Линклар

logo-print

База яхшию¸ пули ëмон

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда Россия базасидан бошқа базага жой берилмаслигини таъкидлаëтган Москва расмийлари¸ айни пайтда бу база учун пул тўлашни ҳам пайсалга солмоқда.

Тожикистонда Россия базасидан бошқа базага жой берилмаслигини таъкидлаëтган Москва расмийлари¸ айни пайтда бу база учун пул тўлашни ҳам пайсалга солмоқда.

Россия Ҳисоб палатаси раиси Сергей Степашиннинг Душанбе сўзлашувлари самарасиз тугади ва Тожикистондаги Россия ҳарбий базаси учун пул тўлаш масаласи яна икки давлат раҳбари учрашувига қолди.

29-30 сентябр кунлари хизмат сафари билан Душанбе шаҳрида бўлиб, президент Имомали Раҳмон билан учрашган Россия Ҳисоб палатаси раиси Сергей Степашин мазкур учрашувда Тожикистондаги Россия ҳарбий базаси мақомини ўзгартириш масаласи муҳокама қилинганини билдирди.

СА-news мухбири билан суҳбатда Россия расмийси ўз давлати ҳарбий базасининг келгусида ҳам Тожикистон ҳудудида қолишига шубҳа қилмаслигини айтди.

- Россия 201-ҳарбий базасининг Тожикистон ҳудудида сақланиб қолишига ҳеч шубҳа йўқ. У бор ва бундан буён ҳам бўлади. Тожикистон ҳудудида бошқа ҳеч қандай - на Американинг ва на бошқа давлатнинг ҳарбий базаси бўлмайди, дея таъкидлайди Степашин.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам бир неча марта айнан шундай фикр билдириб, Тожикистонда фақат Россия ҳарбий базасига ўрин берилиши, на Америка, на Ҳиндистон ва на бошқа давлат ҳарбий базасининг бу ерда бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлаган эди.

Руслар ҳарбий базасининг Тожикистонда сақланиб қолиниши ва унинг пулли асосга ўтишига оид масала сўнгги бир ой давомида илк бор кўрилаётгани йўқ. Бунгача Душанбега айни масала юзасидан Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюков ҳам келиб кетган эди. Бироқ ўшанда томонлар музокараси натижасиз якунланган эди.

Мустақил таҳлилчи Ҳикматулло Сайфуллозода фикрича, Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг октябр ойи ўрталарида Москвага сафари ҳам айнан ҳарбий база масаласининг Душанбеда ўз ечимини топмагани билан боғлиқдир.

Айрим норасмий маълумотларга кўра, тожик расмийлари Москвадан ҳарбий база учун йилига 300 миллион доллар ижара ҳақи сўрамоқда.

- Тожикистон давлат раҳбари Москвага сафарида бу масалани тожиклар фойдасига ҳал қила оладими-йўқми - буни вақт кўрсатади. Аммо, менимча, бундан буён Тожикистонда ҳеч бир хорижий мамлакат ҳарбийлари ҳозирлигига зарурат йўқ. Чунки бундан ўн-ўн беш йил олдинги ташқи таҳдидлар ўтмишда қолди. Бундай базалар фақат ўша йирик давлатлар манфаатларигагина хизмат қилади, холос, дейди таҳлилчи Сайфуллозода.

Бироқ Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази раис ўринбосари Сайфулло Сафаров Тожикистон Россия билан ҳар томонлама, жумладан, ҳарбий ҳамкорликдан манфаатдор эканини таъкидлайди.

- Шуни айтишим керакки, Россия рўзномаларида ҳарбий база ижараси борасида айтилган гапларнинг ҳеч бирида асос йўқ. Бу гаплар қуруқ сафсатадан ўзга нарса эмас. Ҳозирча Тожикистон ҳукумати ҳарбий база учун аниқ бир сумма таклиф қилгани йўқ. Аммо¸ албатта¸ бу масала атрофидаги музокараларда Тожикистон ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда хулосасини айтади ва сўнгги гап ҳам давлат раҳбари томонидан айтилади, дейди Стратегик тадқиқотлар маркази вакили.

Сайфулло Сафаров Россия ҳарбий базаси ижарасидан тушган маблағ мамлакат иқтисодий муаммолари, хусусан, ўзбек гази импорти ва гидроэнергетик лойиҳалар учун сарфланиши мумкинлигини қайд этади.

Россиянинг 201-ҳарбий базаси Тожикистон ҳудудида 2006 йилгача дивизия мақомида фаолият кўрсатган. 2006 йилдан эътиборан 201-дивизияга ҳарбий база мақоми берилди. Аммо у шу кунга қадар Россия мазкур база учун Тожикистонга ижара ҳақи тўламай келди.

Таҳлилчиларга кўра, бугун Тожикистон ҳукумати энергетика мустақиллигини қўлга киритиш истагида. Айнан шу истак ортидан тожик расмийлари руслар ҳарбий базасини пулли асосга ўтказишга қарор қилган. Айни пайтда Москва ва Душанбенинг бу масалада бир битимга кела олиши юзасидан шубҳалар ҳам билдирилмоқда.

- Россиянинг Тожикистондан бошқа давлатларда, яъни Қирғизистон, Абхазия ва Жанубий Осетияда ҳам ҳарбий базалари мавжуд. Тожикистондаги ҳарбий базаси энг йирик база саналади ва бунинг ҳам ўзига яраша сарф-харажатлари бор. Шуни назарга олган ҳолда, Россиянинг ҳозирги иқтисодий шароити Тожикистон томони сўраётган 300 миллион доллар йиллик ижара ҳақини тўлаш имконини бермаслиги мумкин, дейди мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов.
XS
SM
MD
LG