Линклар

Тожикистонда яна ўзбек гази ёна бошлади


“Тожиктрансгаз” очиқ ҳиссадорлик жамиятидан олинган маълумотларга кўра, “Ўзтрансгаз” ширкати 30 сентябрдан бошлаб яна Тожикистонга табиий газ узата бошлаган.

“Тожиктрансгаз” вакилларининг айтишларича, “Ориёнбанк” тижорат банки томонидан берилган 10 миллион доллар кредит туфайли республикани қисман яна газ билан таъминлашга эришилди. Шунингдек, 7,5миллион АҚШ доллари миқдордаги қарз Тожикистоннинг ёз мавсумида Ўзбекистонга берган электр энергияси эвазига қопланган.

26 сентябр куни Ўзбекистон томони “Тожитрансгаз” жамиятининг 18 миллион доллар қарзи сабаб Тожикистонга газ узатишни бутунлай тўхтатган эди.

“Тожиктрансгаз” вакиллари Тошкентда музокаралар ўтказди, бироқ Ўзбекистон томони қарзлар тўлангандан кейингина газ узатишни тиклашини билдирганди. Айни пайтда Ўзбекистон томони Тожикистонга ҳар соатда 25 минг куб миқдорида газ узатмоқда.

“Тожиктрансгаз” ширкати раҳбарларининг айтишларича, республиканинг зангори оловга бўлган эҳтиёжини тўла қоплаш учун соатига 100 минг куб метр газ олиниши даркор.
XS
SM
MD
LG