Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:37

Ўзбекистонда ҳокимни ким, нега алмаштиради?


Кузатувчилар¸ Каримовнинг ҳоким алмаштиришни Бош вазирга юклаганини унинг яхши пошшо сифатидаги имижини сақлаб қолиш уриниши сифатида баҳоламоқдалар.
Кузатувчилар¸ Каримовнинг ҳоким алмаштиришни Бош вазирга юклаганини унинг яхши пошшо сифатидаги имижини сақлаб қолиш уриниши сифатида баҳоламоқдалар.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда бирданига икки пахтакор вилоят ҳокими алмаштирилди. Негадир бу сафар янги ҳокимларни тайинлашга президент Каримовнинг ўзи бормай¸ Бош вазирини жўнатди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳокимлар алмашув фаслини кузата туриб, бир неча хулосалар чиқариш мумкин.

Биринчиси, илгари ҳокимлик мансабига аксарият куч ишлатар тизимларида ишлаган шахслар қўйилар эди. Энди шу анъана бузилганга ўхшайди. Янги тайинланган ҳокимлар қишлоқ хўжалиги мутахассислари.

Жиззах вилоятига Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ҳоким этиб тайинланди, Сирдарёга эса собиқ ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича биринчи ўринбосари. Лекин бу тасодифан бўлгани йўқ, дейди Камолиддин Раббимов, зеро ўша 2004-2005 йилларда актуал бўлган вазифа, яъни ҳокимиятни мустаҳкамлаш вазифаси амалга ошириб бўлинди. Ва эндиги долзарб масала деб қишлоқ хўжалиги қараляпти.

- Менинг назаримда¸ ўтган йилларда ҳокимиятни куч ишлатар тизимлар орқали бўлса ҳам мустаҳкамлаш амалга оширилди. Ҳокимият учун бундай таҳдид кун тартибида мавжуд эмас. Ўзбекистоннинг жуда ҳам барқарор бўлган асосий муаммоси бу ижтимоий вазият бўлар экан¸ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги давлати бўлгани учун қишлоқ хўжалигига эътибор қилиш орқали вазиятни юмшатишга ҳаракат қилинаяпти. Қишлоқ хўжалиги муаммолари ҳар доим актуал бўлган. Энди ана шу актуалликни англаш жараëни бошланаяпти назаримда¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистонда одатда ҳокимлар алмашувини шахсан мамлакат президентининг ўзи вилоятларга бориб, мажлислар ўтказиб, йўл қўйган камчиликлари учун эски ҳокимнинг пўстагини қоқиб ишдан олар ва янги ҳокимга умид билдириб тайинлаб кетар эди. Кўп ўтмасдан навбатдаги ҳоким ҳам ана шундай пўстак қоқишлар билан ишдан олинар ва унинг кейинги карьераси устига қора чизиқ тортиларди. Бу анъана ҳам, энди бузилганга ўхшайди. Энди ҳокимларни олиш ва қўйишга Бош вазир Шавкат Мирзиёев бормоқда. Нега президентнинг ўзи бормай қўйди вилоятларга, бунинг сабаби нимада?

- Бош вазир Шавкат Мирзиëевнинг вилоятларга чиқиши ва ҳокимларни алмаштириши¸ икки-уч сабаблар билан боғлиқ. Биринчи сабабларидан бири¸ Ислом Каримовнинг жисмонан чарчатмаслик ва имижини имкон қадар сақлашга ҳаракат дейишимиз мумкин. Маълумки¸ Ислом Каримов 72 ëшга тўлди. Олдингидек бир йўла уч-тўрт вилоятга бориб¸ ҳар биттасида ярим соат¸ бир соатдан чиқиш қилиб¸ узоқ муддатлар самолëтда учиш Каримовни жисмонан чарчатса керак.

Ундан ташқари сиëсий мақсадлар ҳам мавжудки¸ ҳар бир вилоятга бориб¸ ҳокимларни алмаштиравериш орқали Каримовнинг обрўйи ортмади. Аксинча¸ жорий ëки собиқ ҳокимларга эмас¸ Каримовга бўлган ишончсизлик йилдан йилга оша борди. Чунки ҳокимларни алмаштириш орқали жойлардаги вазият фақат чигаллашди¸ салбийлашди дейишимиз мумкин. Бунга сабаб Каримовнинг шахсияти¸ собиқ ëки жорий ҳокимларнинг шахсияти эмас¸ балки Ўзбекистонда шаклланган сиëсий анъаналар¸ сиëсий тизимнинг ўзига хосликлари дейишимиз мумкин. Мана шу сиëсий тизим эса Каримов тафаккурининг ҳосиласи ҳисобланади¸ дейди мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистонда вилоят ҳокимларидан ҳали ҳеч ким узоқ муддат бу лавозимда ишлаб туролмаган. Хўш, бунинг сабаби нимада? Ҳокимлар унга ишонч билдирган президентнинг ишончини оқламадими ёки халқнинг ишончини оқлай олмадими?

