Линклар

БМТ ходими ишдан ҳайдалганидан норози


Афғонистондаги президент сайлови билан боғлиқ можаро туфайли истеъфога чиқарилган БМТнинг юқори лавозимли расмийси ўзининг ишдан четлатилиши БМТ обрўйига салбий таъсир этишидан ташвиш билдирди.

БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили ўринбосари бўлиб фаолият юритган Питер Гэлбрайтга кўра, 20 август куни ўтказилган президент сайловида қайд этилган қонунбузарчиликларни ҳал этиш масаласида раҳбарият билан юзага чиққан зиддият туфайли у ўз лавозимидан четлатилган.

-БМТ ҳомийлигида ўтказилган сайловда рўй берган қонунбузарчиликлар хусусида ташвиш билдирган расмийнинг айнан БМТ томонидан ишдан четлатилиши ҳайратли ҳолатдир, дея таъкидлади Питер Гэлбрайт.

БМТ бош котиби Бан Ки Мун эса Гэлбрайтнинг истеъфога чиқариш қарори БМТнинг Афғонистондаги миссияси манфаатларини кўзлаб қабул қилинганини маълум қилди.

Афғонистондаги президент сайловида амалдаги президент Ҳамид Карзай ғолиб деб топилди. Бироқ БМТ ҳомийлигида тузилган махсус кўмита сайлов давомида жиддий қонунбузарчиликлар қайд этилганини таъкидлаб, бир неча вилоятларда берилган овозларни бекор қилди.
XS
SM
MD
LG