Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:21

Ўзбек депутатлари туркийзабон эмасми?


Туркийзабон халқлар Парламент ассамблеясида Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари иштирок этмади.
Туркийзабон халқлар Парламент ассамблеясида Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари иштирок этмади.

Туркийзабон халқлар Парламент ассамблеясида Ўзбекистон ва Туркманистон депутатлари иштирок этмади. Кузатувчилар¸ ҳақиқий парламент йўқ жойда¸ улар иштирокини таъма қилиш ҳам маънисиз¸ демоқдалар.

Озодлик мухбири суҳбатлашган таҳлилчиларга кўра туркийзабон халқлар Парламент ассамблеясини тузиш ғоясининг Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевдан чиққанлиги Ўзбекистон раҳбарини бу ташкилотдан узоқлаштирувчи омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Туркия Миллий Мажлиси раиси Маҳмат Али Шоҳин Бокудаги анжуманда гапирар экан туркий халқлар бирлиги бу халқлар иқтисодий равнақи учун ҳизмат қилажагини таъкидлади.

- Ўнгимиздаги йилларда ўзбек қардошларимиз билан бирликда туркий халқлар Парламент ассамблеясининг янада кучайишига ишонман. Бу ишимиз хайрли бўлсин¸ деди турк парламентчилари етакчиси.

Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Маҳмат Али Шоҳин билан биргаликда анжуман ишида Озарбайжон¸Қозоғистон Қирғизистон парламент раислари ҳам иштирок қилишди.

Туркийзабон халқлар Парламент ассамблеяси йиғилишида Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари ҳеч бир тарзда иштирок қилмади.

Анжуман якунидаги декларацияга кўра туркийзабон халқлар Парламент ассамблеясининг доимий котибияти Бокуда фаолият олиб борадиган бўлди.

Бу ассамблея ғояси 2006 йилда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевдан чиққан эди. "Ғоя амалга оша бошлаганидан хурсандман", дейди Қозоғистон парламент ҳайъати аъзоси Омонкелди Мамишев

- Тилдош элларимизнинг бирлиги узоқ бўлсин¸ парламентларимиз миллатимиз равнақига хизмат қилиб узоқ яшайберсин¸ дейди қозоқ депутати.

Озарбайжонлик сиëсатшунос Илғор Маммадовга кўра анжуманда ўзбек ва туркманларнинг йўқлиги билиниб турган. Худди дастурхон атрофида икки қардошимиз йўқ бўлса томоғингдан луқма ўтмагани каби бўлди¸ дер экан бу ҳолат сабабларини ҳам тушунтиришга уринди

- Ахир бу икки ўлкада ҳақиқий парламент йўқку! Йўқ нарсадан таъма қилмоқ ҳам маъносизку. Озарбайжон ¸Қозоғистон ва Қирғизистонда эса парламент ижро ҳокимияти қарорини тасдиқлайдиган нотариус конторасига айланган. Фақат Туркияда бир қадар эркин парламент бор¸ холос¸ дейди озарий таҳлилчиси.

Ўзбекистон анжуманда субъектив сабабларга кўра қатнашмаяпти¸ буни нормал мантиқ билан изоҳлаб бўлмайди¸ дейди ўзбек сиëсатшуноси Фарҳод Толипов

Бундан ўн йиллар олдин Ўзбекистон кўчаларида "Туркистон умумий уйимиз!" шиори бўлар эди. Олти бутоқли дараxтнинг расми чизилган бу шиорнинг Тошкент кўчаларидан юлиб ташлангани сабабларини ҳам аниқлаш қийин, дейди Толипов

- Марказий Осиë умумий уйимиз, деган ғоя долзарб ва буюк ғоя эди. Афсуски кейинги 18 йил ичида Марказий Осиëдаги мамлакатлар ўз ëғида қовурилишди. "Туркистон умумий уйимиз!" шиори ўрнига "Қозоғистон бизнинг уйимиз", "Ўзбекистон бизнинг уйимиз" деган шиорлар пайдо бўлди. Аммо эртами-кечми бу ғоя кун тартибига яна қўйилади. Чунки интеграция ғояси бугунги кунда энг долзарб ва энг мафтункор ғоя бўлиб кўринмоқда, дейди Фарҳод Толипов.

Туркийзабон халқлар парламент ассамблеясининг кейинги йиғилиши 2010 йил Остона шаҳрида ўтказиладиган бўлди.
XS
SM
MD
LG