- Бу ерда бир қанча фундаментал муаммолар мавжуд. Бир томондан янги ҳоким тайинлар экан президент¸ ўша жойдаги вазиятнинг ривожланишини¸ жамоатчилик фикрининг салбийлашмаслигини талаб қилади. Иккинчи томондан¸ ҳокимиятга фаолият кўрсатиш эркинлиги берилмайди. Яъни конституция даражасида Ўзбекистон унитар давлат. Унитар бўлганда ҳам жуда қўпол равишдаги унитар давлатки¸ унинг Тошкентдан келаëтган дастурларни амалга оширилиши назарда тутилади. Ҳоким Тошкентдан келаëтган кўрсатмалар доирасидагина маълум бир тадбирларни ўзи қўшиши мумкин.

Лекин Ўзбекистон федератив ëки ярим федератив давлат эмаски¸ вилоят ҳокими маҳаллий халқ депутатлари кенгаши билан биргаликда мустақил дастурларни ишлаб чиқа олмайди. Буни амалга ошириш мумкин¸ лекин бу сиëсий риск сифатида қабул қилинади. Шаклланган анъана шундан иборатки¸ ҳоким имкон қадар Тошкентдан келаëтган кўрсатмаларни аниқ бажариши керак¸ айни пайтда жойлардаги кайфиятни мўътадил ушлаб туриши керак. Қўпол қилиб айтганда¸ одамларнинг кўчага чиқишига йўл қўймаслиги керак¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчи фикрича, Ўзбекистонда ҳокимлик устидан назорат қиладиган жамоатчилик институти йўқ. Ҳоким бу вилоятда якка ҳоким. Унинг биринчи вазифаси халқнинг оғирини енгил қилиш эмас, балки юқоридан келган кўрсатмаларни сўзсиз бажаришдир.

- Яна битта муаммо¸ ҳокимларни тайинлаш механизми умуман шаффоф эмас. Президент девонида кадрлар билан ишлаш бўлими мавжуд. Президентнинг давлат маслаҳатчиси бу ишлар билан шуғулланади. Бу жараëн у ерда жуда ҳам коррупциялашган. Чунки ҳар битта вилоятда жуда ҳам катта ресурслар мавжуд. Ресурслар устидан назорат ўрнатишга ëки коррупцион даромадлар қилишга манфаатдорлик ҳар доим юқори бўлган. Буни ҳеч қачон Каримовнинг ўзи ҳам яширмаган. У ўз китобларида ëки бир қанча нутқларида коррупцияни Ўзбекистон давлатчилигига энг катта таҳдидлардан бири деб ўзи айтиб келган¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Хўш, вилоят ҳокими номзоди президент томонидан қандай танланади? Ҳокимнинг қайси фазилатлари президентга ёқадиган бўлиши керак? Ишончли манбаларга таянган ҳолда бу саволга Камолиддин Раббимов шундай деб жавоб берди.

- Одатда¸ у ердаги регламент бўйича¸ Каримовнинг олдига бир эмас¸ бир нечта номзодлар олиб чиқилиши керак. Масалан¸ тўртта-бешта номзодларнинг делоси олиб чиқилади. У ерда керакли идоралардан тавсияномалар ҳам бўлиши шарт. Улар билан танишиб чиққандан кейин Каримов тахминан бир ҳафта¸ 10 кун ўйланади ва ўзи хоҳлаган шахсни суҳбатга чақиради. Агар бу шахс суҳбатдан ўтмаса¸ навбатдаги шахсларни суҳбатга чақиради. Бу кўпинча бўладиган ҳолат. Лекин Каримовнинг ўзи олдиндан бирор бир шахсни кузатиб юрган бўлса¸ бошқаларнинг делолари билан танишмасдан ўша одамни тайинлайди ва унга қўйиладиган биринчи шарт сиëсий содиқлик. Яъни Каримовнинг ҳокимиятини мустаҳкамлаш призмаси орқали ўша шахсга қаралади. Лекин мана шу жараëн ҳам коррупциядан ҳоли эмас. Чунки кўрсатилаëтган номзодларнинг делосининг у ерга чиқишининг ўзи ҳам таниш-билишчилик¸ гуруҳларнинг манфаатдорлиги натижасида амалга оширилади¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Ҳокимияти тизимида узоқ йиллар ишлаган сурхондарёлик Ҳайдар отанинг айтишича, ҳокимлар токи халқ томонидан сайланмас экан ва ҳокимиятлар ислоҳ қилиниб¸ кенгашларга айлантирилмас экан, бу тизимда яхшилик сари ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди:

- Демократия деган гап бор ўзи бизда. Иккинчидан¸ халқ томонидан сайланса ва халқ олдида ҳисоб берса¸ ўшанда масъулиятини сезади¸ халқдан қўрқади. Мен халқ олдида ҳисоб беришим керак¸ халқ мени сайлаган¸ деб ҳокимиятнинг масъулияти ошган бўлади. Бу қилинмаяпти. Ҳоким деган нарсани ўзининг номи билан ҳоким деб қўйибди.

Демократик давлатда якка бошчилик бўлмайди. Собиқ СССР даврида ҳам кенгаш эди. Сессия олдида ҳисоб берарди. “Мени президент сайлаган. Мен президентнинг вакилиман” деб ўзини баланд тутади. Адолатсизликка томон юради. Нима иш қилса ҳам уни текширадиган одам йўқ. Назоратдан чиқиб қолади. Ишлаган пайтида йиғади. Ишдан бўшагандан кейин уни ҳеч ким сўрамайди¸ дейди сурхондарёлик Ҳайдар ота.
XS
SM
MD
LG