Линклар

Теҳрон яхши ният билан музокара бошламоқчи


Ядровий масалалар бўйича Эрон бош музокарачиси дунёнинг олти қудратли давлати билан бўлажак музокараларга Теҳрон “яхши ният” билан киришаётганини айтди.

Саид Жалилий БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий беш аъзоси — АҚШ, Британия, Франция, Россия, Хитой, шунингдек, Германия вакиллари билан пайшанба куни ўтадиган бир кунлик учрашувга жўнаб кетиш олдидан шундай баёнот берди.

- Фикримизча, бу музокаралар синов ҳамда имкониятдир. Биз бу сўзлашувларга ижобий ва истиқболли мақсад ҳамда яхши ният билан киришмоқдамиз, деди Теҳрон расмийси.

АҚШ ҳамда унинг Ғарбдаги иттифоқчилари атом қуроли яратилмоқда, деган гумонда Эроннинг уранни бойитиш бўйича тадқиқотларини муҳокама қилиш истагида.

Эрон томони эса ядровий қуролларни тарқатмаслик ва хавфсизлик билан боғлиқ масалаларни муҳокама этишга тайёрлиги, аммо, ўзининг ядровий “ҳақ-ҳуқуқлар”идан воз кечмаслигини билдирган.

Айни пайтда Эрон расмийлари яқинда очилган уранни бойитиш иншооти масаласини муҳокама этмаслигини ҳам айтган. Бу эса шу турдаги иккинчи иншоотдир.

Сешанба куни Оқ уй маъмурияти гарчи Эрон томони рад этсада, муҳокамалар чоғида бу масалани ўртага қўйиш ниятида эканини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG