Линклар

Оч қоринга аччиқ айрон

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон вилоятларидаги ўқувчи ҳам¸ ўқитувчи ҳам 1 октябрни одатдагидай яна пахта даласида кутиб олмоқда.

Ўзбекистон вилоятларидаги ўқувчи ҳам¸ ўқитувчи ҳам 1 октябрни одатдагидай яна пахта даласида кутиб олмоқда.

Ўқитувчиларни касб байрами билан қутлаган Ислом Каримов¸улар меҳнатининг муносиб тақдир топаëтганини таъкидлади. Бу табрикни пахта даласида эшитган ўқитувчилар эса уни президентнинг байрам ҳазили дея қабул қилдилар....

Ўзбекистон президентининг ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган бу йилги табриги чоп бўлганда, аксарият ўқитувчилар ўқувчилари билан шинам синфхоналарда дарс қилаётган эмас, билан пахтазорда “жавлон” ураётган эди. Зеро бир ҳафтадан буён аксарият вилоятлардаги мактабларнинг юқори синфлари ёпилган, ўқитувчилар ҳам гуруҳ-гуруҳ қилиб пахтага жўнатилган эди.

Сирдарёлик ўқитувчи Гулчеҳрани ҳам пахта тераётган жойидан топдик

Озодлик: Ассалому алайкум.Байрамлар муборак булсин!

- Раҳмат. Сизларга ҳам муборак бўлсин.

Озодлик: Қаерда кутиб оляпсизлар энди, байрамни?

- Пахта даласида, ўқувчилар билан биргаликда.

Озодлик: Ҳа, шунақами? Нечанчи синфлар билан чиққансизлар?

- 6-синфдан 9-синфгача.

Озодлик: Ўқитувчилар ҳам пахта тераяптими ёки болаларга қараяптими?

- Синф раҳбарлари болаларга қараяпти, бошқа ўқитувчилар пахта теряпти. Ярми ётоққа кетган, 17 киши, ўқитувчилар бригадасига.

Озодлик: Ётоқ дегани нима у?

- Мактабдан ўқитувчиларнинг алоҳида бригадаси тузилади-да, ўшалар, 10 кун бошқа туманга пахта теришга кетишaди, ўша ерда ётоғи билан. Ўн кундан сўнг уларнинг ўрнига яна бошқа группа кетади, шундай.

Озодлик: Энди, байрамни қандай қиляпсизлар, эртага 1 октябр, умумхлақ байрами, дам олиш куни деб эълон қилинган:

- Байрамни далада кутамизда, ҳар йилгидек.

Озодлик: Ўқитувчиларнинг бу байрамдаги аҳволи қандай энди. Маоши, тирикчилиги....

- Ўқитувчилар бу байрамда ҳам, ҳайитда ҳам маошсиз қолишди. Ойликларни пластик карточкаларга ўтказишяпти. Сентябр ойига ҳали ҳеч нарса олганимиз йўқ.

Озодлик: Президентнинг табригини эшитдиларингми, сизларга жуда катта миннатдорчилик билдирибди...

- Ҳа, эшитдик, эрталаб эшитдик.

Озодлик: Хурсанд бўлдиларингми?

- Ҳа, албатта хурсанд бўламизда(кулади). Қуруқ гапга хурсанд бўлиб қўяверамизда, ойлик олмаганимиздан, пахтани ичида болалар билан чанг ютиб юрганимиздан кейин... бир-биримизни табриклаб ўзимизча хурсанд бўлиб юрибмизда, ўқувчиларни орқасидан бақир-чақир қилиб.

Озодлик: Ҳа энди, ҳеч бўлмаса, ўқитувчилар ўзларингиз йиғилишиб байрам қиларсизлар?

- Ҳа, худо хоҳласа эртага қиламиз, деб турувдик. Лекин юқоридан шундай буйруқ кептики, байрамлар қолдирилсин, 7 ноябрда қилинсин, деб. Эртага ҳамма пахтага дейишибди. Эртага байрамку, бошланғич синф ўқитувчилари ҳам пахтага чиқаркан, дейди Гулчеҳра.

Бироқ Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида ҳозирча ўқитувчи ва ўқувчилар пахтага жалб қилингани йўқ ва айтилишича аксарият аҳолиси ишсиз бўлган фарғоналиклар уч-тўрт сўм ишлаб олиш мақсадида ўзлари пахта термоқда.

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида ўқитувчилик қилаётган Шукуржон акани ҳам байрам билан табриклаб, уни суҳбатга тортдик:

Озодлик: Байрамлар муборак бўлсин!

- Раҳмат, раҳмат, ҳозир байрамдан чиқиб келяпман.

Озодлик: Сизларга президент табригини ўқиб беришдими?

