳаракатга яқинлаштирилмаганини англашилади. Бек Тошмуҳаммедов Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига сув етмай қолаяпти дея, қўшни давлатларнинг гидроэнергетик иншоотларни қуриш режасини танқид этишдан аввал мамлакат ичидаги вазиятга назар солиш керак¸ деб ҳисоблайди.

- Бизда сув сероб, биз фақатгина сувдан фойдаланиш технологияларни ўзгартиришимиз керак. Бугунги кунда сувнинг исроф бўлишига сабаб бўлаётган технологияларимиз боболаримиздан бизга мерос қолган. Агар бир гектарга ишлатилаётган сувни икки баробарга қисқартира олсак¸ сувдан муаммо бўлмайди. Трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш масаласига келганда қўшниларимиз билан муросавий бир қарорга келишимиз керак¸ дейди профессор Тошмуҳаммедов.

Ўзбекистон Элокологик ҳаракатидан ҳозирча бу каби фикрлар янграгани йўқ. Марказий Осиёдаги сув можаросига томошабин бўлиб қолаётган Европа Иттифоқи Тожикистон ва Қирғизистонни ўта баланд тўғонларни қурмасликка чақираётган бўлса ҳам, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида сувнинг 50 фоизи исроф бўлаётганини ҳам таъкидламоқда.

Ўзбекистон политтехнологларинининг режасига биноан мазкур ҳаракат улкан гидроэнергетик лойиҳаларни амалга оширишни мўлжаллаётган Қирғизистон ва Тожикистонга босим ўтказиш воситаси сифатида хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг бўлажак эколог-қонунчилари қўшни давлатлар томорқасига тош отишни бир муддат аввал бошлаб юборган эди.

Россиядаги Саяно-Шушенская ГЭС идаги авариядан сўнг, айни таҳдидни Ўзбекистонга Тожикистон ва Қирғизистондаги ГЭС лар ҳам туғдираётгани ҳақида гапирила бошланган эди.

Мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, жорий парламентга сайловсиз киришга йўлланма олган Ўзбекистон Экологик ҳаракати сувнинг исроф бўлишига сабаб бўлаётган Ўзбекистон ҳукумати сиёсатини танқид остига олмайди.

- Ҳукуматнинг буйруғига асосан¸ хоҳишига асосан маълум бир масалаларни кўтариб чиқиши мумкин. Шу жумладан¸ қўшни республикаларда қурилаëтган гидроэлектростанцияларни танқид қилиш асосан Экологик ҳаракат ташкилотига топширилади. Бу ҳукуматпараст ҳаракат фақатгина қўшниларнинг камчилигини ëки уларда йўқ муаммоларни кўрадиган ҳаракат бўлади. Ҳукуматнинг ўзи танқид билан чиқди дейилмайди ва булар экспертларнинг фикрларини олиб¸ бир томонлама ўзларининг фикрларини матбуотда¸ интернетда баëн эта бошлайдилар. Шу билан қўшни мамлакатларга¸ дунë ҳамжамиятига таъсир ўтказишга ҳаракат қилишади¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Ўзбекистонда “чўнтак партиялари” деб аталадиган бошқа партиялар каби жорий йил охирида бўлиб ўтадиган парламент сайловларида Ўзбекистон Экологик ҳаракати дастурларини ҳеч ким савол остига қўймайди. Аммо мустақил кузатувчи Искандар Худойберганов Экологик ҳаракатнинг ўзбекистонлик сайловчилар учун ҳеч қандай долзарблиги йўқ¸ деб ҳисоблайди.

- Шунчаки бу. Буям ном. Ўзи аслида экология масаласи бизларда долзарб эмас. Айниқса ҳозирги пайтда. Агар экономика ривожланса¸ муаммо пайдо бўлиб қолиши мумкин. Кўп заводлар ëпилган. Бу муаммо бизда жуда актуал муаммо эмас¸ дейди Искандар Худойберганов.

Эҳтимол жорий иқтисодий муаммолар қаршисида, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ташаббуслари айрим ўзбекистонликлар учун унча долзарб кўринмаётгандир.

Аммо Ғарб давлатлари тажрибаси том маънодаги “яшил” ғоялар билан эркин сайловларда ғалаба қозониш ва ҳатто ҳокимиятга келиш мумкинлигини исботлаб бермоқда. “Яшил ғоялар” асосида нафақат табиатни асраш балки демократия, либерал қадриятлар, фуқаролик эркинлигини ҳимоя қилиш каби ғояларнинг борлигини Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳозирча тилга олгани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG