Линклар

"Давр менинг тақдиримда" эшиттиришининг бугунги қаҳрамони Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова.

“Светлана Боймирзаевна Ортиқова. Наманган вилоятининг Учқўрғон шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Ишни Наманган вилояти Учқўрғон туман прокуратураси нозирлигидан бошлаган. Сўнгра Наманган шаҳар прокурорининг ёрдамчиси, катта ёрдамчиси, Республика Бош прокуратураси бошқарма прокурори, Бош прокуратура қонунчилик тарғиботи бўлими катта прокурори лавозимларида фаолият юритган”.

Биз Ўзбекистон Бош прокуратурасига телефон қилганимизда¸ гўшакни Ортиқова хоним кўтарди.

Светлана Ортиқова: Ассалому алайкум. Эшитаман Абдулла ака.

Озодлик: Менинг аëлларга бағишланган "Давр менинг тақдиримда" деган эшиттиришим бор.

Светлана Ортиқова: Яхши.

Озодлик: Мустақилликдан кейинги ҳаëтингиз ҳақида гапириб берсангиз. Бу 18 йиллик давр аëл сифатида¸ жамиятнинг аъзоси сифатида сизнинг ҳаëтингизда қандай акс этди?

Светлана Ортиқова: Майли¸ бажонидил.

Озодлик: Демак¸ 18 йиллик ҳаëтни кинодай кўзингизнинг олдидан ўтказсангиз¸ бу сизнинг ҳаëтингизда қандай акс этди? Мамнунмисиз?

Светлана Ортиқова: Албатта. Одам туғилгандан кейин ўз олдига қандайдир режани қўяди¸ қандайдир мақсадни қўяди. Мана шу 18 йил ичида прокурор бўлишга¸ эркин фуқаро бўлишга¸ профессионал бўлишга¸ аëл бўлишга¸ она бўлишга эришдим. Олдимга нима қўйган бўлсам¸ хорижга бориб келиш¸ халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга бўлган муносабати ëки Ўзбекистоннинг уларга бўлган муносабати¸ халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистоннинг тутган ўрнига қарашларини... 18 йилнинг ичида¸ хабарингиз бор¸ Ўзбекистон БМТ нинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлган. Бу ҳам менинг тақдиримга жуда катта таъсир кўрсатган. Бу менинг дунëқарашимда¸ менинг билимимда¸ менинг одамларга бўлган ëки касбимга бўлган муносабатда жуда катта аҳамиятга эга. Одам учун 18 йил жуда катта вақт.

Озодлик: Бир одам туғилиб¸ вояга етадиган давр.

Светлана Ортиқова: Ҳа. Лекин давлат учун 18 йил томчига ўхшаган нарса. 18 йил ичида суд¸ ҳуқуқ ислоҳотларини¸ прокуратура органларига¸ мана сиз прокурор сифатида эмас¸ аëл сифатида интервью беринг деяпсиз¸ лекин мен ўзимни прокуратурасиз¸ прокуратурадан ажралган ҳолда тасаввур қила олмайман. Прокурорлик қон-қонимга¸ суяк-суягимга сингиб кетган. Менинг прокуратура органларини олдингилари билан таққослаш имкониятим бор¸ чунки 18 йилдан олдинги даврда ҳам прокуратурада ишлаганман. Мана 18 йил ичида ҳам прокуратурада ишлаяпман. Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари прокуратура органларига қанчалик таъсир қилгани¸ шахсан менинг ҳаëтимга таъсир қилгани.