- Ҳа, ҳозиргина ўқиб беришди, эшитдик.

Озодлик: Таассуротлар қандай эди, бу табрикдан?

- Табрик энди... Ҳозир битта кўйлак беришди, катта ўқитувчи деб, шунга ҳам хурсанд бўлиб ўтирибмиз. Молия келган одамлар ўтирган эди йиғилишда. Мен уларга бир икки гап гапирдим, нега ойликни бермаяпсизлар деб.

Озодлик: Ўқитувчилар байрами умумхалқ байрамига айлантирилган. Президент табригида эришилаётган барча муваффақиятлар замирида сизларнинг меҳнатингиз борлигини айтган. Хўш, энди бугун ўқитувчининг ўзининг аҳволи қандай жамиятда?

- Ўқитувчиларнинг ночорлигини Ўзлари ҳам билиб туришибди. Мана апрел ойидан буён нақд пулда ойлик олганимиз йўқ. Агар ўқитувчи қадрланганда эди, унга ойлик маош бериларди.

Озодлик: Ҳаётнинг оғир ташвишлари ўқитувчи турмушининг қайси томонларида кўпроқ кўриняпти?

- Энг оғири бизга тушади-да. Биз жамиятда энг кам таъминланган қатлам ҳисобланамизку. Ўқитувчини дарс беришдан бошқа қиладиган касби бўлмаса. Битта касб бор, мардикорчилик. Агар у ўқувчини кўзи олдида мардикор бўлса, бу ёғи кейин нима бўлади. Энг қийин бизга ҳозир. Чидаб турибмиз, бошқа иложимиз йўқ.

Пенсияга чиққан яна бир фарғоналик ўқитувчи Дадажон Содиқовнинг айтишича, бугун ҳукумат ўқитувчиларга етарли ғамхўрлик қиляпти. Маошлари ҳам яхши. Ўқитувчи турмушининг яхши эмаслиги эса, энг аввало унинг ўзига боғлиқ, дейди ўқитувчи

- Жамият тараққиёти ўзи шунга олиб келяпти ўзи. Бу мустақилликка эришгандан кейин, ёш бола ҳам бирданига чопиб кетмайдику. Ҳаётнинг ўзида қийинчилик бор. Ҳаёт жуда осон нарса эмас, бирпасда ҳамма нарсага эришиб бўлмайди. Энди бир хил одамларнинг кўнглига қарасангиз, у учун ҳамма нарса бўлса. У нарса қаердан келяпти, қандай келяпти, қандай ишлаб чиқарилади. У нарса билан унинг иши йўқ. Ҳозир 200 минг сўмдан ортиқ маош оладиган ўқитувчилар бор экан. Менинг қизларим ҳам ўқитувчида, 200 мингга яқин ойлик олади. Хўжайини ишлайди, бемалол етаяпти. Дарсдан кейин ўзининг огородида ишлайди, деҳқончилик қиляпти. Тек турмайдида энди. Ҳаракат қиляпти, яшаяпти. Мени фикрим шундай, ҳаётда ҳаракат қилиш керак.Ҳамма айбни битта одамга ағдариш керак эмас. Ўқитувчига яна нима қилиб бериши керак. Ойлигини бераётган бўлса, пластикага бераётган бўлса энди бу ҳам жамият тараққиёти учун керакдир. Ўқитувчиларнинг бу ҳаётдан норози бўлиши яхши эмас¸ дейди собиқ ўқитувчи Дадажон Содиқов.

Ўқитувчилар айтган бу фикрларга муносабат олиш учун Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг мактаблар бошқармаси билан боғландик. Бошқарма бошлиғи ёрдамчиси Абдуваҳоб исмли ходим, бошлиқнинг йўқлиги бу саволларга, бошқарма бош назоратчиси Тўлқин Султонов жавоб бера олишини айтди.

Тўлқин Султонов жаноблари эса биз бермоқчи бўлган саволларга унда жавоб бериш салоҳияти йўқлигини билдирди. Шундай қилиб, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг нега байрамда ҳам пахта теримига чиқарилаётгани, нега уларнинг маошлари мажбурий равишда пластик карточкаларга ўтказилаётгани ҳақидаги саволларимиз жавобсиз қолди. Балки президент табригидаги мана бу жумлалар бу саволларга жавоб бўлар:

“Кейинги йилларда соҳада ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш,ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида қабул қилган қарорларимиз аввало педагогларнинг профессионал малакасини, уларнинг изланиш ва ташаббускорлик фазилатларини юксалтиришга, ўқув-тарбия жараёнининг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда”¸
дейилади президентнинг ўқитувчилар ва мураббийларга йўллаган байрам табригида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG