Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:27

Эрон ҳарбий қудратини намоëн қилди


Якшанба ва душанба кунлари Эрон ўз асосий душмани Исроил ҳудудни нишонга олишга қодир ракеталарини синовдан ўтказди.
Якшанба ва душанба кунлари Эрон ўз асосий душмани Исроил ҳудудни нишонга олишга қодир ракеталарини синовдан ўтказди.

Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси душанба куни узоқ масофага уча оладиган навбатдаги ракеталарни синовдан ўтказди. Расмий Теҳронга кўра, ушбу ракеталар Исроил ҳудудини нишонга олиш қурбига эга.

Эрондаги нуфузли Инқилоб посбонлари корпуси узоқ масофага парвоз қила оладиган “Шаҳоб 3” ҳамда янги турдаги “Сежил” деб номланган ракеталарни синовдан ўтказди. Айтилишича, ҳар иккала русумдаги ракеталар 2000 км масофадаги нишонни ура олади.

Инқилоб посбонлари копруси қўмондонларидан бири генерал Ҳусайн Саламий “Шаҳоб 3” ракетаси муваффақиятли синовдан ўтказилганини тасдиқлади.

-Якшанба куни бошланган кенг кўламли ҳарбий амалиётлар доирасида биз бугун эрта тонгда “Шаҳоб 3” ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказдик. Бугун, шунингдек, қисқа ва ўрта масофага парвоз қиладиган ракеталар ҳам синовдан ўтказилди, деди генерал Ҳусайн Саламий.

Бироқ Эрон генерали “Сежил” ракетаси синовдан қандай ўтганини ошкор қилмади. Икки босқичли “Сежил” ракетаси технологик жиҳатдан такомиллашган бўлиб, “Шаҳоб 3” ракеталаридан анча фарқ қилади.

Душанба ва якшанба кунги ракета синовлари Эрон ядровий дастури юзасидан ташвиш билдириб келаётган Ғарб давлатлари ғазабини янада кучайтириши мумкин.

Ўтган ҳафта Эрон ҳукумати Қум шаҳри яқинида уранни тўйинтирувчи иккинчи корхона барпо қилаётганини ошкор қилди.

АҚШ, Буюк Британия, Франция ва қатор Ғарб давлатлари Эронни махфий равишда ядровий иншоотни қураётганликда айблаб келадилар. Бироқ расмий Теҳрон барча танқидларни инкор қилиб, қурилаётган иншоот ҳақида БМТ қошидаги Атом энергияси халқаро агентлигига маълумот етказганини билдирди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Ҳасан Қашқавий ракета синовларининг ҳарбий машқлар доирасида ўтказилгани ва ушбу синовларнинг Эрон ядровий дастурига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини баён қилди.

- Бу ракета синовларидан биз мудофаа мақсадларини кўзлаганмиз. Ракета яратиш технолигияларини муваффақиятли ўзлаштирдик ва бошқа давлатлар каби биз ҳам бундай ракета синовларини ўтказишимиз лозим. Ракета синовлари ва тинчлик йўлидаги ядровий дастуримиз ўртасида ҳеч қандай боғликлиқ мавжуд эмас. Бу ҳарбий машқлар доирасида амалга оширилган ракета синовларидир¸ деди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили.

Сўнгги ракета синовлари Эрон расмийлари ва қудратли давлатлар вакилларининг 1 октябр куни Женевада ўтказилиши кутилаётган муҳим учрашуви арафасида амалга оширилди.

Женева учрашувида БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси ва Германия вакиллари Эрон расмийлари билан ядровий дастур атрофидаги вазият ҳамда янги ядровий иншоотга оид масалаларни муҳокама қиладилар.

АҚШ, Буюк Британия, Франция, Исроил каби давлатлар Эронни ўз дастури ёрдамида ядровий қуролга эгалик қилишга уринаётганликда айбламоқдалар.

Эрон эса ўз дастури тинчлик мақсадларга йўналтирилганини таъкидлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG