Линклар

Тинч океанда ҳам цунами


Цунами Самоа оролларини вайрон қилиб кетди.

Цунами Самоа оролларини вайрон қилиб кетди.

Тинч океан жанубидаги оролларга ëпирилган цунами оқибатида 100 дан ошиқ одам нобуд бўлди. Қурбонлар аксариятининг оролга дам олиш учун келган сайëҳлар экани айтилмоқда.

Самоа орол давлати¸ қолаверса айни оролнинг АҚШ га тегишли қисмида рўй берган кучли зилзиладан кўп ўтмай юз берган цунами қурбонлари сонининг ошиши кутилмоқда. Айтилишича¸ океандан келган улкан тўлқин кўплаб одамни ўзи билан очиқ денгиз тортиб кетгани боис¸ қурбонлар ҳақиқий сонини аниқлаш мушкуллигича қолмоқда.

Тинч океани жанубидаги Самоа оролида эрта тонгда кучли зилзила қайд этилиши¸ хусусан ер силкинишининг одатдагидан анча узоқ давом этгани цунами таҳдидидан дарак сифатида кўрилди.

Зилзила тўхташи ҳамоно¸ гувоҳларнинг айтишича¸ оролда ғайриоддий сукунат кузатилган ва океан суви ортга чекина бошлаган. Маҳаллий аҳоли бундай жимлик ва океан тубининг кўрина бошлаши фалокат аломати эканидан хабардор бўлгани боис¸ кўпчилик дарҳол соҳилдан тепаликларга қараб қоча бошлаган.

Ëпирилаëтган бало аломатини тан олмай қирғоқда қолганлар ëхуд оëғини қўлга олиб соҳилдан қочишга уринмаганлар¸ саноқли дақиқалардан сўнг ëпирилган сув деворига ем бўлган.

Орол ичкарисида 1¸5 км.ча кирган улкан тўлқин ортга чекина туриб¸ йўлидаги уйлар¸ одамлар¸ кемаю машиналарни ўзи билан ямлаб кетган.

Самоа оролларининг АҚШ га қарашли қисми губернатори Тоглиа Тулафано¸ оролга кетма-кет кучли тўлқин ëпирилгани ва улардан энг каттаси баландлиги 6 метргача борганини айтади.

- Гувоҳларга кўра¸ соҳилга камида тўртта катта тўлқин урилган. Айтилишича¸ биринчисидан кўп ўтмай ëпирилган иккинчи ва учинчи тўлқин энг кучли ва ҳалокатли бўлган¸ дейди Америка Самоаси губернатори.

Цунами ортга қайтар-қайтмас қутқарув ишлари бошланган¸ бироқ Тулафонага кўра¸ орол инфраструктурасига етган жиддий зарар боис¸ бу иш анча мушкул кечмоқда.

- Цунами оқибатида кўрфазимизни ўртадан боғлаб турган асосий кўприк қулади ва натижада одамларни кўрфазнинг бир қирғоғидан иккинчисига олиб ўтиш оғирлашди. Жароҳатланган ва ўлганларни ташишда ҳозирча асосан қўл кучига таяниб турибмиз¸ деди Америка Самоаси губернатори.

АҚШ президенти Барак Обама Самоа оролларининг Америкага қарашли қисмини табиий офат зонаси деб эълон қилди. Бу эса¸ оролдаги қутқарув ва таъмирлаш ишларига АҚШ федерал жамғармасидан маблағ ажратилишини англатади. Айтилишича¸ Ҳавайидаги АҚШ ҳарбий учқичлари бугуннинг ўзидаëқ Самоага фавқулодда ëрдам етказишга киришган.

Цунами оқибатида¸ соҳилда дам олаëтган хориж сайëҳларининг энг кўп талофат кўргани тахмин этилмоқда. Австралия Ташқи ишлар вазирлиги¸ табиий офат оқибатида ўз фуқароларидан бирининг нобуд бўлгани¸ яна олтитасининг бедарак йўқолганини эълон қилди.

Самоа оролларидаги табиий офат¸ Тинч океанига ўрнатилган цунамидан огоҳлантирув тизимининг ишлаш-ишламаслигини ҳам синовдан ўтказган.

Айтилишича¸ Ҳавайида жойлашган огоҳлантирув маркази цунами таҳдидидан огоҳлантирув эълон қилган¸ аммо Самоа ва Тонга ороллари зилзила эпицентрига жуда яқин бўлгани боис¸ бу огоҳлантирув оролга ëпирилган улкан тўлқинлар билан бир пайтда етиб келган.
XS
SM
MD
LG