Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:31

Қамоқдан товуш


Айтилишича¸ ҳозирда Тожикистон қамоқларида 10 мингга яқин маҳбус сақланмоқда.
Айтилишича¸ ҳозирда Тожикистон қамоқларида 10 мингга яқин маҳбус сақланмоқда.

Сўғд вилоят қамоқхоналарида сақланаётган маҳбуслар республика президенти ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонасига шикоят аризаси юбордилар.

Аризада маҳбуслар ўзларининг назоратчилар томонидан таҳқирланаётганидан, қамоқхоналарда сил ва бошқа оғир касалликлар авж олганидан шикоят қилганлар.

Сўғд вилоятида тўртта қамоқхона мавжуд бўлиб, ариза ёзган 78 маҳбус мана шу қамоқхоналарда сақланмоқда. Озодлик мухбири билан телефон орқали суҳбатлашган маҳбуснинг айтишича, шу кунда Сўғд қамоқхоналарида шароит ўта оғир.

- Биз ғайриинсоний шароитда сақланмоқдамиз. Назоратчилар маҳбусларни аёвсиз калтаклашмоқда. Бундан ташқари, қамоқхоналарда сил ва бошқа юқумли касалликлар авж олган. Касаллар соғ маҳбуслар билан бир жойда сақланмоқда. Оқибатда касалликлар тез тарқалаяпти, дейди исми ошкор қилинишини истамаган маҳбус.

Шароит оғирлиги сабабли жорий йилнинг 8 ойи мобайнида Тожикистон қамоқхоналарида 20 маҳбус сил ва 15 нафари бошқа касалликлардан вафот этган.

Вилоят прокуратураси вакиллари ҳам маҳбуслар аризаси юзасидан қамоқхоналарда текшириш ўтказган.

- Биз мазкур масала юзасидан республикадаги тегишли идораларга мактублар тайёрлаб, мурожаат этдик. Қамоқхоналардаги медицина ва биринчи навбатда, юқумли касалликлар билан боғлиқ вазият билан шуғулланадиган махсус комиссия ташкил қилиниши ҳақида таклифлар ҳам киритдик, деди Сўғд вилоят прокурори Хайрулло Саидов.

Вилоят прокурорига кўра, маҳбуслар аризасида ёзилмиш инсон ҳуқуқларини поймол этилиши ва назоратчиларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ фактлар аниқланмаган.

Айни пайтда Тожикистон Адлия вазирлигининг Ахлоқ тузатиш ишлари бошқармаси масъуллари қамоқхоналардаги шароитни имкон қадар яхшилашга ҳаракат қилинаётганини айтмоқдалар.

- Камераларда етарли ёруғлик тушиши учун деразалар кенгайтирилди. Цемент ўрнига тахтадан пол қилинди. Маиший шароит яхшиланди, яъни тўйимли озиқ овқат турлари кўпайтирилди. Ҳар бир колонияда медицина хизмати кўрсатилмокда. Шунга қарамай, муаммолар бор албатта, деди ахлоқ тузатиш ишлари бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Воҳид Абдуллоев.

Айни пайтда тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячилар Совет иттифоқи парчаланганидан кейин мамлакатда шароити дуруст бирорта қамоқхона қурилмаганини айтадилар. Қамоқхона бинолари жуда эски бўлиб, улар орасида ҳатто ўтган асрнинг 30-40-йилларида қурилганлари ҳам бор.

Республика Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунги кунда жумҳурият қамоқхоналарида 10 000 га яқин маҳбус жазо муддатини ўтаяпти. Ҳуқуқ ҳимоячилари бу рақамларнинг ҳам ҳақиқатга мувофиқ эмаслиги айтадилар.

- Қамоқхоналарда бир хонада уч киши ўрнига 7-8 ва бундан ҳам кўпроқ маҳбус сақланиши қамоқхоналарнинг тўлиб кетганлигидан далолатдир. Оддий шароит йўқлиги оқибатида қамоқхоналардаги маҳбусларнинг 2000 нафари сил касаллигига чалинган. Боз устига, ОИТС ва бошқа юқумли касалликлари хам кенг тарқалмоқда, дейди ҳуқуқ фаоли Маърифат Ҳожибоева.

Собиқ маҳбус Зикрулло Ҳалимовнинг айтишича, касал бўлган маҳбус учун бепул даволаниш имкони йўқ, соғайиши эса унинг ҳамёнига боғлиқ.

- Маҳбус касал бўлса, даволанишга бориши керак. Лекин госпиталда пул берсангиз ётқизишади, бўлмаса бир-иккита таблетка билан жавоб беради. Сил касаллигига чалинганлар ҳам шу аҳволда. Уларнинг аксарияти камбағал, демак касалхонага ётқизилмайди. У то ўлиб қолгунича бошқа маҳбуслар билан яшаб ишлайди, дейди Зикрулла Ҳалимов.

Таҳлилчилар маълумотларига кўра, республика қамоқхоналарида ҳар йили қотиллик ва таҳқирдан 300 дан ортиқ, касалликдан ҳам яна шунча маҳбус вафот этади.
XS
SM
MD
LG