Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:07

Чиллаки чиллакидан ранг олмоқда


Озода Раҳмон аввал тожик¸ сўнгра Америка университетида таҳсил олган.
Озода Раҳмон аввал тожик¸ сўнгра Америка университетида таҳсил олган.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон иккинчи қизи Озодани Ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинлади. Бу янгилик кўпчилик ëдига қадим ўзбек мақолларини туширмай қолмади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назрий Озода Раҳмон мамлакат ташқи сиёсатининг қайси жабҳасини бошқаришига оид саволимизни очиқ қолдирди.

Маълумотларга кўра, Озода Тожикистон миллий университетининг Ташқи алоқалар факультетини битирган ва бир муддат Вашингтондаги Жоржтаун университетида ҳуқуқ бўйича таълим олиб қайтган.

АҚШдан қайтган Озода Раҳмон бундан роса икки йил аввал, 2007 йил сентябрида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик хизматига бошлиқ этиб тайинланган.

Президентнинг иккинчи қизи 33 ёшда бўлиб, рус ва инглиз тилларида эркин сўзлашади.

Озода Раҳмоннинг ёш бўлишига қарамай, мансаб пиллапояларидан юқорилаб бораётгани тожик жамиятида турлича талқин қилинмоқда.

Кузатувчи Рашид Ғани Абдулло Тожикистоннинг Қозоғистон ва Ўзбекистондан ўрнак олиб давлатни бошқариш сиёсатида кўпроқ ёшларга ўрин бераётганини олқишлайди.

- Ҳозир давр ёшларники, уларнинг келиб чиқиши ёки насабидан қатъий назар. Бизнинг қўшниларимиз Ўзбекистон ва Қозоғистон кўп соҳаларда, хусусан, иқтисодда биздан илғорлиги ҳам бу мамлакатлар давлат идораларини ёшлар бошқараётганида. Улардаги кўплаб лавозимларни ёши 50, ҳатто 40 дан пастроқ бўлган ёшлар эгаллаган. Одатда, ёши 50 дан юқори бўлган кишилар бозор иқтисодиёти шароитига мослаша олмайдилар. Шуни назарга олган ҳолда, ёшларга ўрин бериш лозим. Озода Раҳмоннинг ҳам сиёсат майдонига кириб келиши айни муддао. Албатта, унинг давлат ташқи сиёсатига аралашиши бизнинг қўшнилар билан, хусусан, Ўзбекистон билан муносабатларимизнинг яхшиланишига хизмат қилади, деган умиддамиз, дейди бу кузатувчи.

Президентнинг иккинчи қизи 2007 йил консуллик хизматини бошқаришга киришгач, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги консуллик хизмати Озода Раҳмонга расман мурожаат этиб, келгусидаги ўзаро ҳамкорлик борасида суҳбатлашишни таклиф қилган. Аммо Ўзбекистон собиқ консули Миродил Абдураззоқов Озодлик билан суҳбатда ўз таклифи узоқ вақт эътиборсиз қолдирилганидан шикоят қилган эди.

Мустақил таҳлилчи Ражаб Мирзо Тожикистон президенти қизининг ташқи сиёсатга жалб этилиши Ўзбекистон президенти Ислом Каримов сиёсатига тақлиддан ўзга нарса эмас, дея мулоҳаза билдиради.

- Бу Марказий Осиё давлат раҳбарлари ўртасидаги мусобақа. Улар ким кўпроқ ўз фарзандларини сиёсат майдонига торта олишларини намоён қилишмоқда. Айни вазифани Ўзбекистонда яқинларгача Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова эгаллаган эди. Бундай ҳолатларни минтақанинг бошқа давлатлари тажрибасида ҳам учратиш мумкин. Марказий Осиё давлат раҳбарлари орасида авлодига тахтни мерос қилиб қолдириш анъана тусига кирмоқда, дейди мустақил таҳлилчи.

Ражаб Мирзо Озода Раҳмон давлат ташқи сиёсатидаги тажрибасизлиги боис унинг бу лавозимга тайинланиши кутилган натижалар беришига ишонмаслигини айтади.

Тожикистон Социал-демократик партияси раиси ўриносари Амният Абдуназаров Тожикистон президенти икки мақсадда ўз фарзандлари ва яқинларини давлат идоралари раҳбарлик лавозимларига тайинлаётганини таъкидлайди.

- Аввало президент бугун ўз атрофидагиларга ишонмай қўйган, хусусан, парламентга. Чунки парламентда унинг сиёсатига зид доиралар вакиллари анчагина. Иккинчидан, ўша ишончсизлик ортидан мамлакат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўз яқинлари ва фарзандларидан иборат команда тузаётир. Менимча, бу жорий қонунлар, Конституциямиз ва қолаверса, тожик халқига нисбатан ўта ҳурматсизликдир, дейди Амният Абдуназаров.

Жорий йил 5 октябрида 57 ёшни қаршилайдиган Имомали Раҳмоннинг етти қизи ва икки ўғли бор. Унинг катта ўғли Рустам Имомали аввалроқ Тожикистон Ëшлар қўмитаси раисига муовин этиб тайинланган эди.

Президентнинг айрим яқинлари ҳам давлат идораларида муҳим лавозимларини эгаллаган. Жумладан, президентнинг куёвларидан бири Тожикистон Молия вазири ўринбосари, яна битта куёви Тожикистон Иқтисодий биржаси раиси, бошқа бир куёви эса Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчиси бўлиб ишлайди.
XS
SM
MD
LG