Линклар

logo-print

Меркел яна канцлер


Ғалаба нашидасини суришга кўп ҳам вақт ажратмаган Меркел дарҳол коалицион ҳукумат борасидаги музокараларга киришди.

Ғалаба нашидасини суришга кўп ҳам вақт ажратмаган Меркел дарҳол коалицион ҳукумат борасидаги музокараларга киришди.

Якшанба кунги парламент сайловида қарийб 34 фоиз овоз билан Ангела Меркел етакчилигидаги Христиан демократлар партияси ғалаба қозонди.

Германия канцлери Ангела Меркел етакчилигидаги Христиан демократлар партиясининг якшанба кунги парламент сайловида ғалаба қозониши қарийб аниқ эди. Гарчи, яқинда ўтган маҳаллий сайловларда бу партия олган овозлар кўрсаткичининг аввалгидан анчагина пастлагани кузатилган бўлса-да.

Шу боис, 27 сентябр кунги ғалаба нафақат Ангела Меркел партияси¸ балки бу партия коалиция тузишга киришган Озод демократлар партиясининг хизматидир, дегувчилар кўп бўлмоқда.

Сайлов натижаларига кўра, Озод демократлар партияси сайловчиларниннг 15 фоиз овозини қозонган. Христан демократлар партияси эса 34, социал-демократлар 23 фоизга яқин овоз қозонди.

Социал-демократлар бу билан Иккинчи жаҳон урушидан буён кузатилган энг катта муваффақиятсизликка учрагани ва шу тариқа бу партиянинг ҳукуматдаги 11 йиллик фаолиятига якун етгани қайд этилмоқда.

Германия матуботи хабарига кўра, партия етакчиси Франк-Вальтер Штайнмаэр мағлубиятни тан олиб, ўз партияси қатъий мухолиф позициясига ўтишини маълум қилган.

Ангела Меркел 28 сентябр кунги чиқишида сайловнинг бу тариқа натижасига муносабатини билдира туриб, жамоатчилик кутмаган натижани қозонган Озод демократлар билан коалиция тузиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини айтди.

- Мен бугунги муҳитни жуда ҳам яхши, дея таърифлаган бўлар эдим. Тез орада мен Озод демократлар партияси етакчиси ҳамда Христиан социал иттифоқи етакчиси Хорст Зеехофер билан келаси бир неча кун ва ҳафта ичида коалиция тузиш борасида музокаралар бошлаш масаласини муҳокама қиламан. Биз бу ишни тез фурсатда амалга ошириш иштиёқидамиз, деди Ангела Меркел.

Ангела Меркел сайловолди чиқишларида Германия шу кунларда муқаддам бошдан кечирмаган иқтисодий бўҳрон исканжасида экани ва бу бўҳрондан чиқиш йўлида Озод демократлар билан жиддий иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш ниятида эканини айтган эди.

Озод демократлар партияси етакчиси Гвидо Вестервел ҳам шу ниятни тилга олар экан, Христиан демократлар билан музокаралар шу ҳафта ичида бошланишини айтди.

- Коалиция тузиш бўйича музокаралар ёки энг камида дастлабки сўзлашувлар шу ҳафтада бошланади. Мен 28 сентябр куни пешиндан кейин Христиан-демократлар партияси етакчиси Меркел хоним билан юзма-юз суҳбатлашаман ва ойдинки, бу суҳбатда муҳокама учун тайинланадиган вақт ҳамда шу каби бошқа масалалар хусусида гап боради. Биз суръатни туширмоқчи эмасмиз. Биз қатъий шижоат ва тўлиқ куч билан ишлаш истагидамиз, деди Либерал демкоратлар етакчиси Гвидо Вестервел.

Аммо, мамлакат таҳлилчилари 27 сентябр кунги сайловлардан сўнг сиёсий саҳна қаҳрамонларига айланган Ангела Меркел ва Гвидо Вестервел бошқараётган сиёсий гуруҳлар мақсади ўртасида муштарак нуқталардан кўра зиддиятли нуқталар кўплигини тилга олмоқда.

Мисол учун, кутилмаганда сайловчилар эътиборини қозонган Озод демократлар дастурининг бош нуқтаси солиқларни пасайтиришдир. Озод демократлар уч босқичли солиқ тизимини жорий этиш тарафдори.

Бунда 20 минг еврогача бўлган даромаднинг 10 фоизи, 50 минг еврогача бўлган даромаднинг 25 фоизи, 50 минг евродан юқори бўлган даромаднинг эса 35 фоизи солиққа тортилади.

Солиқнинг шу тахлит янги тизими тўғрисидаги қарорсиз озод демократлар коалицияга кириш ниятида эмас. Бироқ, Христиан демократлар орасида ёш сиёсатчиларнинг бундай талабини ножиддий, деб баҳолаётганлар кўпчилик.

Бундан ташқари, либераллар ходимларни ишдан бўшатиш тўғрисидаги қонунни бироз юмшатиб, бугунги иқтисодий бўҳрон шароитида кичик ва ўрта корхоналарга кўпроқ эркинлик бериш тарафдори. Консерватив сиёсатчилар эса бундай ўзгартиришларга ҳозирча рози эмас.

Бундан ташқари Германия армияси ва унинг ваколатлар бобида ҳам бу икки сиёсий гуруҳ ўртасида кескин қарама-қаршиликлар бор. Шу боис, ана шундай зиддиятлар остида либерал демократларга қўл бераётган Ангела Меркел учун жуда оғир сиёсий давр бошланганини қайд этаётган таҳлилчилар кўп бўлмоқда.

Шундай синовли даврда жаҳоннинг аксар қудратли давлатлари етакчилари Германия канцлерини қувватлаб, табрик йўлламоқда.

АҚШ президенти Барак Обама Меркел хоним билан ҳамкорликни давом эттиришга умид билдирди. Франция президенти Николя Саркози Меркелнинг ғалабаси сўнги тўрт йил давомида қўлга киритилган жамоатчилик ишончининг ҳосиласи эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG