Линклар

Яқин кунларда ҳарбий куч қўллашни ҳамкорликда режалаштиришга доир Москва ва Душанбе ўртасидаги шартноманинг Тожикистон парламентида ратификация қилиниши кутилмоқда.

Ҳарбий куч қўллашни ҳамкорликда режалаштиришга доир Россия ва Тожикистон ўртасидаги шартнома 2006 йил Брест шаҳрида имзоланган эди.

Россия Давлат Думаси мазкур ҳужжатни ўтган йил июнида ратификация қилганди.

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси депутатлари Россия билан ҳарбий ҳамкорлик келишувини 28 сентябр куни муҳокама қилишга киришди.

Тожикистонлик бир гуруҳ сиёсатшунослар ва мустақил таҳлилчилар Россия билан ҳарбий ҳамкорлик бугунги кунда ўта зарур деб билсалар, бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар Россия бу шартномадан ўз геосиёсий манфаатлари йўлида фойдаланиши эътимолдан йироқмаслигини тахмин қилмоқдалар.

Хусусан, тожикистонлик мустақил таҳлилчи Зафар Мирзоев Тожикистоннинг Россия билан айнан шу ҳужжат асосида ҳарбий ҳамкорлик қилишида яхшилик кўрмайди.

- Россия Тожикистонни ўз стратегик шериги сифатида эълон қилса-да, аслида бу давлат биздан ўз манфаатлари йўлида фойдаланади. Россия қўшнимиз Афғонистон ҳудудида бизнинг “душманларимиз” борлиги, уларнинг бизга таҳдиди каби заиф томонларимиздан суистеъмол қилади - бу ҳеч кимга сир эмас. Россиянинг юқори доираларида империя амбициялари мавжуд. Бу ҳужжат ратификацияси юзасидан Тожикистон ҳукумати ҳам, депутатларимиз ҳам хушёрлик қилишлари ва барча имкониятларни русларга бериб қўймаслиги лозим, деб биламан, дейди мустақил таҳлилчи Зафар Мирзоев.

Таҳлилчига кўра, Тожикистон Россия ёрдамисиз ҳам бугун ўз чегараларини мустақил равишда ҳимоя қилиш имкониятига эга.

Шу ўринда Мирзоев жорий йил январида Ғарм ва июнида Тавилдарада ҳукумат кучларининг диний-экстремистик кучлар билан тўқнашувлар ва ундаги мувафаққиятларни ёдга олади.

Тожикистон президентининг собиқ маслаҳатчиси Искандар Асадуллоев фикрича эса, сўнгги пайтларда Афғонистон ва минтақада рўй бераётган воқеалар назарга олинса, бугунги кунда Тожикистоннинг Россия билан ҳарбий ҳамкорлиги нақадар муҳимлиги аён бўлади.

- Мен Тожикистон ҳукумати барча имкониятларни Россияга бериб қўяётгани ва фақат унинг ноғорасига ўйнаб келаётганига доир фикрларга қўшила олмайман. Бугунги ҳукумат Россия билан ҳам, бошқа давлатлар билан ҳам ҳамкорлик шартномалари имзолаётиб, миллий манфаатларимизни ҳимоялашга уринмоқда. Аммо бу ерда гап бошқа томонда. Россияга беписандлик яхши оқибатларга олиб келмайди. Биздаги бу тинчлик, барқарорлик сўнгги йигирма йиллик конструкция асосида барпо қилинган. Шунинг учун биз истасак- истамасак бу буюк давлат билан ҳамкорликни йўлга қўйишимиз лозим, дейди Тожикистон президентининг собиқ маслаҳатчиси.

Аммо мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов Искандар Асадуллоевнинг “Россия ҳамон Марказий Осиё, жумладан, Тожикистон хавфсизлигини кафолатловчи давлат” деган фикрига қўшилмайди.

- Россиянинг қай йўсинда сиёсат юргизаётганидан ҳаммамиз яхши хабардормиз ва буни ўз тажрибамизда ҳам кўрдик. Масалан, 1991 ва 1992 йилларда Тожикистондаги ички низолар чоғида Россия армияси икки томонга ҳам, яъни конституциявий тузум ўрнатмоқчи бўлган амалдаги ҳукумат ҳам, унга мухолиф кучларга ҳам баравар “хизмат” қилган эди. Бугун Россия билан ҳарбий куч ишлатишни биргаликда режалаштиришга розилик берар эканмиз, эртага у шу ҳужжатни ўзимизга қарши қўлламаслигига ким кафолат бера олади, дейди Парвиз Муллажонов.

Айни пайтда парламент депутати Муҳиддин Кабирийнинг айтишича, Россия ва Тожикистон ўртасидаги мазкур шартнома парламентнинг ялпи мажлисида 30 сентябр ёки 14 октябр куни кўриб чиқилиши ва ратификация қилиниши мумкин.
XS
SM
MD
LG