Тасаввур қилинг Абдулла ака¸ мана шу 18 йил ичида мен Адлия катта маслаҳатчиси унвонига эга бўлдим. Ҳарбий унвонга таққосласак¸ полковник деган унвон олдим. Мана шу 18 йил ичида президентимиз қўлларидан “Меҳнат шуҳрати” орденини олдим. Яқинда битта таниқли олим билан учрашганимда “Ҳуқуқий журналистика асосчиларидан бирисиз. Ҳуқуқий журналистиканинг ўзига хос мактабини яратдингиз” деб менинг камтарона меҳнатимни баҳолади. Олим шунақа баҳолаб турса¸ одам ўзини жуда бошқача сезадида. Бу ҳам мустақилликнинг меваси. Бу ҳам мустақил Ўзбекистоннинг ўзининг фуқаросига¸ ўзининг жамиятига бўлган муносабати. Чунки ўша жамиятнинг¸ ўша халқнинг кичкина бўлаги Ортиқова бўлади.

Озодлик: Светлана хоним¸ олдинги суҳбатларимиздан бирида таниқли кинорежиссëр Комил Ëрматов суратга олган “Ер фарзанди” фильмидаги Юсуф Ялангтўш образидан руҳланганингизни айтган эдингиз. Мана сиз ҳам полковниксиз. Яна қанақа фильмларни яхши кўрасиз?

Светлана Ортиқова: Ўзимнинг дунëқарашим ҳақида айтсамда. Ким бўлишидан қатъий назар¸ жинсидан¸ ирқидан¸ рангидан қатъий назар¸ инсон ўзининг ватанини севса¸ мен ўша инсонни севаман. Ўша одам ўз касбининг ҳақиқий эгаси бўлса¸ буни профессионал дейди¸ ўша одамни севаман. Абдулла ака¸ яна битта нарса борки¸ садоқатли бўлиш керак. Мана прокурор бўлиб ишлаяпман¸ хорижий журналистлар билан¸ маҳаллий журналистлар билан мулоқотга киришаяпман¸ халқаро ташкилотлар билан жуда катта анжуманларни ўтказаяпмиз¸ конференцияларни ўтказаяпмиз. Агар сиз ўзингизнинг мустақил фикрингизга эга бўлсангиз ва ўша фикрингизни ифода эта билсангиз¸ ҳар қандай савиядаги¸ поғонадаги инсонлар сизни ҳурмат қилади. Шунинг учун мен ўзининг эркин фикрини эркин ифода қилган одамни бошимга кўтариб юришга ҳаракат қиламан.

Яна битта нарсани айтиш керак¸ бу хотин-қизларга бўлган муносабат. Мана шу 18 йилнинг ичида хотин-қизларнинг ривожланишига¸ фаоллигига¸ депутат¸ сенатор бўлишига¸ мана прокурор бўлишига¸ тадбиркорлик билан шуғулланишига¸ фермер хўжалиги бошқарувчиси бўлишига жуда катта имкониятлар берилаяпти. Шу имконият бор экан¸ инсонларга¸ аëлларга шу имкониятдан фойдаланиш қолди¸ холос.

Озодлик: Мана сиз жиноий ишларни¸ тафсилотларни ўқийсиз. Кўнглингиз бундан ташқари бадиий адабиëт¸ яхши бир қўшиқ ҳам тусайдими?

Светлана Ортиқова: Албатта. Мана ҳозир “Ўзбеккино” томонидан ишланган¸ ўзбек халқига мос бўлган фильмларни жуда яхши кўраман. Эски ишланган фильмларни¸ мана Ялангтўшни эсга солдингиз¸ жуда яхши кўраман. Ўша фильмларда тарихга¸ тарихга бўлган муносабатга тўхталса ва ўша тарихий муносабат ҳозирги кунга кўчирилса¸ мана шунақа фильмларни яхши кўраман. Классик мусиқани жуда яхши кўраман. Чайковский¸ Бетховен¸ Ашрафий.

Ўзимизнинг Ўзбекистон миллий академик драма театрини ҳам жуда яхши кўраман. Уларнинг спектаклларига тушсангиз¸ одам роса мириқади. Маънавий озуқа ва дам олади. Эртасига ишга келсангиз¸ худди орқангизда қанот ўсгандек сезасизда. Ишингизни яхшироқ қилишга¸ одамларга ëрдам беришга¸ адашган бўлса¸ тўғри йўлга киритишга ҳаракат қиласиз. Маданият¸ маънавият¸ театр¸ спектакл¸ кинолар шахсан менинг ҳаëтимга ўзгача таъсир қилади.

