Линклар

Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятида ўзбек тилида сўзлашувчи оилалар фарзандлари учун синфхоналарнинг ташкил этилиши сўнгги 18 йил мобайнида илк бор кузатилмоқда.

Хатлон вилоятидаги Данғара шаҳри аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил этади. Шунга қарамай, бу шаҳарда шу кунгача шўролар замонидан мерос қолган атиги учта ўзбек мактаби фаолият кўрсатиб турибди.

Данғарадаги ўзбек оилаларининг фарзандлари ўз она тилида етарли билим ололмаётганига доир шикоятлар ҳам онда-сонда қулоққа чалиниб турарди.

Кўлоб вилоят таълим бошқармаси мудири Имомали Сайидамиров Озодлик радиоси тожик хизматига берган суҳбатида жорий ўқув йили бошидан Данғарадаги ўнта тожик мактаби қошида янги ўзбек синфлари ташкил этилиши ҳам айнан ота-оналар талабларини эътиборга олган ҳолда амалга оширилганини билдирган.

- Данғара шаҳрида фаолият кўрсатаётган учта ўзбек мактаби билан бир қаторда Темурмалик, Фархор, Ҳамадоний каби туманлардаги ўзбек мактаблари ҳам Тожикистон Таълим вазирлиги нашр қилдирган адабиётлар, дарслик китоблар билан тўла таъминланган. Худо хоҳласа, янги ташкил этилган ўзбек синфлари ўқувчилари ҳам ўқув қуролларисиз қолмайди. Албатта, Ўзбекистон лотин алифбосига ўтиб олганидан сўнг ўзбек мактабларимиз, синфларимизда дарслик муаммолари пайдо бўлганини тан олиш лозим. Лекин у муаммолар бугун ортда қолди. Давлат раҳбари ва Таълим вазирлиги ташаббуси билан Данғарада ўзбек синфларининг очилиши аввало фуқароларимизга етарли билим олишлари учун шароит яратиб бериш, иккинчидан эса ўзбек биродарларимиз билан алоқаларимизнинг мустаҳкамланиши сари босилган қадам десак, муболаға бўлмас, дейди Кўлоб вилоят таълим бошқармаси раҳбари.

Имомали Сайидамиров ўтган ўн йил давомида Кўлоб минтақасидаги ўзбек синфларини ёпиш ёки ўзбек тилида сўзлашувчилар ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилиниши каби ҳолатлар ва бунга жавобан ота оналар шикоятлари қайдга олинмаганнини билдирди.

Айни пайтда Душанбе шаҳридаги Садриддин Айний педагогика университетининг бир гуруҳ ўқитувчилари республиканинг барча ҳудудлари, хусусан, мамлакат жанубий туманларидаги ўрта таълим мактабларида ўзбек синфларининг қисқартирилаётгани сабабли ўзбек оилалари ўз фарзандларини тожик синфларига топширишга мажбур бўлаётгани ва натижада ўша ҳудудда ўзбеклар ўз она тилларидан бегоналашиши вужудга келаётганидан бонг уришади.

- Баъзи оилалар мактаб йироқлиги учун фарзандини мажбур тожик синфларига топширади. Чунки техника йўқ, узоқдаги мактабларга боролмайди. Тожик синфини тугатган бола мактабда тожикча, ташқарида тожикча суҳбатлашади ва натижада ўз она тилини йўқотиб қўяди, дейди Садриддин Айний номли олийгоҳ ўқитувчиси Ражабали Хидиров.

Шунингдек, Хидиров бир неча йилдан буён этник ўзбеклар фарзандлари учун Душанбе шаҳрида ўзбек тилидаги хусусий гимназия ташкил қилиш режасини амалга оширолмай хуноб эканини таъкидлайди.

Айни пайтда пойтахт олийгоҳларидан бирида тарих фанидан дарс берувчи Сафарали Мирзоев Тожикистонда хусусий ўзбек мактаблари ташкил этиш Ўзбекистонда тожик синфлари барпо этишчалик муаммо эмаслигини таъйидлайди.

- Тарих саҳифаларини варақлар эканмиз, Ўзбекистоннинг этник тожиклар ўрнашган ҳудудларида тожик мактаблари сонининг анчагина экани гувоҳи бўламиз. Аммо, афсуски, вақт ўтгани сари, хусусан, Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг тожик синфлари ва мактаблари сони кескин қисқартирилди. Бироқ Тожикистонда қўшнимиздан фарқли равишда ҳар йил камида бешта янги ўзбек синфи ташкил этилмоқда, дейди олийгоҳ ўқитувчиси.

Жаноб Мирзоев Тожикистонда ўзбеклар ҳақ-ҳуқуқларининг поймол қилинаётгани ёки уларнинг мажбуран тожиклаштирилаётганига оид иддаоларда асос йўқлигини айтади.

У Тожикистон Таълим вазирлиги статистикасига таянган ҳолда биргина Кўлоб минтақасида 50 та ўзбек мактаби ҳеч бир тўсиқсиз фаолият кўрсатаётганини ўз сўзига мисол ўлароқ келтиради.

Маҳаллий таҳлилчи Тўлқин Тошматов ўзбеклар ва тожиклар ўртасидаги муаммони уларнинг ўзлари эмас, балки бу икки бир-бирига қон-қардош биродарларнинг бирдамлигидан манфаатдор бўлмаган махсус доиралар яратмоқда, деган ишончда.

- Ўзбеклар ва тожиклар қадимдан бир-бирига дўсту биродар. Бунинг исботини биз Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий асарларида кўришимиз мумкин. Ўйлайманки, икки халқ ўртасида мавжуд ҳар қандай муаммо раҳбарларимиз томонидан муроса йўли билан ҳал этилса, яқин келажакда ҳамма нарса ўз ўрнига тушиб кетади. Ўзбек-тожик можароси ҳам якунига етади. Ахир бу нима деган гап? Қаерга борсанг, ўзбек билан тожик бир нарсага талашгани устидан чиқасан. Халқаро ҳамжамият олдида ҳам уятга қолаяпмиз, дейди Тўлқин Тошматов.
XS
SM
MD
LG