Линклар

АҚШ нинг силга қарши кураш дастури якунланди


АҚШ Халқаро ривожлантириш агентлиги ва HOPE лойиҳаси ҳамкорлигида Ўзбекистонда силга қарши кураш бўйича амалга оширилган беш йиллик дастур якунланди.

29 сентябр куни Тошкентга ўтказилган якуний анжуманда 4 миллион АҚШ долларига яқин маблағ сарфланган ушбу дастур натижалари сарҳисоб қилинди.

АҚШ Халқаро ривожлантириш агентлигининг Ўзбекистондаги вакили Жим Богнерга кўра, силга қарши кураш дастури муваффақиятли тарзда амалга оширилган.

Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг силга қарши кураш миллий дастурини амалга оширишга кўмак берилган, силга қарши кураш бўйича тайёрланган телекўрсатувлар ва радио эшиттиришлар тайёрланган.

Жорий йил бошида жаҳон бўйлаб ОИТС¸ сил ва безгак касалларига қарши кураш олиб борувчи халқаро донорларнинг "Глобал жамғарма" деб номланган гуруҳнинг Ўзбекистон ҳукуматига сил касалига қарши кураш мақсадида 50 миллион АҚШ долларига тенг грант ажратгани маълум бўлди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига ҳар 100 минг аҳолидан 52 кишининг силга чалингани қайд этилмоқда.

Кузатувчилар фикрича, қашшоқлик ва қамоқхоналардаги ночор вазият сабаб¸ сил муаммоси Ўзбекистон учун жиддийлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG