Линклар

Обама афғон стратегиясини муҳокама қилади


АҚШ президенти Барак Обаманинг бугун Афғонистон бўйича етакчи маслаҳатчилари билан учрашиши кутилмоқда.

Обама ўз маслаҳатчилари билан Афғонистонга оид стратегияни қайта кўриб чиқиш ва толибларга қарши кураш учун АҚШ нинг яна минглаб аскарлари жўнатилиши керакми ёки йўқми, деган масалани муҳокама қилиш ниятида.

Оқ уйда бўладиган бу учрашувда вице-президент Жое Байден, Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Мудофаа вазири Роберт Гэйтс ва Бирлашган қўшинлар бош штаби раҳбари адмирал Майк Малленларнинг қатнашиши кутилмоқда.

Шунингдек, айни учрашувда АҚШ ва НАТО нинг Афғонистондаги қўмондонлиги раҳбари, генерал Стэнлей МакКристалнинг ҳам қатнашиши айтилган. Генерал яқинда берган баёнотларидан бирида яна 10 минглаб ҳарбий жўнатилган тақдирда ҳам толибон билан уруш камида бир йилга чўзилиши мумкин, дея огоҳлантирган эди.

Январ ойида ўз хизмат вазифасини бажаришга киришган Барак Обама Афғонистондаги Америка аскарлари сонини қарийб икки баробарга оширди. Ҳозирда Афғонистонда АҚШ нинг 62 минг ҳарбийси жойлашган.
XS
SM
MD
LG