Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:33

Эркин микрофон - "Ўқитувчига ачинаман"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

1 октябр - Ўзбекистонда ўқитувчилар куни деб байрам қилинади. Шу муносaбат билан Озодликка сим қоққанларнинг кўпи ўзбек жамиятидаги ўқитувчининг ўрни ҳақда ана шундай оҳангда гапирдилар.

Дастлабки суҳбатдошимиз Тошкентдан сим қоққан Абдулла бўлди.

- Мен ҳам устоз бўлганман. Мактабда ëки олийгоҳда эмас. Мен ўзим ҳозирги кунда шахмат бўйича спорт устасиман. Менинг ҳам бир қатор шогирдларим бор. Ўзбекистонда устозларнинг аҳволи ҳозир жуда ҳам танг аҳволда. Менимча¸ устозларнинг иши ҳали бери яхши бўлмаса керак. Устоз нима қилади? Устоз ўқувчига дарс беради¸ бутун умрини шунга бағишлайди. Ўқитувчи бўлгандан кейин фақат ўзининг йўналишида кетади. Масалан¸ зиëли одам ўқувчиларга ўзининг билганини дарс беради. Лекин ҳозирги шароитда ўша ўқитувчи дарс бериш учун ҳам унинг қорни тўқ бўлиши керак¸ эгни бут бўлиши керак деб ўйлайман. Масалан¸ Тошкентда бир мунча яхшидир. У ҳам бўлса бир мунча. Бу ëғи водий¸ бу ëғи Сирдарë¸ бу ëғи Қашқадарë¸ Сурхондарë томонларда жуда оғир.

Мана бугун ўқитувчилар куни. Устозларни мен чин қалбимдан табриклайман. Уларга юксак улуғворлик тилайман. Ҳозирги пайтда мен ўқитувчиларга жуда ҳам ачинган бўлардим. Қаранг¸ бугун байрам. Устозлар куни. Лекин ўқитувчилар қаерда ҳозир? Ўқитувчиларнинг ҳаммаси пахтазорда¸ далазорда. Пахта тераяпти. Жавлон уриб пахта теришаяпти. Иложи йўқ. бошқа қиладиган иши йўқ. ҳозир мактаблар бекилган¸ дейди Абдулла.


Ўқитувчимас пахтачи....

Қашқадарёлик Шоди ака ўқитувчиларнинг ҳар йили бўлгани каби бу йил ҳам ўз касбий байрамини пахтазорда ўтказаётганликларини айтади.

Шоди ака: Ўқитувчилар байрамику бугун. Лекин бизнинг Пастдарғомда ҳеч бир тадбир ўтказилган эмас. Мактаблар ҳаммаси пахтада. Болалар пахтада. У куни бу ерга Мирзиëев келиб кетган. БМТ нинг Тошкентдаги ваколатхонасидан ҳам бир вакил келиб¸ ўқувчиларни пахтага чиқармаслик ҳақида айтиб кетди. Улар бир пиëла чой ичиб кетгандан кейин ҳоким эртаси куни буйруқ бериб¸ мактабни ëпиб ҳамма болани пахтага чиқариб юборди. Ўқитувчиларга ҳуқуқ йўқ. Мактаб директорларининг ҳаммасидан “Болаларни пахтага чиқармайман” деган мазмунда тушунтириш хати олган. Аммо шунга қарамасдан 5 синфдан то 10 синфгача болаларнинг ҳаммаси пахтага чиқарилди.

Озодлик: Буйруқ тепаданми ëки ота-оналарнинг ўзлари чиқараяптими?

- Тепадан. Анави куни Пастдарғомга БМТ ваколатхонасидан бир вакил келиб “Болаларни пахтага чиқармайсизлар” деб айтган эди. Мирзиëев ҳам келиб шу гапни айтди. Улар кетгандан кейин вилоят ҳокими ҳаммани мажбур қилиб¸ мактабларни ëптириб¸ пахтага чиқариб юборди¸ дейди Шоди ака.

Ўзбекистонда ўқитувчилар ўз касбий байрами куни пахтазорда "жавлон ураётганлик"ларини фарғоналик Баҳодир ака ҳам тасдиқлайди.

- Риштон туманида 25-партсъезд бор. Ўша ерда ëтоқхона тайëрлаб¸ ўша ерда ëтди-турдиларни таъминлаб¸ килосига 100 сўмдан пахта тердиришаяпти. Куни- кеча хабар эшитдик¸ 500 нафар ўқитувчини Охунбобоев туманига олиб бориб¸ пахта тердиришаëтган экан. Шахсан ўзим Риштондагиларни бориб ўрганганимда¸ еди-ичди аҳволлари макарон экан. Уларни расмга олган жойларимиз ҳам бўлди. Съëмкалар ҳам қилдик. Лекин улар шу нарсадан ҳам қўрқиб¸ “Ука¸ бу нарсани газетага чиқарманг” дейишаяпти. Аҳволлари шунчалик танг бўлса ҳам юқоридан қўрқишлари жуда катта.

Озодлик: Баҳодир ака¸ мана кейинги пайтларда Ўзбекистонда чиройли-чиройли коллежлар қурилди. Балки ижобий ҳолатлар ҳам бордир?

- Қани эди шу ижобий томонларини кўрсак. Тўғри¸ таълим тизимимиз яхшиланаяпти дейди¸ коллеж қурилган билан у ерда ўрганиладиган муаллим бўлмаса. Ҳозир болалар дарсда ўтиргандан кўра¸ новвойга шогирд тушиб¸ бешта нон олиб келиб берса неча пул беришини ëки бошқа бир устага шогирд тушиб¸ пул топишни ўйлайди. Муаллимлар ойлигининг тўловини молия тизимига ўтказиб қўйган. Улар болаларга дарс беришдан кўра журнал тўлдириб¸ расмий томонни беш қилиб қўйса¸ бу ëғи ҳам беш бўлишини билиб¸ дарсдан кўра қатнашди¸ қатнашмадини ҳал қилиб берса бўлди. Мен шу нарсани синаш учун икки ой мактабда инглиз тилидан дарс бердим. 9 синф боласи инглиз тилида 10 гача санашни билмайди. Ҳафта кунларини санашни билмайди. Буларга дарс ўтмайсизми¸ деса¸ “Булар ким ҳам бўларди? Нима кераги бор? Барибир Россияга кетадида” дейди. Ҳамма ўқитувчининг кайфияти шундақа. Биз ҳам яхши томонларни гапиришни хоҳлардик¸ дейди Баҳодир ака.

****************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

**********************************************

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.
XS
SM
MD
LG