Линклар

logo-print

Айрилганни айиқ ер...

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистоннинг минтақавий энергетика тизимидан чиқиши Марказий Осиëдаги интеграцион жараëнлар йўлига қўйиладиган яна бир тўсиқ бўлади.

Ўзбекистоннинг минтақавий энергетика тизимидан чиқиши Марказий Осиëдаги интеграцион жараëнлар йўлига қўйиладиган яна бир тўсиқ бўлади.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги ягона энергетика тизимидан ажраб чиқмоқчи. Кузатувчиларга кўра¸ бу билан Тошкент ўз қўшниларининг ГЭС қуриш режасига ўзига хос жавоб ҳозирламоқда.

Қозоғистон Энергетика ва минерал ресурслар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Аян Атигаевнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон томони Марказий Осиё ягона энергетика тизимидан чиқиши мумкинлиги ҳақида вазирликни огоҳлантирган.

- Биз уларнинг бу ягона тизимдан чиқиши мумкинлигидан афсус билдирамиз. Бу уларнинг хоҳиши, сабабларини эса уларнинг ўзидан сўраш керак, дейди Аян Атигаев.

“Ўзбекэнерго” давлат ҳиссадорлик компанияси ахборот хизмати раҳбари Гулмира Усмонова бу сабаблар ҳақида фақат компания раиси ўринбосари Рўзиқул Раҳимов гапира олиши мумкинлигини айтди. Бу киши хизмат сафарида бўлганлиги учун, компанияда бошқа ҳеч кимдан бу ҳақда маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Ўзбекистон энергетика тизимида узоқ йиллар ишлаган Абдуқаҳҳор Норбоевнинг айтишича, Ўзбекистоннинг ўз қўшнилари билан асосий энергетика тизимларидан узилганига анча бўлгани боис¸ унинг Марказий Осиёдаги ягона энергетика тизимидан чиқиши, мамлакат учун салбий оқибатларни келтириб чиқармайди.

- Илгари бутун СССР бир-бирига боғланган эди. Юқори кучланишли линиялар билан ҳаммаси боғланган эди. Биз Қозоғистон билан¸ Қозоғистон Россия билан¸ ҳатто Москвадан ҳам энергия олишимиз мумкин эди. Қирғизистон¸ Тожикистон¸ Афғонистонлар билан ҳам шундай эди. Ҳозир ҳамма линиялар турибди. Фақат ҳамма еридан узиб қўйилган. Ҳозир ҳамма ўзи мустақил бўлиб қолдида. Бирор жойда авария бўлиб қолса¸ резерв йўқ. Қўшимча келадиган электр запас тармоғи йўқ. Ҳозир келишиб олса¸ ўшаларни улаб қўйса бўлди. Жой-жойига тушаверади яна. Янги линиялар қуриш шарт эмас.

Ўзбекистон СирдарëГРЭСдан чиқиб¸ Тожикистонга ўтадиган чегарадан бошлаб¸ ўзининг линиясини қуриб олди ҳозир. Бу линия шундай турибди. Мана ҳозир узилиб қолган. Ҳозир биз ўта олмаймиз. Чунки ўзимизнинг линиямизни қуриб олдик. Тожикистон чегарасидаги линия ўзича қолди. Келишмовчилик жуда катта панд бераяптида. Агар системамиз бир-бирига уланган бўлганда эди¸ ҳеч нарсадан қўрқмасдан¸ ўнг қўлимиз лат еса¸ чап қўлимиз борку¸ деган маъно чиқарди. Ҳозир шундан узилганмиз¸ дейди Ўзбекистон энергетика тизимида узоқ йиллар ишлаган Абдуқаҳҳор Норбоев.

Унга кўра, Марказий Осиёдаги ягона энергетика тизими қўшни яшаётган ҳар бир давлат учун қулай ва фойдали. Бироқ, дейди у, қўшни давлатларнинг сув масаласида бир битимга келишолмаётгани, ўз-ўзидан энергетика тизимига ҳам ўз таъсирини кўрсатди ва Марказий Осиёда сув ва энергетика бир-бирига боғлиқ масала бўлганлиги учун, янги муаммоларни келтириб чиқармоқда.

- Энди ҳозир сув масаласи ҳам шунақа. Мана электр энергия бермагани учун Қирғизистон¸ Тожикистон сув можаросини чиқараяпти. Кўрдингизми¸ битта муаммо иккинчи муаммони келтириб чиқараяпти. Иқтисодимизга¸ халққа жабри бўлади¸ дейди Абдуқаҳҳор Норбоев.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сатпаев ҳам, Ўзбекистон томонининг ҳозирги ҳатти-ҳаракатини, яъни ягона энергетика тизимидан чиқиши эҳтимоли борлигини, унинг сув масаласидаги муаммолари билан боғлиқ ҳолда кўради.

- Ўзбекистоннинг ҳозирги тутган позицияси замирида расмий Тошкент билан Душанбе ўртасида Тожикистонда қурилаётган ГЭС лар жанжали туради. Шунингдек¸ сувни товарга айлантириб сотишга ҳаракат қилаётган Қирғизистон расмий Тошкентни жазавага келтирмоқда. Аслида Ўзбекистоннинг бундай сиёсати ҳозир ҳеч кимни ажаблантирмайди, чунки Ўзбекистон ҳукумати аллақачон қўшни давлатлар билан ҳисоблашишга тупуриб қўйган. Лекин бундай йўллар билан минтақадаги сув-энергетика муаммосини ҳал қилиб бўлмайди, дейди Дўсим Сатпаев.

Унинг таъкидича, агар келишмовчилик шундай давом этаверса, келажакда минтақа умуман сувсиз қолиши мумкин. Иқлим исиши оқибатида Тожикистон ва Қирғизистондаги абадий музликлар қисқариб бормоқда, қишда электр энергиясиз қолаётган Тожикистон ва Қирғизистон қиши билан жуда катта миқдордаги сувни электр ишлаб чиқариш учун сарфлаб юбормоқда, ёз пайтида эса дарёларнинг қуйи оқимидаги Ўзбекистон ва Қозоғистон сингари мамлакатларда сув танқислиги сезилмоқда.

- Ҳар бир давлат гўё ўз қайиғида сузиб юргандек. Лекин бу давлатлар раҳбарлари аслида битта кемада сузаётганликларини англашолмаяпти. Агар кема ғарқ бўлса, ҳамма чўкади, дейди Дўсим Сатпаев.

Таҳлилчи фикрича, сув ва энергетика бўйича Марказий Осиё консорциуми тузилмас экан, бу муаммоларнинг бирортасини бирор бир мамлакат мустақил ҳал қила олмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG