Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:53

“Гувоҳлар” айбланувчига айланди


Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси ходимларига кўра, “Ёҳуво гувоҳлари” вакилларининг ижара уйидан 100 дан зиёд китоб ва аудиодисклар топилган.
Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси ходимларига кўра, “Ёҳуво гувоҳлари” вакилларининг ижара уйидан 100 дан зиёд китоб ва аудиодисклар топилган.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида “Ёҳуво гувоҳлари”нинг 16 нафар аъзоси ноқонуний диний тарғибот билан шуғулланганликда айбланиб, ҳибсга олинди.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотларида айтилишича, ўтказилган тезкор-текширув тадбири жараёнида “Ёҳуво гувоҳлари” оқимининг 16 аъзоси ҳибсга олинган.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотларида айтилишича, “Ёҳуво гувоҳлари” вакиллари маҳаллий аҳоли ўртасида ноқонуний тарғибот ишларини олиб борган, жамоатчилик жойларида ёшларни ҳарбий хизматдан бош тортишга чақирган.

Ички ишлар бошқармаси мулозими Фируз Боқийнинг сўзларига кўра, махфий равишда фаолият олиб борган мазкур гуруҳ Хўжанд шаҳри марказидаги уйларнинг бирида қўним топган. Гуруҳ ижарага олган уй тинтув қилинганда хорижда чоп этилган диний-тарғибот мазмунидаги 100 дан ортиқ китоб, аудиодисклар мусодара қилинган. Қўлга олинганларга Тожикистон Жиноий Кодексининг 189-моддаси (аҳоли ўртасида миллий ирқчилик, маҳаллий, диний низоларни уйғотиш) бўйича айблов қўйилган.

Хўжанд шаҳар хукумати ҳузуридаги диний ишлар қўмитаси ходими Ҳамзаали Пўлодовнинг айтишича, “Ёҳуво гувоҳлари” насроний диний оқими фаолияти республикада расман тўхтатилган.

- Ушбу оқим аъзолари асосан Инжил тиловат қилиш билан шуғулланишган. Улар орасида аёллар ва 6-10 ёшдаги ёш болалар ҳам бўлган. Уларнинг бир қисмини тожик ва ўзбек миллатига мансуб одамлар ташкил этади. Улар айнан шу гуруҳ аъзолари эканларини яширишмади, дейди Ҳамзаали Пўлодов.

Диний ишлар қўмитаси викилининг айтишича, 1997 йилда Тожикистонда расман қайдга олинган “Ёҳуво гувоҳлари” ташкилоти мамлакат қонунларига зид иш юритганлиги сабабли 2007 йилда фаолияти тўхтатилган. Аммо бу Тожикистонда “Ёҳуво гувоҳлари” аъзолари қолмади, дегани эмас. Улар орасида ҳатто маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам бор. Ана шулардан бири хўжандлик Матлубадир.

- Илгари мусулмон бўлганман. Лекин йиллар ўтиб, мен Исо уммати бўлишни ихтиёр қилдим. Бугун мен учун мана шу мазҳаб тўғри йўл, деб ҳисоблайман. Чунки зино қилган, одам ўлдирган ва икки одамни ўртасига айрилиқ солган одамларнинг гуноҳи кечирилмайди. Мен ҳам бир пайтлари гуноҳ қилиб қўйдим ва насронийлар уйига келиб, гуноҳимдан тозаландим. Ўша ерда ибодат қилганимдан кейин бутун қалбим янги бўлди, мени Худо кечирганлигига ишондим. Оиламизда сингилларим ҳам насроний динини қабул қилган. Лекин ака-укаларим бунга қарши, дейди Матлуба.

Маҳаллий таҳлилчи Мақсуд Жўраев фикрича эса, тожикистонлик анъанавий дин вакилларининг бошқа дин ва оқимларга кириб кетишга руҳий таскин илинжи эмас, балки фақирлик, иқтисодий танглик ундамоқда.

- Одамларнинг бошқа мазҳабларга ўтиб кетишига асосий сабаб ўша гуруҳлар бераётган эҳсонлардир. Бундай гуруҳлар одамларни моддий манфаатдорлик йўли билан ўз сафига жалб қилишга уринаётгани ҳақида маълумотлар бор. Бошқа томондан, республика ҳукумати, маҳаллий раҳбарлар ўз фуқароларига жиддий эътибор бермай қўйган. Раҳбарлар ўз халқига ёрдам берса, ғамхўрлик кўрсатса, мана шундай миссионерлик ташкилотлари бизнинг юртимизда ўз эътиқодларини ўтказа олмайди, дейди Мақсуд Жўраев.

Таҳлилчи ота-бобоси мусулмон бўлган сўғдликларнинг насроний дини оқимларига кириб кетишини ҳукуматнинг йил сайин мусулмон диндорларга бўлган тазйиқи кучайиб бораётгани билан ҳам изоҳлайди. Мақсуд Жўраев фикрича, айрим мусулмонларнинг насроний динини қабул қилиши кейинчалик биродаркушлик каби салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Айни пайтда “Яҳуво гувоҳлари” диний оқимига фақат мусулмонларгина эмас, Марказий Осиёда насронийларнинг анъанавий динларидан бўлган православ дини вакиллари ҳам эргашиб кетаётганини кузатиш мумкин. Рус православ черкови руҳонийси ҳазрат Олег “Ёҳуво гувоҳлари” каби диний оқимлар айниқса ёшларни ўз сафига фаол жалб қилаётганини айтаркан, прозелитизмнинг фақат давлат олдидагина эмас, Худо олдида ҳам гуноҳ иш эканини таъкидлайди.

- Бошқа насроний оқимлар вакиллари фақат Исони қабул қилишга, ўз мазҳабларидан воз кечишга даъват этишлари нотўғри албатта. Бу Яратган олдида ҳам гуноҳдир. Ахир ислом ёки православ дини бошқа диндагиларни ўзига мажбуран жалб қилмайди-ку, дер экан православ руҳонийси одамларни моддий рағбатлантириш эвазига бирон-бир оқимга оғдириш эътиқод эркинлиги тамойилига ҳам моҳиятан зид эканини таъкидлайди.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда ислом динидан ташқари 85 та бошқа диний мазҳаблар мавжуд.

Айни пайтда Сўғд вилоятида фаолият юритаётган анъанавий динлардан бошқа диний оқим вакиллари Тожикистонда ўзларига нисбатан босим тобора кучайиб бораётганини урғуламоқдалар. Бир неча йил аввал Душанбе шаҳрида Сонмин Сунбогим насроний черковининг портлатилгани, Сўғд вилояти Исфара шаҳрида баптист руҳонийсининг отиб ўлдирилгани бунга мисол ўлароқ келтирилмоқда.
XS
SM
MD
LG