Линклар

Қирғизистон мухолифати етакчиларидан бири, парламент депутати Бақит Бешимов ҳаётига хавф пайдо бўлгани туфайли мамлакатни вақтинча тарк этди.

Парламентдаги Социал-демократик партия фракцияси раҳбари Бақит Бешимовнинг билдиришича, август ойида унинг жонига қасд қилинган.

Бақит Бешимовга кўра, 23 июл куни Қурмонбек Бакиев сайловни сохталаштириб, Қирғизистоннинг ривожланган демократия йўналишида ривожланиш имкониятини йўққа чиқарган.

“Бугун мамлакатни нолегитим жиноятчи ҳокимият бошқараяпти. Мен бундай расмийларни тан олмайман”, деб ёзади Бақит Бешимов.

Социал-демократлар фракцияси раҳбари июль ойидан буён АҚШда эди ва айтишича, номаълум муддатга шу мамлакатда қолади.

Айни пайтда Қирғизистон парламентининг этика ва регламент бўйича комитети раис ўринбосари Динара Мўлдўшеванинг Озодлик радиоси қирғиз шўъбасига билдиришича, социал-демократлар фракцияси раҳбари Бақит Бешимов 1 сентябрдан буён парламент мажлисларида қатнашгани йўқ.

Мавжуд тартибга мувофиқ, агар депутат 30 ёки ундан кўп иш кунида парламент йиғилишларига жўяли сабабсиз қатнашмайдиган бўлса, ўз мандатини топшириши керак.

Шу важдан мазкур комитет яқин кунларда сентябр ойи бўйича натижа чиқариб, бу масалани кун тартибига қўйиши мумкин.

Аснода маҳаллий кузатувчилар депутат Бешимовнинг ўз жонига қасд қилингани ҳақидаги баёнотини турлича қабул қилмоқдалар. Қирғизистонлик таҳлилчи Ўрўзбек Мўлдалиев депутатга суиқасд қилинганига ишонқирамаётганини айтади.

- Албатта, Қирғизистондан чиқиб кетган одам ҳеч қачон расмийларни мақтамайди. “Ҳокимиятдагилар жуда яхши эди, менга нисбатан яхши муомалада эди, аммо мен бу ёққа келдим” деса, бу мантиққа тўғри келмай қолади. Мен Бешимовга суиқасд қилиш ҳаракати бўлмайди, деб айтолмайман. Аммо бу иш бўлганига шубҳа қилиб турибман, дейди Ўрўзбек Мўлдалиев.

Сиёсатшунос Марс Сариев эса Бақит Бешимовга амалдаги расмийлар томонидан қаттиқ босим бўлганига шубҳа қилмайди. Бунга у Бақит Бешимовнинг шу йил июл ойида ўтган президентлик сайловида Қурмонбек Бакиевнинг асосий рақиби бўлмиш Алмазбек Атамбаев сайлов штаби раҳбари бўлганини сабаб ўлароқ келтиради.

- Штаб раҳбари бўлгани учун сайлов тугаганидан кейин расмийлар Бешимов жуда қаттиқ тазйиқ-таъқибга олди, унинг ҳаёти учун хавф туғилди. Шу сабаб бўлди унинг кетганига, дейди Марс Сариев.

Аввалроқ “даъволангани кетган” Бақит Бешимовнинг шу кунларда АҚШдан сиёсий бошпана сўраш ўйида юргани ҳақида ҳам тахминлар айтилмоқда.

2005 йил март инқилобидан кейин қирғизистонлик бир неча сиёсатчи ва журналист хорижий ўлкалардан бошпана сўрашга мажбур бўлганлар. Сиёсатчилар Қубат Байбўлов, Эдил Байсалов, Ўмурбек Абдрахманов, Равшан Жеенбеков, журналистлар Чўлпўн Ўрўзўбекова, Жениш Эдигеев, Турат Бектенов, Сирғақ Абдилдаев, Қайрат Биримқуловлар шулар жумласидандир.
XS
SM
MD
LG