Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:04

Тожикистонда лампочка алмашади


Шу йилнинг 1 октябридан эътиборан Тожикистон бозорларида юмалоқ лампочкалар билан савдо қилиш таъқиқланади – бундай лампочкаларни сотган киши ҳам, харид қилган киши ҳам маъмурий жазога тортилади.

Кейинги ойдан бошлаб республика фуқаролари хитойи лампалардан фойдаланиши шарт.

Бу тартиб Тожикистон президенти Имомали Раҳмон шу йил 24 апрелида имзолаган “Электр энергиясидан унумли фойдаланишга доир қўшимча тадбирлар” фармони асосида амалга оширилмоқда.

Мазкур ҳужжат “аҳолини узлуксиз электр билан таъминлаш ва республикада энергия тежагич ускуналардан кенг кўламда фойдаланиш мақсадида” қабул қилинган.

Айни кунда республика президенти фармони тарғиботи бўйича катта кампания бошлаб юборилди. Хусусан, президент Имомали Раҳмон Рамазон фитри тариқасида кам таъминланган 360 оилага 8 донадан энергия тежовчи лампочка тақдим қилди. Мамлакат раҳбарининг бу инъомини маҳалла қўмиталари фаоллари Улуғ Ватан уруши иштирокчилари, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари ва нафақахўрларга тарқатиб берди.

Айни пайтда биз Тожикистон ҳукуматининг энергетика соҳасидаги янги стратегияси ҳақида оддий тожикистонликлар фикрини ўрганишга ҳаракат қилдик.

Суҳбатни эса президент туҳфасини олган хонадонларнинг биридан бошладик.

Душанбе шаҳрининг Чехов кўчаси, 64-уйида истиқомат қилувчи 70 ёшли Раҳимжон ота ҳовлисидаги саккиз хонанинг ҳаммасига хитойи лампалардан ўрнатганини айтади.

- Энди бу лампалар аввалги лампаларимиздек ёритмайди. Менимча, шуниси яхши, ортиқча сарф-харажатнинг нима кераги бор? Мана шу лапмаларни қўйгандан бери светга кам пул тўлаяпмиз, дейди нафақахўр суҳбатдошимиз.

Раҳимжон отанинг ён қўшниси Фароғат ҳам шу лапмалардан фойдаланаётган экан.

- Энди биз фақат ҳаммомимизга шу лампочкадан қўйганмиз. Уйларга 1 октябрдан кейин ўрнатамиз. Светчилар келиб, огоҳлантириб кетишган, агар биринчи числодан кейин совет лампочкаларини ёқсак, жарима тўлар эканмиз. Фойда-зарарини билмадим ҳозирча, дейди Фароғат.

Шунингдек, Фароғат шўролардан мерос қолган лампочкаларни хитойи лампочкаларга алмаштирмаса, республика энергетика тизими қанча жарима солишидан ҳам хабарсизлигини айтади.

Ёши бир жойга бориб қолган дўкондор Абдусамат ҳожи ота эса президент фармонига бўйсунмаса, маъмурий жазога тортилишидан ёзма равишда огоҳлантирилган бўлиб, у ҳар лампочка учун неча сомоний жарима солинишини яхши билади.

Отахоннинг гапига қараганда, унинг маҳалласидаги ҳар бир хонадон бошлиғи битта лампочка учун 17 сомоний (3,82 доллар - таҳр.) миқдорида жарима тўлаш борасида ёзма огоҳлантириш олган экан.

- Контролёрлар келиб, журналга ёзиб, огоҳлантириб, қўл қўйдириб олди. Қўрққанимдан 105 сомонийга (тахминан 24 доллар - таҳр.) лампочка сотиб олдим, “уйда йўғимда аёлларга ташвиш туғдиришмасин” деб. Энди ҳалиги уч ярим ва беш ярим сомонийлигидан 22 та олдим. Ҳаммаси куйди. Ўратепаникини (шўролардан қолган шаклдаги лампочкаларни демоқчи - таҳр.) қўйиб, анча вақт ишлатдик. Ҳам улар бунга қараганда уч баравар арзон эди. Булар “счётчикка эконом бўлади” деган пулни лампочка билан чиқариб олаяпти, дейди кекса суҳбатдошимиз норози оҳангда.

Шўролар замонида физика фанидан ўқувчиларга дарс берган ота хитойи лампочкалар зараридан анча-мунча хабардор эканини ҳам қўшимча қилади.

- Бу хитойи лампочкаларда нурланиш кучли, баданингизни тешиб ўтади. Кейин бунинг нури заифлигидан юрак сиқилади. Астма касали борларга зарари кўпроқ. Илгари бирор касални рентгендан ўтказиб олиб борсак, ҳамшира ўзи олиб кирарди, “мумкинмас, облучения бўлади” деб. Ҳозир мана ҳамма ёқда нурлантирувчи лапмочкалар қўйиб ташлашди, дейди Абдусамат ота.

Яқинда Россиядан қайтган 23 ёшли суҳбатдошимиз Азизбек ҳам хитойи лампочкалар зарарини сеза бошлаганини таъкидлайди.

- Кўзга зарари бор экан. Эрталаб уйда чиқаётиб офтоб нурига тўқнаш келсангиз, кўзингизни очолмайсиз. Тахминан 15 минут кўзингиз юмуқ туради. Бизга муҳими саломатлик-ку, счётчикларимиз кўп ишласа, 5 сомоний (1 доллардан сал кўпроқ -таҳр.) ишлар, тўлаймиз, дейди меҳнат муҳожирлигидан қайтган Азизбек.

Суҳбатдошимиз хитойи лампочкаларни мамлакатда жорий қилиш республика электр энергия заҳираларини тежашдан кўра кўпроқ ҳукумат ўзига тегишли доиралардан бўлган тижоратчилар бизнесини ҳаспўшлаш бўлса ажаб эмас, дея мулоҳаза билдиради.

Бу фикрга душанбелик Валижон ҳожи ота ҳам қўшилади.

- Энди булар вақтида сотиб олиб келган, пулларини чиқаришлари керак-ку. Халққа қийин бўлса ҳам уларга қийин бўлмаслиги керак, дейди Валижон ота таънаомуз.

Суҳбатдошимиз Хитой лампалари қонун доирасида сотувга чиқарилганидан кейин Сўғд вилоятининг Ўратепа шаҳридаги лампочка ишлаб чиқариш корхонаси ҳам ёпилиши ва республика корхоналари сони тағин биттага камайиши ортидан мамлакатда ишсизлар сони яна ортиши мумкинлиги, бу эса жуда ўкинчли эканини айтади.
XS
SM
MD
LG