Линклар

logo-print

Гап икки хил чиқмоқда


Душанбе расмийлари¸ тожик-қирғиз чегарасида тинчлик эканини айтмоқдалар.

Душанбе расмийлари¸ тожик-қирғиз чегарасида тинчлик эканини айтмоқдалар.

Қирғизистон Чегара хизмати 26 сентябр куни Тожикистоннинг Исфара туманида қуролли тўқнашув рўй берганини таъкидлаётган бир пайтда тожик расмийлари бу маълумотни мутлақо инкор қилмоқдалар.

АКИpress-Фарғона сайти ёйинлаган хабарда айтилишича, Қирғизистон Чегара хизмати тожик-қирғиз чегарасида назоратни кучайтирган. Озодликнинг Боткен вилоятидаги мухбири Женеш Айдаровга кўра, тожик ҳарбийлари билан отишмадан сўнг бир гуруҳ қуролланган номаълум шахс маккажўхоризорга яширинганлар.

- 26 сентябр куни бир гуруҳ қуролланган кишилар енгил автомашинада Тожикистоннинг Исфара туманидаги “Сурх” чегара постига ҳамла қилган. Бироқ тожик чегарачилари ҳужумчиларга қаттиқ қаршилик кўрсатган. Шундан кейин бу гуруҳ Қирғизистон ҳудудига ўтган. Қирғиз чегарачилари қуролли гуруҳнинг Боткен вилояти ҳудудида яширинишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўрган, дейди Женеш Айдаров.

Унинг айтишича, Қирғизистон Чегара хизмати Тожикистон билан чегарадош Боткен чегара ва божхона назорат нуқталарида блок-постлар қўйган, айни пайтда чегара орқали ўтаётган фуқаролар ва транспорт воситалари текширувдан ўтказилмоқда.

Қуролланган номаълум шахсларнинг яқинда Исфара ички ишлар бўлими зобитини ўлдирилишида ҳам қўли борлиги тахмин қилинмоқда.

Бироқ Тожикистон томони бу иддаоларни рад этаётир. Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот маркази раҳбари Хушнуд Раҳматуллоевнинг айтишича, Сурх қишлоғи ва чегара постида ҳеч қандай қуролли тўқнашув рўй бермаган, тожик-қирғиз чегарасида эса осойишталик ҳукм сурмоқда.

Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси Сўғд вилоят бошқармаси зобити Одинамаҳмад Маликов мазкур қуролли тўқнашувга оид бирорта факт тасдиқланмаганини айтади.

- Бир неча кун олдин бу ҳақда марказдан ҳам топшириқ олганмиз ва шу масала билан жиддий шуғулландик. Исфара туманидаги чегара нуқталарида осойишталик, деди Одинамаҳмад Маликов.

Бироқ Исфара туманида истиқомат қилувчиларнинг айтишларича, 26 ва 27 сентябр кунлари чегара яқинидаги Сурх қишлоғида ўқ овозлари янграган.

- Аввал шуни айтишим керакки, оммавий ахборот воситалари хабарларида қишлоқнинг номи нотўғри берилган. Можаро Исфарадаги Сурх эмас, балки Таги Сур қишлоғида рўй берган. Бу қишлоқ, Чоркуҳ ва Ворух қишлоқлари, Қирғизистон чегараси ёнида жойлашган. Биз 26 сентябр куни Лаккон қишлоғида эдик. Жияним келиб қолди - у милицияда ишлайди. Ранги оқариб кетган, кайфияти бузуқ эди. “Нима гап?” деб сўрасак, “Отишма бўлди, қуролланган одамлар милиция ва чегарачиларга ҳужум қилишди”, деди. Унинг айтишича, қуролланган номаълум шахслар Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари экан, дейди исфаралик Одил Икромов.

Сўнгги икки йил давомида Исфара туманида куч ишлатар тизимлари вакилларига 12 марта қуролли ҳужум уюштирилган. Уларда 9 нафар милиционер ҳалок бўлган. Жумладан, жорий ой бошларида Исфара ички ишлар бўлими жиноят-қидирув бўлими раҳбари Саидмурод Саидов номаълум шахс томонидан отиб ўлдирилган эди. Қотиллик содир этган одам ҳанузгача топилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG