Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:24

2.Халқ тушунади


Дарҳақиқат халқ тушунади: ташлаб қўйилган кўлмагидан чиқиш учун оғиз очиши билан ўзининг ҳукмдорлар емишига айланишини яхши билади...
Дарҳақиқат халқ тушунади: ташлаб қўйилган кўлмагидан чиқиш учун оғиз очиши билан ўзининг ҳукмдорлар емишига айланишини яхши билади...

Халқ рост гапнинг қули. Халққа доим рост гапни айтиш керак.

Шавкатнинг хонадонига Қобилвойнинг ҳовлисидан водапровод қувури ўтган экан. Шавкат аёлманд киши – бешта боласи бор. Катталари уй-жойли, навбат кенжасига етди. Кенжаси ўғил – меросхўр. Меросхўр тагли-тугли хонадон қизига унаштирилди. Тўй куни – болохона битган куни бўладиган этиб белгиланди. Дарвозахонада болохона қурилиши бошланди. Уста чақирилди, тўртта мардикор ёлланди. Кўчага бир машина ғишт, бир машина қум, қирқ қоп цемент келтириб тўкилди. Ҳадемай девор кўтарилди. Хомаки лойиҳа бўйича болохона деразаси кўчага қараган бўлиши керак эди.

-Майли, кўчага қаратиб дераза ўрнатамиз, лекин қўшни тарафга қаратиб ҳам кичикроқ дераза қўймасак уйингизга қуёш тушмайди, ундан доим зах-моғор ҳиди анқиб турадиган бўлади, - деди Уста.

-Қобилвой нима дер экан? – деб Шавкат чаккасини қашлади.

-Уй сизникими ёки Қобилвойники?

-Меники-ю, аммо...

- Мен устаман, бажарилган меҳнатимга қараб ҳақ оламан. Ҳозир айтаётган таклифим бўйича меҳнат ҳажми камаяди; демак, менга камроқ ҳақ тўлайсиз. Бироқ, болохона битганидан кейин баҳорга чиқар-чиқмас моғор ҳидидан кўнглингиз айний бошлайди. Сўнг мени “уй қурмай қўлинг синсин!” деб қарғашга тушасиз.

-Ундай деманг, уста, мен нонкўр эмасман!

-Мен бўлсам, хўжайин, лўлининг эшагини суғориб пулини олиб кетадиган мардикор эмасман! Уста деган номим бор, қилган ишимнинг натижаси учун ҳам жавоб бераман. Агар таклифимга рози бўлмасангиз, майли, бу ёғига розиман, эртага бошқа уста топиб келинг, мен кетаман.

Шавкат аросатда қолди. Шомдан кейин ноилож Қобилвойнинг дарвозасини тақиллатди. Устанинг таклифини қўшнисига етказди, ундан маслаҳат сўради.

-Пўқ ебди! – деди Қобилвой. – Уста халқи пасткаш бўлади. Пасткаш устанинг гапига кирадиган одам ҳам пасткаш бўлади. – Қобилвой хайр-маъзурни ҳам насия қилиб тақ этказиб дарвозани ёпиб изига қайтади. Шип-шип этган қадам товуши йўлакдан хийла пайт эшитилиб туради.

Шавкат бўшашибгина изига қайтади.

Уста ўжар эди, битта гапидан қайтмайди – болохонадан қўшни тарафга қараган кичикроқ деразага жой ташлаб деворни кўтаради. Дераза ўрни кўзга кўринган куни Қобилвой водапровод қувурини шартта кесиб, трубасини девордан ошириб отиб юборади.

Тушдан кейин уста билан мардикорлар бекор ўтиради. Эртаси куни Шавкат битта икки юз литрлик бочка топиб келади, сўнг ён қўшнисидан сув сўраб бочкани тўлдиради. Кечки пайт маҳалла оқсоқоли бўлмиш Ҳаққул муаллим хонадонига бориб бўлган воқеани ётиғи билан тушунтиради.

-Мен бу ишга аралашмайман, - дейди Ҳаққул муаллим. – Итнинг феъли эгасига маълум дейдилар. Мен Қобилвойнинг феълини яхши биламан: шу пайтгача сизга сув бериб тургани учун ҳам раҳмат денг, оғайни! Аслида, у қишда қор сўраб борган одамга ҳам арчасини кўрсатиб: “Ўзимиз Қорбобо ясамоқчимиз”, дейди.

Шавкат узр айтиб уйига қайтади. Сўнг шахсий кутубхонасига қамалиб олиб астойдил юртменбоши номига шикоятнома ёзишга киришади...

Хўш, Қобилвойга қарши қандай чора кўриш мумкин? Кечаси бориб томига бир елим халта “қора дори”ни отиб юбориб, қўққис тинтув ўтказиб, сўнг қолган умрини турмада чиритиб юбориш – энг осон йўл. Бироқ, ўшандан кейин ҳам Шавкатнинг сув муаммоси ҳал бўлмайди: аламзада қўшни хотин икки дунёда ҳам водапровод қувурини қайта улашга кўнмайди. Эҳтимол, Қобилвойнинг бола-чақаларини ҳам қаматиб юбориб, уй-жойини мусодара қилиш лозимдир? Кимошди савдосига қўйилган ҳовлини инсофли одам сотиб олиб, Шавкатга сув берса-ку, дўппини осмонга отса ярашади.

“Сўфи, инсоф қил, сенга иймон керакмасму?” деган экан Фузулий.

500 йил муқаддам инсоф тиллоларга баробар бўлган бўлса, иймон ўзимизнинг сўм каби қадрсиз миллий валюта ҳисобланган кўринади.
Биз сабр-тоқат билан ўтиш даври қийинчиликларини енгиб ўтишимиз шарт. Чунки болаларимиз биздан кўра доно, биздан кўра прагматик ва албатта¸ биздан кўра бахтли бўлажак!

Марказий Осиёда вужудга келган сув муаммосини халқимизга рўй-рост айтишимиз лозим. Керак бўлса, болохона қурилиши муносабати билан сув муаммосига дуч келган Шавкатнинг шикоятномаси асосида сценарий ёзиб, кўп қисмли миллий сериал яратиш зарур. Миллий сериалда ўзимизга хос ва ўзимизга мос менталитетимиз ёрқин акс эттирилиши керак десам, кўпчилик фикримга қўшилса керак.

Халқ рост гапнинг қули. Халққа доим рост гапни айтиш керак.
XS
SM
MD
LG