Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:09

Москва оқиллик чегарасидан чиққанликда айбланди


Халқаро комиссия хулосасига кўра, Россия ва Грузия ўтган йил августидаги қуролли тўқнашув чоғида халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларини бузган.
Халқаро комиссия хулосасига кўра, Россия ва Грузия ўтган йил августидаги қуролли тўқнашув чоғида халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларини бузган.

2008 йил августида бўлиб ўтган Россия–Грузия уруши сабаблари тадқиқига бағишланган ва сабрсизлик билан кутилган халқаро текширув натижалари 30 сентябр куни Брюсселда эълон қилинди.

Ҳисоботни хос халқаро дипломатлар ҳукмига ҳавола қилар экан, тадқиқотчилар гуруҳи раҳбари, швейцариялик дипломат Хейди Тагливиани ҳужжатда август воқеаларини холис ёритишга ҳаракат қилганларини таъкидлаб ўтди.

Ҳисобот билан Европа Иттифоқи, БМТ ҳамда Россия ва Грузия вакиллари танишди.

"Россия ва Грузия ўтган йил августидаги қуролли тўқнашув чоғида халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларини бузди". Бу ҳисобот муаллифлари хулосаси.

Ҳужжатда 8 августга ўтар кечаси Грузия қўшинининг Жанубий Осетияга киритилиши нотўғри қадам сифатида баҳоланган. Айни пайтда, унда Цхинвалининг ўққа тутилиши олдидан узоқ муддат вазият кескинлаштирилгани, қатор провокациялар амалга оширилгани ҳам кўрсатиб ўтилган.

Комиссия хулосасига кўра, Россия ҳарбийлари ҳаракатлари "оқиллик чегарасидан чиқиб кетган". Москва томонидан Абхазия ва Жанубий Осетиянинг мустақил давлатлар сифатида тан олиниши халқаро ҳуқуқ меъёрларига зиддир.

Ҳисобот эълон қилинганидан сўнг Россия ва Грузия вакиллари бир-бирларини яна айблашга тушди.

Ҳужжатдан Москва ўзи учун зарур бўлган бир хулосани уқди: ҳарбий ҳаракатларни биринчи бўлиб Грузия бошлади.

Россиянинг Европа Иттифоқидаги элчиси Владимир Чижов Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида: "Ҳисобот энг асосий савол – “Урушни ким бошлади?” деган саволга аниқ жавоб берган. Уруш Цхинвалнинг 7 августдан 8 августга ўтар кечаси Грузия артиллериясидан ўққа тутилиши ҳужумидан бошланган", деди.

Грузия реинтеграция вазири Темур Лакобашвилининг таъкидлашича эса “ҳужжатда урушни Грузия бошлагани тўғрисида гап йўқ”.

- Бунга ўхшаш ҳар қандай талқин ёлғон бўлиб чиқади. Ҳужжатда гап бу ҳақда эмас. Боз устига, унда уруш 7 ёки 8 августда бошлангани тўғрисида эмас, балки ҳарбий провокациялар узоқ вақт давомида тайёрлангани тўғрисида сўз боради, деди Темур Лакобашвили.

Ҳисоботда ҳарбий ҳаракатлар Грузия томонидан бошлангани айтилса-да, тўқнашув учун жавобгарликни ҳар икки томон тенг зиммасига олиши кераклиги уқтирилган.
XS
SM
MD
LG