Линклар

logo-print

UZ домен қоидаси - сиëсатга аралашманг!

  • Ҳурмат Бобожон

“Ўзбек футболи фанатлари” uz домендаги энг яхши сайтлардан бири деб топилди.

“Ўзбек футболи фанатлари” uz домендаги энг яхши сайтлардан бири деб топилди.

Ўзбекистонда UZ миллий домени Интернет фестивали якунланди. Фестивал доирасида ўтказилган веб-сайтлар танлови ғолиблари ҳам аниқланди.

“Ўзбек футболи фанатлари” сайтидан тортиб, “Билайн” уяли телефон ширкати сайти, “Yarmarka.uz” интернет дўкони, “Gazeta.uz” ахборот нашри, Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги расмий сайти ва бошқа давлат идоралари сайтлари 16 йўналиш бўйича ўтказилган танловда ғолиб, деб эълон қилинди.

Ушбу форум икки йилда бир марта ўтказилади. Унда фақат UZ доменидаги сайтлар иштирок эта оладилар, холос. Сайтларни интернет технологиялари, санъат, маданият, давлат бошқаруви ва бошқа соҳалардаги мутахассислардан иборат танлов ҳайъати баҳолади.

Ҳайъат аъзоларидан бири, www.generation.uz сайти асосчиси Анна Гриценконинг айтишича, танловда UZ миллий доменидаги 700дан ортиқ сайт қатнашган.

- Фестивалда 700дан ортиқ сайт танлов ғолиби бўлишликка даъвогарлик қилди. Уларнинг ҳар бири, менимча, ўз соҳаси учун муҳим аҳамият касб этувчи, қизиқарли сайтлар. Аxир сайт яратилар экан, демак у кимгадир керак, ким учундир қизиқарли, дейди Анна Гриценко.

Танлов дастури 13 та тематик ва учта махсус номинацияларни ўз ичига олган. www.islom.uz сайти ўзбек тилидаги энг яхши сайт, Ўзбекистон Адлия вазирлигининг расмий сайти жамоатчилик томонидан танланган энг яхши сайт номинациялари бўйича ғолиб деб топилди.

Танлов ҳакамлари ҳайъати аъзоси, www.classicmusic.uz сайти асосчиси Ҳусниддин Ато билан суҳбатлашамиз.

Ҳусниддин Ато: У ерда 700дан ортиқ сайтлар қатнашди. Тўғриси бирор бир нимани илғаб қолиш қийин бўлди. Кўп сайтларни кўриб чиққанимизда¸ ҳаммасининг ҳам бизнинг эсимизда қолиши қийин бўлди. Мен яқинда журналистика соҳасида очилган www.binafsha.uz сайтини қўллаб-қувватлардим. Ëки бўлмаса victoria.uz деган сайтни. Бу персоналний сайт. Мана¸ биринчи ўринни олган
"Ўзбекистон футбол фанатлари" сайти. Ҳақиқатан ҳам жуда яхши сайт. Мен сайт нуқтаи-назаридан айтаяпман.

Озодлик: UZ доменида мустақил сайтларни регистрация қилиш қийин эмасми?

Ҳусниддин Ато: Бу нарсанинг ҳеч қанақа қийин жойи йўқ.

Озодлик: Расмиятчиликлар¸ талаблар йўқми?

Ҳусниддин Ато: Йўқ. Талаблар жуда ҳам табиий талаблар. Порно бўлмасин. Маънавиятимизга зарар етказадиган тасвирлар ва маълумотлар бўлмаслиги керак.

Озодлик: Сиëсийчи?

- Сиëсатга¸ тўғриси менинг алоқам йўқ. Мен ўйлайманки¸ бу ерда Ўзбекистон сиëсатига зарар етказадиган информация бўлмаслиги керак. Менда ҳеч қандай бунақа муаммо бўлмаган. Менинг сайтимда ҳеч қанақа сиëсий томони бўлмагани учун мендан ҳеч қандай бунақа нарсани талаб қилишмаган¸ дейди Ҳусниддин Ато.

Ғолиблар орасида мустақил сиёсий ёки ҳукумат назоратидан йироқ бўлган ахборот сайтлари йўқ. Ўз исмини айтишни истамаган ўзбекистонлик Интернет соҳаси мутахассисининг айтишича, UZ доменида мустақил сиёсий сайтларнинг ўзи йўқ. Сиёсий сайтлар бўлгани тақдирда ҳам улар ҳукумат назоратидаги сайтлардир.

- UZ миллий доменидаги интернет сайтларининг ичида ëзилаëтган нарсаларнинг сиëсатга алоқаси йўқ. Бу сайтлар давлат орқали контрол қилинади. Кўпинча сотовий операторлари ëки танишиш сайтларининг рейтинги Ўзбекистонда кўтарилаяпти. Агар сиëсатга алоқаси бўлса¸ рейтинги жуда ҳам паст ëки давлат орқали контрол қилинади. Сиëсат ҳақида ëзадиган мустақил интернет сайтлари UZ доменида йўқ. Ташқи доменда бўлса ҳам улар Ўзбекистонда блокировка қилинган¸ дейди ўз исмини айтишни истамаган интернет соҳаси мутахассиси.

Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилар сони, жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, 2,6 миллион одамни ташкил қилган. Яъни Ўзбекистонда ҳар 10 одамнинг бири жаҳон тармоғидан фойдаланиш имконига эга. Аммо, Ўзбекистонда ҳукумат хуш кўрмайдиган мухолифат ва мустақил вeб-нашрлар тўсиб қўйилган. Озодлик сайти баробарида кўплаб сайтларнинг Ўзбекистонда очилиши имконсиз.
XS
SM
MD
LG