Озодлик: Светлана хоним¸ сиз ҳақингизда қатъий аëл сифатида шаклланган тасаввур бор. Аммо оилада қандай аëлсиз? Болаларингиз ҳақида айтиб берсангиз.

Светлана Ортиқова: Уйда мен шарқий аëлман. Қониқдингизми жавобимдан?

Озодлик: Яъни овқат қиласиз¸ уй йиғиштирасиз.

Светлана Ортиқова: Албатта¸ уй йиғиштираман¸ уйларни супураман¸ овқат қиламан¸ полларни юваман¸ кир юваман¸ дазмоллайман¸ кўчани супураман¸ подъездни тозалайман. Кўпчилик қўшнилар “Подъезд тозалашга уялмайсизми?” дейди. Мен “Кўчани супуришга ҳам¸ подъездни тозалашга ҳам ҳеч қачон уялмайман” деб жавоб бераман. Нимагаки мен шу жойда яшайман. Шу жойни обод қилишга қандайдир бошқача мириқаманда. Оила билан озгина теракларни экдик. Ўшаларга сув қуяяпмиз¸ меваларни йиғиштираяпмиз.

Озодлик: Қанақа овқатларни пиширишни хуш кўрасиз?

Светлана Ортиқова: Мастава.

Озодлик: Энди болалик пайтларингиз ҳақида гапириб берсангиз. Ўсмирлик пайтларингизда бир кун келиб полковник бўламан¸ прокурор бўламан деб ўйлаганмидингиз?

Светлана Ортиқова: Наманган вилоятининг Учқўрғон шаҳрида туғилганман. У ерда ўрта мактабни олтин медал билан тугатганман. Боғчадан бошлаб прокурор бўламан¸ деб ният қилганман. Бизнинг туманда жойи жаннатда бўлсин¸ раҳматли Исоқжон ака Раҳматуллаев деган прокурор бор эди. Жуда адолатли¸ вазир келса ҳам¸ оддий одам келса ҳам бир хилда муносабатда бўлиб¸ кутиб олиб¸ бир пиëла чой бериб¸ дардини эшитиб¸ Учқўрғон туманида жуда ҳурматга эга бўлган инсонга мен ҳам ўхшай деб¸ кимдир адолатли ишлаш керак¸ кимдир адолатли яшаш керак¸ тўғри маслаҳат бериш керак¸ қоқилган одамга ëрдам қўлини чўзиш керак¸ деб боғчадан бошлаб ният қилганман.

Холис ният қилсангиз¸ йўлингизда сизга ëрдам берадиган инсонлар чиқади. Худойим ҳаракат қилган одамга¸ баракатини ҳам берар экан. Ҳозир дадам “Сенга қараб Учқўрғондаги барча ўқувчилар “Мен ҳам яхши баҳоларни олай. Мен ҳам китобларни ўқий. Оддий оиладан ҳам мана полковник чиқар экан”¸ деб мени ўзларига намуна қилиб олишаëтганини айтади. Мен бундан жуда ҳам ғурурланаяпман. Хато қилмасликка¸ ўзимнинг устимда кўпроқ ишлашга¸ билимли бўлишга¸ тилларни ўрганишга¸ дунëқарашимни янада кенгроқ қилишга¸ савиямни янада кўтаришга тинмасдан изланаяпман. Бу чиройли сўзлар эмас.

Озодлик: Дадангиз ҳақида гапириб беринг.

Светлана Ортиқова: Дадам ҳаëтлар. Исмлари Боймирза. Онам¸ афсуски¸ ўтганлар. Заводда оддий слесар бўлиб ишлаганлар. Тўртта фарзандни катта қилганлар. Мен мана шунақа ота-онадан туғилиб¸ вояга етганимга жуда қувонаман. Нимагаки¸ ота-онам ҳам мени адолатли бўлишга¸ бировнинг ҳақига хиëнат қилмасликка¸ ëлғон гапирмасликка¸ ўргатишган. Ота-онамнинг юзини ерга қаратмасликка¸ уларнинг орзуларини рўëбга чиқаришга ҳаракат қилганман. Менимча¸ қўлимдан келди.

Озодлик: Мен бу эшиттиришни анчадан бери олиб бораман. Баъзан сизнинг ҳам¸ менинг ҳам кўзимиз “Ўзбек фоҳишалари Дубайда¸ Туркияда¸ Ҳиндистонда қўлга олинди” деган ҳисоботларга тушади. Бундан дилимиз оғрийди. Баъзи онахонлар “Уруш пайтида ҳам шунақа бўлмаган” деб айтади. Мана шунақа нарсалардан аëл сифатида сизнинг ҳам дилингиз оғрийдими?

Светлана Ортиқова: Албатта. Абдулла ака¸ ҳозир хабарингиз бор¸ одам савдосига қарши курашиш тўғрисида қонун қабул қилинган. Президентимиз томонидан махсус комиссия ҳам ташкил қилинган. Бу комиссияга турли вазирлик ва идоралар аъзо бўлиб кирган. Шу комиссиянинг раиси этиб¸ Бош прокурор тайинланган. Жиноятчиликка қарши курашиш бўйича идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Бош прокурор зиммасига юклатилганлигини инобатга олиб¸ Бош прокурор комиссия раиси этиб тасдиқланган. Миллий режа тасдиқланган. Шу режани ишлаб чиқаяпмиз.

Афсуски¸ ҳозир бизнинг фуқароларимиз фирибгарларнинг гапига ишониб¸ енгил пулларга эга бўламан деб қул сифатида ишлатилаяпти¸ одам савдосининг қурбонига айланишаяпти. Шу одамларни Ўзбекистонга қайтаришга¸ уларга моддий¸ тиббий¸ ҳуқуқий ëрдам бериш учун ҳаттоки мана марказ ҳам ташкил этилди. Шу марказда шунда қурбон бўлганлар ўзини тиклаяпти. Иш топиб беришга ҳаракат қилаяпмиз ва ҳоказо.

Жиноят иши қўзғатилгандан кейин терговчининг ва прокурорнинг олдида битта савол туради: Нима сабаб шундай шароит яратилдики¸ шундан жиноятга қўл урилган? Жабрланувчилар билан гаплашаяпман. Енгил пул¸ тезроқ бойий. Жаннат бор¸ жаннатга борсанг¸ катта пулларни ишлаб келасан¸ деган гапларга ишонувчан. Фирибгарларнинг¸ жиноий гуруҳларнинг аъзолари руҳшунослар бўлади. Енгилтак ëки ишонувчан одамларни кўпчиликнинг ичидан танлаб олишга қанақадир ҳиссаси борда. Шунақа одамларни танлайди. Менинг ичим жуда оғрийди. Мен шу фурсатдан фойдаланиб¸ нафақат ўзбек аëллари¸ агар бошқа аëллар эшитадиган бўлса¸ мен ўтиниб сўрайман ва талаб қиламан: қадам босишдан олдин¸ айланиб кетай хотин-қизларимиз¸ ўйланглар. Қадам нотўғри босилса¸ бутун умрингиз барбод бўлиши мумкин. Менга ишонинглар.

Озодлик: Энди орзулар ҳақида гаплашсак. Бир пайтлар
Орзуларим бошлади йўлга¸
Ҳали етар манзилим йироқ.
деган ашула бўлар эди. Бугун сизнинг қанақа орзуларингиз бор?

Светлана Ортиқова: Ватаним¸ юртим тинч бўлсин. Осмонимиз мусаффо бўлсин. Халқимиз бой бўлсин. Биз кўрмаган нарсаларни бизнинг фарзандларимиз кўрсин. Мана президентимизнинг шиорларини айта қолай: Фарзандларимиз биздан кўра бахтли бўлишсин. Орзуим шу.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG