Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:04

Ўзбекистон қарз тўланишини сўрамоқда


Газ таъминотини қайта тиклаш учун музокара олиб бориш мақсадида Тошкентга борган “Қирғизгаз” очиқ ҳиссадорлик жамияти раҳбари Саламат Айтикеев ўзбек ҳамкасблари билан келиша олмай қайтиб келди.

Шу йилнинг 28 сентябр куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Қирғизгаз” очиқ ҳиссадорлик жамияти раҳбари Саламат Айтикеев, Ўзбекистон олдидаги қарзни тўлаш учун йил охиригача муддат сўраб Тошкентга борганини, бироқ Ўзбекистон тараф бу илтимосни рад этгани ҳамда қарзни тўлалигича тўлашни талаб қилганини билдирди.

“Қирғизгаз” расмийсининг айтишича, газ нархининг ошиб кетгани ва глобал инқирознинг Қирғизистон иқтисодига еткизган кучли зиëни боис Қирғизистоннинг Ўзбекистон олдидаги қарзи кўпайиб кетган.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг газ учун Ўзбекистон олдидаги қарзи 18,8 миллион долларни ташкил этади. Бундан 5 миллион доллари эса аҳолининг истеъмол қилинган газ учун тўланмай келаëтган қарзидир. Мазкур қарзнинг катта қисми Қирғизистон жанубий вилоятларида истиқомат қилувчиларга тегишли.

Газдан қарзи 2 миллион долларни ташкил қилувчи Ўш шаҳрида айни пайтда абонентлардан газ ҳақини ундириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Масалан, газ хўжалиги, милиция, молия полицияси ва шаҳар ҳокимияти ходимларидан иборат 42 та махсус гуруҳ тузилиб, аҳолидан қарзларни ундириш бўйича рейдлар ўтказилмоқда.

- Кўплаб абонентлар Россия ёки бошқа ёққа кетган. Уларнинг уйларида ижарачилар ёки бошқа одамлар яшаяпти. Биз уларга уй эгаларига газ ҳақини тўлаши кераклиги тўғрисидаги талабимизни етказиб қўйишни айтаяпмиз. Акс ҳолда, газ узиб қўйилиши ҳақида огоҳлантираяпмиз, деди газдан фойдаланишни назорат қилиш бўлимининг бошлиғи Талайбек Мақсутов.

Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзакматовнинг маълум қилишича, ўтказилаётган рейдлар натижасида 3 кун ичида Ўш шаҳрига тегишли 72 миллион сўм (1 АҚШ доллари тақрибан 44 қирғиз сўмига тенг – таҳр.) қарздан 2 миллиони ундирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 23 сентябрдан 24 сентябрга ўтар кечаси Қирғизистон жанубга газ беришни тўла тўхтаган. Натижада Қирғизистоннинг жанубий ҳудудлари бўлган Ўш, Жалолобод, Боткен вилоятлари бутунлай газсиз қолган.

28 сентябрдан эса Қирғизистон шимолига газ берилиши ҳам 30 фоизга қисқартирилди. Бунинг натижасида “Қирғизгаз” очиқ ҳиссадорлик жамияти 25 миллион сўм (тақрибан 570 000 АҚШ доллари – таҳр.) қарзга эга Бишкекдаги иссиқлик марказига газ беришни тўхтатди.

- Биз корхоналар қарзларини бирданига тўлай олмасликларини тушуниб турибмиз. Кўплаб корхоналар қарзларини тўлашга қийналмоқда. Биз уларга доимо енгиллик яратиб берганмиз. Бироқ ҳозир “Ўзрансгаз” олдидаги қарз кўпайиб кетмаслиги учун уларни тўла ўчиришга мажбур бўлаяпмиз, деди “Қирғизгаз” очиқ ҳиссадорлик жамияти раҳбари Саламат Айтикеев.

Иссиқлик марказига газ берилиши тўхтатилгани натижасида Қирғизистон пойтахтининг бир неча ҳудудларига иссиқ сув бериш тўхтатилди.

Саламат Айтикеевнинг айтишича, Ўзбекистон билан музокаралар давом этмоқда. Музокараларни Қирғизистон саноат ва энергетика вазири Илёс Давидов олиб бормоқда.

2009 йилнинг 8 ойи ичида “Қирғизгаз” очиқ ҳиссадорлик жамияти Ўзбекистондан 42 миллион долларлик газ олган. Бундан эса 28 миллион доллари тўланган, холос.
XS
SM
MD
LG