Линклар

Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон куни кеча Туркия ва Арманистон ўртасида дипломатик алоқалар йўлга қўйилажаги тўғрисида баёнот берди.

Халқаро ҳамжамият бу қадамни олқишламоқда. Бироқ икки давлат ўртасида имзоланиши кутилаётган шартнома кучга кириши учун уни ҳар иккала мамлакат парламентлари маъқуллаши керак.

Анқара ва Ереван халқаро ҳамжамиятнинг олқишига, 31 август куни дипломатик алоқалар ўрнатиш, чегараларни очиш, қарийб 100 йил давом этган ёвқарашни бартараф этиш ҳақидаги ниятларини ошкор қилгач, сазовор бўлди.

Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг 27 сентябрь кунги баёнотига қараганда, Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли ва Арманистон ташқи ишлар вазири Эдуард Налбандянлар дипломатик алоқалар ўрнатиш тўғрисидаги шартномани 10 октябрь куни имзолайдилар.

- Биз Арманистон пойтахтида норозиликлар ва баъзи намойишлар тўлқини пайдо бўлганини кўрдик. Лекин айни пайтда Туркиянинг ўзида ҳам бу қадамга қарши кучлар борлигига гувоҳ бўлдик. Бироқ шуниси қизиқки, алоқаларнинг нормаллашувига қарши ҳаракатлар кутилганчалик бўлмади. Шунинг учун айтиш мумкинки, шартнома имзоланади, деди Еревандаги Миллий ва халқаро тадқиқотлар маркази директори Ричард Жиргозян шартнома чиндан ҳам имзоланишига ишонишини билдирар экан.

Аксар кузатувчилар фикрича, Анқара билан Ереван ўртасида шартнома имзоланиши икки мамлакат ўртасида Биринчи жаҳон урушидан буён давом этиб келаётган совуқликка барҳам бериши мумкин.

Бироқ шартноманинг кучга кириши учун уни, юқорида айтилганидай, парламентлар маъқуллаши керак. Масаланинг айнан мана шу жиҳатига келганда икки давлат ўртасидаги совуқчилик сабаби асосий тўсиққа айланиб қолиши мумкин.

Сабабки, арманлар қарийб 100 йилдирки, Усмонли Туркия Биринчи жаҳон уруши даврида арманларни қатлиом қилган ва бугунги Туркия ўша гуноҳни бўйнига олиши керак, деб иддао қилиб келади.

Туркия эса, ўз навбатида ҳеч қандай қатлиом бўлмаганини таъкидлаб келмоқда.

Туркия 1991 йили Арманистонни мустақил давлат сифатида тан олган, бироқ дипломатик алоқалар ўрнатмаган эди.

1993 йили Туркия қўшниси Арманистон билан чегараларини Тоғли Қорабоғдаги уруш туфайли туркий иттифоқчиси Озарбайжоннинг ёнини олиб, ёпиб қўйган.

Арманистон парламенти аъзоси, етакчи Республикачилар партияси вакили Эдуард Шармазановнинг айтишича, шартнома лойиҳаси муҳокамаси 1 октябрь куни бошланади.

- Бу жуда мураккаб жараён. 1 октябрдан парламент бу масала муҳокамасини бошлайди. Тўғри йўл тутаяпмизми-йўқми, ўшанда аён бўлади. Менимча, тўғри йўлдан кетаяпмиз. Шундан сўнг ратификация жараёни бошланади. Лекин бу иш тезда амалга ошади, деб ўйламайман, деди арманистонлик депутат.

Шартнома имзоланишига қарши кучлар, жумладан, Дашнақцутюн партияси вакиллари фикрича, имзоланиши кутилаётган ҳужжат мавжуд чегараларни тан олиш бўлади ҳамда жорий ҳукуматнинг қатлиом масаласида тутган позициясига шубҳа уйғотади.

Бироқ таҳлилчи Жирегозяннинг фикрича, парламентда ҳукуматпараст депутатларнинг кўпчиликни ташкил этиши эътиборга олинар бўлса, шартнома қаттиқ қаршиликка учрамайди.

Имзоланиши кутилаётган шартномага реал қаршилик Туркия парламентида пайдо бўлиши, ҳукумат мамлакат ва Озарбайжон манфаатларига зид иш қилаётганликда айбланиши мумкин.

- Дипломатик алоқаларни ўрнатиш тўғрисидаги шартноманинг парламент томонидан маъқулланиш эҳтимоли кўпроқ. Бироқ чегараларни очишга оид шартноманинг истиқболи, агар Тоғли Қорабоғ масаласида олға силжиш бўлмаса, мавҳумроқ, дея мулоҳаза билдиради бу борада Turkish Daily News газетаси шарҳловчиси Барчина Йинанч.
XS
SM
MD
LG