Линклар

logo-print

Афғон стратегияси қандай ривожланади?


Президент Обаманинг НАТО Бош котиби билан учрашувида ҳам асосан афғон стратегияси муҳокама этилди.

Президент Обаманинг НАТО Бош котиби билан учрашувида ҳам асосан афғон стратегияси муҳокама этилди.

Оқ уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича юқори даражали маслаҳатчилари президент Барак Обама билан учрашиб, Афғонистонга оид стратегия ҳамда бу давлатга яна 40 минг ҳарбий жўнатиш масаласини муҳокама қилади.

Афғонистонга қўшимча ҳарбий куч жўнатиш сўрови АҚШ ва НАТО нинг Афғонистондаги қўмондони генерал Стэнлей МакКристал томонидан киритилди. Генерал мамлакатдаги ҳарбий амалиётлар ва хавфсизлик вазиятини уч ой давомида ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келди.

Унинг 66 саҳифалик ҳисоботи 30 август куни тақдим этилди ва хабарларга кўра унда генерал, йил охирига қадар қўшимча ҳарбий жўнатиш шарт, акс ҳолда, АҚШ нинг Афғонистондаги миссияси батамом муваффақиятсизликка учрайди, деган хулосани берган.

Шунингдек, генерал МакКристал, “вазият жиддийлигига қарамай, муваффақиятга эришиш имкони бор”, деб таъкидлаган.

Учрашувда АҚШнинг хавфсизлик масалалари бўйича барча расмийлари, жумладан, вице-президент Жое Байден, Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Мудофаа вазири Роберт Гэйтс, АҚШ нинг Афғонистон ва Покистондаги махсус вакили Ричард Ҳолбрук, АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари Дэвид Петреус, Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи Жэймс Жонс ва Бирлашган қўшинлар бош штаби раҳбари¸ адмирал Майк Малленларнинг қатнашиши кутилмоқда.

Ўтган ҳафтада “The New York Times” нашрига берган интевьюсида генерал Стэнлей МакКристал ўзига Оқ уй томонидан Афғонистондаги вазиятни асл ҳолича кўрсатиб берадиган ҳисобот тайёрлаш ва АҚШ миссияси муваффақияти учун зарур ҳар қандай ёрдамни сўраш имкони берилганини айтган эди.

Оқ уйга кўра, бу миссия Ал-Қоида ҳамда унинг экстремист иттифоқчиларини қуролсизлантириш, буткул парчалаш ва яксон қилиш, Афғонистон хавфсизлиги ҳамда полициясини тиклаш, бу давлатнинг террорчилар учун хавфсиз маконга айланиши олдини олишдан иборат.

Генерал МакКристалнинг қўшимча ҳарбий ҳақидаги сўрови эса Обама маъмурияти Афғонистонга оид стратегик ўзгаришни муҳокама қилаётган бир пайтда янгради.

АҚШ нинг Афғонистондаги миссиясига қувватлов айни пайтда ҳам жамоатчилик ва ҳам Конгресс вакиллари орасида пастлаб бормоқда. Жумладан, нуфузли сиёсатчи, Сенат қошидаги Қуролли хизматлар қўмитаси раиси¸ муқаддам Афғонистондаги миссияни қувватлаган Карл Левин ҳам ҳозирга келиб, ҳарбийлар сонини оширишга қарши чиқмоқда.

Президентлик лавозимига келиши биланоқ Обама Афғонистонга яна 17 минг ҳарбий ва 4 минг ҳарбий машғулот ўтқувчи мураббийни жўнатиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган, оқибатда, Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари сони 68 мингга етган эди.

Пентагон расмийлари Афғонистонга оид қай стратегияни тутишини аниқлаб олмагунча Оқ уй генерал Мак Кристалнинг сўровини муҳокама этишни истамаётгани ҳақида маълум қилган эди.

Сешанба куни Оқ уй матбуот котиби Роберт Гиббс стратегияни қайта кўриб чиқиш масаласи президент Обама Афғонистон ва Покистонга оид янги режаларни эълон қилган март ойида режалаштирилганини маълум қилди.

Айни пайтда НАТО бош котиби генерал Андерс Расмуссен агар АҚШ ва НАТО қўшинларининг Афғонистондаги миссияси муваффақиятсизликка учраса, бу давлат “террорчилар лагери”га айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

- Мен хаёлга берилаётганим йўқ. Олдимизда турган вазифаларнинг бирортаси тезда амалга ошмайди ва бирортаси осон амалга ошмайди. Биз сабр қилишимиз керак. Биз янада кўпроқ заҳирага муҳтожмиз. Шунингдек, биз толиблар уюштирган ҳужумларда яна кўплаб ёш аскарларни қурбон берамиз. Бироқ, мен президент Обамани тўлиқ қувватлайманки, бу ихтиёрий танланган уруш эмас. Бу зарурат учун қилинаётган урушдир, деди НАТО бош котиби.

Шунингдек, Расмуссен генерал МакКристал тайёрлаган ҳисоботнинг қўшимча ҳарбийга эҳтиёж борлиги тўрисидаги хулосасини қувватлашини айтиб, “агар кейинчалик камроқ иш қилишни истасак, ҳозир кўпроқ иш қилишимиз керак”, деди.

Ҳозирда Афғонистонда НАТОга аъзо давлатлардан юборилган 38 мингга яқин ҳарбий бор ва яқинда Барак Обама Германия каби аъзо давлатларни янада кўпроқ ҳарбий йўллашга ундаган эди.

Сешанба куни Расмуссен Оқ уйда президент Обама билан учрашди. Учрашувдан сўнг АҚШ президенти томонлар Афғонистондаги уруш муваффақияти учун барчанинг тенг саъй-ҳаракати зарур, деган хулосага келганини айтди.

- Бу Америка уруши эмас. Бу НАТО миссияси ҳамдир ва биз бу йўлнинг ҳар бир қадамини НАТО билан фаол ва қатъиятли маслаҳатлашувлар асосида босиб ўтаяпмиз, деди Барак Обама.
XS
SM
MD
LG