Линклар

Эркин микрофон - "Ўзбекларнинг ўзи виноват"

  • Барно Анвар

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

... дейди Озодлик орқали Россиядаги меҳнат шароитлари¸ ноҳақлик ва зулмдан шикоят қилаëтган юртдошларига мурожаат қилган хоразмлик Абдулла исмлик йигит.

Ўзбекка доллар борми?

Бугунги “Эркин микрофон” эшиттиришининг биринчи қаҳрамони Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳридан бизга боғланган Дилфуза Турсунқулова бўлди.

Дилфузахон икки ойдан буён банкка югуриб, ўзбек сўмидаги шахсий жамғармасини АҚШ долларига алмаштира олмаётганини айтади.

Дилфуза Турсунқулова: 72 яшар онам билан иккаламиз икки ойдан бери банкка югурамиз.

Озодлик: Қанча валюта сотиб олмоқчи эдингиз?

Дилфуза Турсунқулова: Биз 5000 доллардан олмоқчи эдик. Ўзбекистон фуқаросининг шу нарсани олишга ҳаққи бор экан¸ тўғрими? Ўз шахсий жамғармамиз эди. Уч кун югурдик. Тўртинчи куни борганимизда “Бўлди. Валюта нимаси ëпилди. Тошкент бермаяпти бизга” деди. Биз яна ўша ерда пойлаб ўтирдик. Одамлар бир киши бошига 5000 доллардан олиб чиқиб кетишди. Байрамдан кейин¸ 1 сентябрдан кейин хабар олинглар¸ деди. 6 сентябрда яна бордик. Борсак¸ управляюшийнинг зами бор экан. Бизни хонасига олиб кирди. “Нима қилмоқчисиз?” деб сўради. Биз “Бу бизнинг шахсий пулимиз. Хоҳласак машина¸ хоҳласак уй оламиз” дедик. “Машина олмоқчи бўлсангизлар¸ битта вариант бор. Сизлар пулларингизни олиб келинглар. Мен сизлар олаëтган машинани доллар ҳисобида 150 га нархда давлатга ўтказаман. Машина олмоқчи бўлсангизлар¸ мана қанақа машина хоҳласангизлар¸ шунақа машина бор. Квитанцияни қўлингизга бераман. Кейин автосалонга борасизлар. Дилерми ким машинани олиб келиб беради. Ўша ëқ билан гаплашасизлар” деди. Хурсанд бўлдик. Биз қарз-ҳавола қилиб¸ пулларни йиғиб¸ тўрт сумка қилиб бордик.

Озодлик: Тўрт сумка пул қанча бўлди?

Дилфуза Турсунқулова: Биз 10130 долларга тўғирлаб олиб бордик. СОНС машина олмоқчи эдик. Борсак¸ “Нимага ўйин қилаяпсизлар? Биз қабул қилмаймиз” деди. “Нимага қабул қилмайсизлар? Оламан деб айтдингизку” деб мен ўша ерда йиғлаб юбордим. Онам ҳам йиғлади. “Биз шунча пул билан келдикку” десак¸ “Боринглар¸ Асакага бориб топширинглар. Бошимни оғритманглар¸ чиқинглар” деди. “Нимага? Бойларга кўзимизнинг олдида бераяпсизларку” десак¸ “Қаëққа бориб ëзсанг¸ ëзавер” деди. Улар икки ойдан бери бизни сарсон қилишаяпти. Кейин онам “Нимага мен қари аҳволим билан кунига келаман? Бир кунда 5000 доллар ëш болага бериб юбораяпсан” деса¸ “Ҳозир жаҳлимни чиқарманг. Ҳозир республикага телефон қилдириб¸ сизни компьютердан ўчиртириб ташлайман” деди.

Озодлик: Компьютердан ўчиртирса нима бўларкан?

Дилфуза Турсунқулова: Бизни ëптириб ташлар экан. Доллар олишга бизнинг ҳаққимиз йўқ экан.

Озодлик: Сизлар машина олмоқчи эдингизлар-а?

Дилфуза Турсунқулова: Ҳа.

Озодлик: Асака заводи машинани сўмга сотмасмиди мабодо?

- Йўқ¸ сўмга СОНСлари бор экан. Нархини кўрсатди бизга. Бошқа машиналар сўмга бор экан. Бизнинг олмоқчи бўлганимиз 10130 долларлик машина экан. Ўзбекистонда яшаб¸ қўлимизда пулимиз бўлиб туриб¸ танлашга ҳаққимиз йўқми? Валюта олишаëтганини кўзимиз билан кўраяпмизку. Сотишаяпти экан банклар. Устига шапка деяпти экан. Биз устига берамиз¸ демадик. Шунинг учун булар бизга қилиб беришмаяпти¸ дейди Дилфуза Турсунқулова.


СОНС минишни орзу қилган онахон

Гулистонлик Дилфуза Турсунқулова билан суҳбатимиз ўртасида унинг 72 ёшли онаси Мукаррам опа ҳам ўз фикрларини айтишни истаб, телефон гўшагини олди.

Маълум бўлишича, енгил автомобил олиш учун йиғилган жамғарманинг асосий қисми шу онахонники, қолганлари эса фарзандлариники экан. Онахон кекса ёшида чиройли машина олиб, жиянига бермоқчи, ўзи эса шу улов билан узоғини енгил, мушкулини осон қилмоқчи бўлган экан.

Мукаррам опа: Шунча пулни йиғдим. Мол боқаман¸ сотаман¸ қўй боқаман¸ сотаман. Қиздан олдим¸ ўғилдан олдим¸ пенсия. 3 миллион 800 минг қарз олдим. Мана олган 2000 долларим қўлимда турибди. Машина олиш учун. Кўрсатдим олиб бориб. 72 ëшга кириб¸ банкларни билганим йўқ. Энди бордим жон болам. Пенсиядаман болажоним. Хўжайиним ўлган. Еттита бола билан қолганман. Хўжайиним ўлганига 27 йил бўлди.

Озодлик: Бир машина олиб минай¸ деб орзу-ҳавас қилган экансизда.

Мукаррам опа: Ҳа¸ жоним қизим. Шундай қилувдим. Банкдагиларга “Бериб қўйсам жиянимга¸ қишда ҳайдатмай¸ ëзда ҳайдасам ҳам куним ўтадику. Аҳволни¸ шароитни кўриб турибсизку. Менинг мақсадим доллар олиб сотиш эмас” дедим. Мени йиғлатиб чиқариб юборгани алам қилди. Одамларга бериб ëтибди¸ жон болажоним.

Озодлик: Сўмга сотиладиган машиналар ҳам борку. Уларни мингингиз келмадими?

- Шу СОНС дегани яхши эканда. Шундан дедимда¸ болажоним. Битта олганга яраша. Менга мулк бўлади. Тағин қарзимни тўлайман. Жияним ҳайдаса¸ шунинг орқасидан менга пул беради. Куним ўтадику болам¸ дейди Мукаррам опа.


6 ойлик меҳнати куйган ўзбеклар

“Эркин микрофон” нинг яна бир қаҳрамони Жанубий Кореядан сим қоққан Иномжон Файзиевдир.

У 2005 йилда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали шартнома асосида Кореяга ишга кетган. Кетиш арафасида қизиқ бир иш бўлган эди, дея Иномжон ўзи каби юзлаб ишчиларнинг бир муаммосини сўзлаб берди.

Иномжон Файзиев: Биз контрактни “ASLMA” деган агентство билан тузганмиз. Борганимиздан кейин бир йил мобайнида контрактимизни бузмасдан ишлаб берсак¸ ўша “ASLMA” агентствосига бир йил давомида ойига 300 минг корейс вонидан ўтказишимиз керак эди. Бу нарса контрактда бўлган. Контрактда “После успешнего завершения контракта¸ ўша пуллар қайтариб берилади” деган жойи борда. Бу ўша пайтларда¸ 2005 йилларда курс бирга бир бўлган пайтда 3600 доллар бўлади.

Озодлик: Демак¸ бир йилда 3600 доллар ўша фирмага ўтказгансизлар.

- Бу ерда нафақат битта мен¸ бу ерда минглаб болалар бор. Бу 2005-2006 йилларда контракт бўйича келган болаларнинг пули. Энг қизиқарлиси шуки¸ учебний центрда биздан контрактни йиғиб олган¸ аэропортда қайтариб берган. Ҳеч ким контрактга қараб ўтирмайдию. Тезроқ бориб ишласак¸ деган хаëл билан кетади. Келиб қарасак¸ “қайтариб берилади” деган жойини оқ ўчирадиган билан ўчириб ташлаган. Биз “ознакомен” деб ҳар битта варағига қўл қўйганмиз. Ўша пулларни ўтказмаймиз деб жанжал ҳам қилиб кўрдик. Чунки биз Ўзбекистонда бўлгандан кейин ўша пулларни қайтариб беришига ишонганимиз йўқ. Лекин агентствонинг одами бу ерга келиб¸ “Ўтказмасанглар уйларингга штраф боради. Ишдан ҳайдаб юборади” деб¸ хуллас биз шу пулларни ўтказганмиз. Ҳамма ўша пулларни ўтказган. Мен кейин Кореядан телефон қилсам¸ бу агентство йўқ бўлиб кетган. Бу пулларни кимдир ўзлаштириб юборган. Энг ачинарлиси¸ бу бир ëки икки кишиники бўлса ҳам майли. Бу минглаб болаларнинг пули¸ пешона териси¸ меҳнати. Грубо гапирганда¸ лох қилиб юбораяптида¸ дейди Иномжон Файзиев.

Иномжон Файзиевга кўра, 3600 долларни пулни у ўз вақтида 6 ой тинимсиз ишлаб топган эди. У каби пулидан айрилган ўзбек ишчилар эса Кореяда юзлаб экан.

Биз бу мурожаат юзасидан суриштирув ўтказишга уриниб кўрамиз.


“Россияга аслида қулчиликка борамиз”

Яна бир қаҳрамонимиз Россиядан сим қоққан хоразмлик меҳнат муҳожири Абдулла Озодликнинг “Эркин микрофон”ида сўзлаган бошқа меҳнат муҳожирларининг фикрларига муносабат билдирди.

У ўз юртдошларини нолишни камайтириш, сайи-ҳаракатни оширишга чақирди.

Абдулла: Бир хоразмлик йигит гапирди. “Газимиз бор¸ светимиз бор. Руслар бизларга бориб ишлаши керак” деди. Бу ўта нотўғри гап. Потому что¸ ўзбеклар қул бўлиб юришларига 100 фоиз ўзлари сабабчи. Ўзлари айбдор.

Масалан¸ Москвада бизларнинг ëнимизда хоразмлик йигитлар ишлашди. Тўрт ой ишлаб¸ пул олгани йўқ. Пул сўраб билмайди¸ русчани билмайди¸ ичади¸ чекади. Ўзбекларнинг ëнида мақтанади¸ лекин русларга гаплаб билмайди. Яна “Каримов ундай¸ бундай” деб нолинадилар. Бу гапим билан айтмоқчиманки¸ ўзбекларнинг ўзлари виноват.

Биринчидан¸ рус тилини билмаса¸ бу ерга келиб юриши шарт эмас¸. Иккинчидан¸ пулини сўраб билмайди. Қўрқади русдан. “Юр гаплашамиз” десам¸ “Руску у” дейди. Рус бўлса нима қипти? Рус ҳам одам. У ҳам гапга тушунади тўғрими? Хозяиндан¸ прорабдан пул сўраб билмайди¸ русча билмайди.

Озодлик: Агар бориб сўраса¸ прораб пул берадими ўзи?

- Масалан¸ прораб ҳар икки кунда продуктага 2000 рубл пул беради. Масалан¸ биз 15 кун ишлаб¸ ҳамма пулни олдик. Арманлар¸ молдованлар ишласа¸ пулини беради. Нима учун ўзбекларни кидат қилишади? Ўзбеклар келиб арманларга қул бўлади. Озодлик радиосига телефон қилиб нолиганнинг¸ қарғаганнинг¸ сўкканнинг фойдаси йўқ. ўзлари ҳаракат қилсин¸ дейди Абдулла.

*********************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

**********************************************

"Эркин микрофон" рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG