Линклар

“КоммерсантЪ” Ўзбекистонга кўпроқ қизиқа бошлади

  • Алишер Сиддиқ

Россиялик журналистлар эътирофича, сўнгги пайтларда рус матбуотининг Марказий Осиё минтақасига қизиқиши тобора ортиб бормоқда.

Россиялик журналистлар эътирофича, сўнгги пайтларда рус матбуотининг Марказий Осиё минтақасига қизиқиши тобора ортиб бормоқда.

Алишер Усмоновнинг "КоммерсантЪ" нашриёт уйини сотиб олганига икки йил бўлди. Россиядаги энг нуфузли нашр ҳисобланадиган Коммерсантнинг Ўзбекистонга муносабати қандай?

2006 йил сентябр ойида асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган, Кремлга мойил россиялик миллиардер Алишер Усмонов Россиядаги энг нуфузли “КоммерсантЪ” нашриёт уйини 200 миллион АҚШ долларига сотиб олган эди.

Алишер Усмонов нашр мижозларидан айрилиб қолмаслик учун “КоммерсантЪ”ни сотиб олганидан кейин дарҳол газетанинг мустақил сиёсатида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаслиги ҳақида баёнот берганди.

"КоммерсантЪ" 2005 йилдаги Андижон воқеалари борасида Россиянинг энг нуфузли нашрига хос тарзда ўткир мақолаларни эълон қилган эди.

"КоммерсантЪ" мухбири Михаил Зигарь 2005 йил 14 май куни Андижонда кўрганларини шундай тасвирганди:

- Жасадларнинг асосий қисми кечқурун йиғиштириб олинганди. Аввалига аёллар ва болаларнинг жасадлари олиб кетилди ва шаҳар ташқарисидаги бир чуқурга кўмилди. Кейин эркакларнинг жасадларига ўтишди. Эрталабга бориб, бош майдонда юзга яқин жасад текис қаторда ётар эди. Фожеанинг асл кўламини шиппаклар фош қилар эди. Шиппакларни ҳар жойда кўриш мумкин эди. Кечқурунги жала тагида одамлар ҳар томонга қочаётганида¸ уларни қаерга ва нимада қочаётгани кам қизиқтирган. Улар ялангоёқ ўз қўшнилари жасадларини босиб қочаётган эдилар¸ деб ëзган эди Михаил Зигарь.

Андижон воқеалари ўтмишда қолган сайин КоммерсантЪ ни Ўзбекистондаги бугунги ички масалалар кўп ҳам қизиқтирмай қўйди. Аммо Ўзбекистон-Россия муносабатларига оид энг нозик масалаларни КоммерсантЪ ҳамон жиддий тарзда кўтариб чиқишга ҳаракат қилади.

КоммерсантЪ газетасининг Марказий Осиё бўйича масъул журналисти Владимир Соловьёвнинг айтишича, россиялик журналистларнинг¸ шу жумладан¸ КоммерсантЪ ходимларининг Марказий Осиёга эътибори аста-секин кучайиб бормоқда.

- Бу минтақа ҳақида ёзишга аҳд қилишим Марказий Осиёга эътиборнинг ортиб кетаётгани билан боғлиқ. Бу минтақа нефт¸ газ заҳираларига бой. Минтақанинг геосиёсий аҳамияти ҳам ортиб бормоқда. АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари муваффақияти ҳам кўп жиҳатдан бу минтақага боғлиқ бўлиб қолган. Андижондан кейин Ўзбекистоннинг АҚШ билан дўстлашаётгани, Туркманистонда раҳбарият алмашгандан кейинги вазиятни кузатиш айниқса мен учун қизиқ¸ дейди Владимир Соловьёв.

"КоммерсантЪ" шарҳловчиси ўзининг ҳеч қачон Ўзбекистонга бормаганини айтди. Аммо яқинда Турманистонга қилган сафари ўзида кутилмаган таассуротларни қолдирди.

- Туркманистонга президент Медведев сафар қилганлиги сабабли бу давлатга бизнинг боришимиз имконли бўлган. Биз Каспий бўйидаги Туркманбоши шаҳрида бўлдик. Аввал бу ерда журналистларнинг юриши мутлақо назорат остида бўлиши ҳақида эшитган эдим. Лекин бу шаҳарга борганимда орқамдан кузатувни сезмадим. Мени ёки кузатишмаган, ёки кузатишган бўлишса ҳам сездирмасдан кузатишгандир¸ дейди Соловьев.

"КоммерсантЪ" газетаси Ўзбекистон ҳақида мақола ёзар экан, анча ишончли манбаларга таяниб ёзишини ҳис этиш мумкин. Владимир Соловьёвнинг айтишича, Ўзбекистон билан ишлаш минтақадаги бошқа давлатларга нисбатан анча оғир ва ҳукумат идораларидан деярли ҳеч бир масалада расман изоҳ олиб бўлмайди. Аммо, Соловьёвга кўра, бундан Ўзбекистон ҳукумати фақат ютқазаётган бўлса ҳам, бу борада қайғурмайди.

- Уларни ўзларининг халқаро саҳнадаги имижи жуда кам қизиқтиради. Улар ўзларининг нуқтаи назари акс этмаётганидан ташвишга тушмайди. Лекин уларнинг сукут сақлаши уларга жиддий зарар етказаётганини кузатиш мумкин. Уларнинг чет эллик журналистлар билан гаплашмаслиги давлатнинг қанчалик ёпиқлиқ ва эркин эмаслигидан далолат беради. Ҳукумат амалдорларининг журналистлардан қўрқиши президент Каримовнинг қанчалик қаттиқ қўллигини кўрсатади¸ дейди журналист.

Миллиардер Алишер Усмоновнинг Ўзбекистон ҳукуматига анча яқин қолаётгани айтилади. "Бу нарса Коммерсантнинг Ўзбекистонга нисбатан муносабатига таъсир этганми? Алишер Усмонов Ўзбекистон ҳукуматини ёмонлашни таъқиқламайдими?" деб сўрайман суҳбатдошимдан.

- Йўқ¸ бунга ҳеч қачон дуч келмаганман. Умид қиламанки, бундай нарсага дуч келмайман ҳам. Ўз мақолаларимга раҳбариятнинг алоҳида қизиқишини кузатмаганман. Ҳеч ким ёнимга келиб: "Буни бекор ёзибсан ёки мана бунақа қилиб ёзгин", деган эмас. Билишимча, Алишер Усмонов Ўзбекистон ҳақидаги мақолаларни ўқийди, лекин фақат ўқиш билан чекланиб қолади¸ дейди "КоммерсантЪ" шарҳловчиси Владимир Соловьев.

“Коммерсант” газетасининг Ўзбекистон борасидаги сўнгги мақолаларида Ўзбекистоннинг яқин келажакда АҚШ ва Ғарб томонга оғиб кетиши башорат қилинган. Владимир Соловьёвнинг ёзишича, расмий Тошкентнинг Россиядан юз ўгира бошлагани Кремлни хавотирга солаётир.
XS
SM
MD
LG