Линклар

logo-print

Брюссел Тошкентни кечирдими?

  • Фаррух Юсуфий

Тошкент ва Брюссел¸ орадаги совуқчиликни унутиб¸ хавфсизлик ва энергетик ҳамкорлик учун ўзаро қўл ташлашга чоғланмоқда.

Тошкент ва Брюссел¸ орадаги совуқчиликни унутиб¸ хавфсизлик ва энергетик ҳамкорлик учун ўзаро қўл ташлашга чоғланмоқда.

Андижондаги қонли воқеалар муносабати билан Ўзбекистонга нисбатан санкция жорий қилган Европа иттифоқи¸ ўз талабларидан бирортаси бажарилмаганига қарамай¸ жазо чораларини бекор этмоқчидек.

Европа иттифоқи Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга нисбатан жорий қилган санкциялар сирасида кучда қолаётган ягона чора қурол-яроғ эмбаргоси бўлиб, унинг тақдири 26-27 октябр куни ҳал бўлади.

Фуқаролик жамияти фаоллари Ўзбекистон билан яқинлашишга ҳаракат қилаётган Европа иттифоқи санкцияни бекор қилишга мойиллик кўрсатаётганидан хавотир билдирмоқда.

Жаклин Ҳэйл Очиқ жамият институтининг Марказий Осиё дастурлари директори.

- Европа иттифоқи Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга жорий қилган санкцияларнинг охиргиси бўлган қурол эмбаргоси, масалан Бирмага нисбатан қўлланган санкцияларга солиштирганда¸ ўзи жуда рамзий маънога эга. Лекин уларнинг кучда қолиши Европа иттифоқи ўз асосий қадриятларига содиқ қолишини намойиш этиш нуқтаи-назаридан муҳимдир.

Бундан ташқари, санкциялар жорий қилинганда¸ Ўзбекистон ҳукуматига қўйилган талаблар бажарилгани йўқ. Шу сабабдан, рамзий бўлган бу санкцияларни сақлаб қолиш Европа иттифоқининг Ўзбекистон ҳукуматига Андижонда содир этган қирғин учун масъулиятни зиммасига олиши лозимлигини эслатиб туриши учун ҳам муҳимдир, дейди Очиқ жамият институти вакили.

Ўзбекистон расмийлари санкциялар мамлакат сиёсатига заррача таъсир қилмаганини айтиб келади. Боз устига¸ Андижон воқеаларини террорчиларнинг хуружи, дея талқин қиладиган расмий Тошкент ўз ҳаракатлари учун ҳеч кимнинг олдида ҳисоб бериш ниятида эмас. Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўтган ойда Брюсселга қилган ташрифи чоғида бу ëндашувга яна бир бор урғу берди.

- Яна бир бор эслатиб қўймоқчиман, Ўзбекистон ва Ўзбекистон делегацияси бу ерга кимгадир ҳисоб бериш учун келгани йўқ. Яъни Европа иттифоқига назоратчи ҳуқуқини ҳеч ким бергани йўқ. Биз ўзаро тенглик асосидаги мулоқот тарафдоримиз. Яъни томонларни қизиқтирувчи масалалар бўйича мулоқот тарафдоримиз, деди жаноб Норов Брюсселга қилган сўнгги сафари чоғида.

Фуқаровий жамият вакилларининг санкциялар бекор қилиниши мумкинлигига оид хавотирлари шу пайтгача Европа иттифоқи ичида санкцияларни кучда қолдириш ғоясини ёқлаб келган иттифоқнинг жорий раиси Швециянинг ўз қатъий позициясидан чекинаётганига оид ишоратларга асосланган.

Швеция Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё буйича мутасаддиси Йан Нюберг Озодлик билан суҳбатда, санкциялар масаласи кўриб чиқиладиган мажлисга ҳали тўрт ҳафта бор ва ҳозирча бундай хавотирларга ҳожат йўқ, дея таъкидлади.

- Бу ҳақда ҳозирча бирор изоҳ беришни истамайман. Бу масала Европа иттифоқи ичида муҳокама қилинади. Ҳозирча Тошкентдаги элчиларимизнинг вазиятга оид ҳисоботларини кутиб турибмиз ва йиғинда Ўзбекистондаги вазиятни муҳокама қиламиз. Албатта, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид вазият яхши эмас. Лекин у яхшиланяптими ёки ёмонлашяптими, бу масалани ой охиридаги мажлисда муҳокама қиламиз, дейди Европа иттифоқининг Швеция президентлиги вакили.

Айтиб ўтганимиздек¸ санкциялар Андижон воқеаларидан кейин жорий қилинган ва жазо чораларига қурол эмбаргосидан ташқари Андижонда тинч аҳолининг қирғин қилиниши учун масъул бўлган Тошкент мулозимларига нисбатан виза чеклови ва Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий мулоқотни тўхтатиш қарори ҳам қўшилган эди.

2006 йил кузида икки томон ўртасидаги сиёсий мулоқот тикланди ва 2007 йилнинг ёзига келиб виза чекловининг кучи аввал вақтинча тўхтатилди, кейин эса бутунлай олиб ташланди.

Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасида қурол олди-сотдиси деярли йўқлиги инобатга олинса, кучда қолаётган эмбарго ҳақиқатан жуда рамзийдир.

Хўш¸ уларнинг кучда қолишидан нима наф? Ўзбекистонликлар бу ҳақда нима деб ўйлайди?

Андижонлик суҳбатдош фикрлари:

- Бундай олганда аниқ бир нарса дейишим қийин. Бу санкциялардан ҳеч қандай манфаат бўлганини сезмадимда. Шунинг учун унинг қизиғи ҳам йўқ шекилли. Таъсири бўлиб¸ ижобий томонга ўзгариш бўлганда эди¸ унда зарур эди¸ керак эди. Ҳатто пашша чаққанчалик таъсир қилгани йўқ¸ дейди андижонлик суҳбатдошимиз.

Қашқадарёлик суҳбатдош эса, бу масалага ўзгача фикр билдирди:

- Биргина қурол-яроғ эмас¸ олдин ҳам иккита-учта санкцияни олиб ташладику. Раҳбарларнинг чет элга боришига рухсат берди. Умуман олиб ташлади. Шунга мен қаршиман. Санкция бизга Андижон воқеаси туфайли берилган. Санкция бекордан бекорга қўйилган. Уни олиб ташлагандан кейин демократик томонга эмас¸ паст томонга шўнғиб кетаверамиз. Тескарисини қилавериш демоқчиманда¸ дейди қашқадарëлик суҳбатдош.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам европалик ҳамкасбларининг санкцияларни кучда қолдириш чақирувларига қўшилди.

- Европа иттифоқи ўзи қўйган санкцияларнинг ҳаммасини олиб ташлайдиган бўлса¸ бу Европа иттифоқининг ҳеч қанақа кучи йўқлигини кўрсатади ва ўзининг обрўйини туширади¸ деб ўйлайман, дейди Суръат Икромов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG