Линклар

Қари билганни¸ пари билмас...

  • Садриддин Ашур

Олтин олма¸ дуо ол¸ Дуо олтин эмасму¸ дейди ўзбек қариялари дуосини улуғловчи ўзбек мақолларидан бири.

Олтин олма¸ дуо ол¸ Дуо олтин эмасму¸ дейди ўзбек қариялари дуосини улуғловчи ўзбек мақолларидан бири.

1 октябр - дунёда қариялар куни сифатида нишонланади. Шу муносабат билан¸ қадим анъанага кўра¸ невараю чеваралари ардоғида бўлиши лозим ўзбек қарияларининг бугунги ижтимоий-иқтисодий турмушига назар ташладик.

Ўзбекистонда истиқомат қилаётган уч миллиондан ортиқ пенсионернинг 12 минг нафарини 2-жаҳон уруши иштирокчилари, 30 минг нафарини ёрдамга муҳтож бўлган ёлғиз ногиронлар ташкил этади. 100 ёшдан ошган қариялар эса 2300 кишига яқин. Бу рақамларни “Правда востока” ҳукумат газетаси келтиради.

Хўш, уч миллиондан ортиқ бўлган бу чолу-кампирлар бугун "қарилик гашти"ни қандай сурмоқда? Ўзбекистон президенти нутқларида доим ҳукумат томонидан ардоқланаётгани таъкидланаётган қарияларнинг бугунги ижтимоий ҳимояси қандай?

Суҳбатдошларимиз, Ўзбекистоннинг турли вилоятларида истиқомат қилаётган қариялар. Самарқанд шаҳрининг Коший маҳалласида яшайдиган Телмон бобонинг айтишича, қарияларнинг ҳаёти яхши, гуриллаб маъракама-маърака, тўйма-тўй юришибди улар.

Телмон бобо: Ўзбекистон қариялари энди¸ Худога шукур¸ энди ëмонлайверсак¸ яхши бўлмайди. Ислом бобога раҳмат пенсияни бериб ëтибди. Бериб ëтибди¸ ана олиб ëтибмиз.

Озодлик: Пенсия қанча?

Телмон бобо: Пенсия 175 минг бўлди. Ҳар кун 3000дан есам ҳам¸ яна ортиб қолади.

Озодлик: Кампирингиз ҳам борми?

Телмон бобо: Худога шукур бор.

Озодлик: Улар ҳам пенсия оладими?

Телмон бобо: Ҳа¸ олади.

Озодлик: Уларники қанча?

- Хотинимникини сўраганим ҳам йўқ. (майин кулги билан) Ҳа¸ ўзи билади. Нима ишим бор. Яхши Худога шукур. Мана шу бугуннинг ўзида ҳамсоямизнинг бир қизи ўлган экан. Фотиҳага ўтиб келдик. Ундан чиқиб тўйга ўтдик. Тўй вараванг. Шуда халқники. Мана шу маҳаллада 50 йилдан зиëд яшаяпман. Бобойлар бирга-бирга ўтдик. Тўйни томоша қилдик¸ дейди Телмон бобо.

Андижон вилоятининг Булоқбоши қишлоғида истиқомат қилаётган биринчи гуруҳ ногирони Нишонбой аканинг айтишича, қарияларнинг турмуши ҳар хил - кимдир яхши, кимдир ёмонроқ. Бу ҳолат унинг оиласидаги ишловчилар даромади ва пенсия таъминотининг қанақалиги билан боғлиқ.

- Биздаги қариялар ҳозирги вақтда¸ боринг 60 га борганлар¸ пенсияга чиққанларнинг деярли ҳаммаси пенсиясини вақтида ололмаяпти. Ўғиллари Россияга кетган¸ бир хиллариники Тошкентда ишлайди¸ бир хилиники мана шу ерда иш қилади¸ бир хилиники хокисор. Бир хилллари қоровулга муҳтож¸ келинлари қарайди. Шунақа бўлса ҳам бир бало қилиб кўчага чиқади. Бизнинг қишлоқда 80 ëшга борганлар ҳозир кам қолди. 70 ëшдан ошганлар ўзлари бемалол юриб¸ чой ичиб¸ ўтириб қарта ўйнашади. 80 ëшдан ошганларнинг бир хиллари пенсияни ололмай¸ бировлардан қарз олиб¸ ароқ ичиб юборади¸ дейди Нишонбой ака.

Нишонбой ака 100 минг сўм ногиронлик пенсияси олади. Унинг айтишича, бу пул унинг дори-дармонига ҳам етмайди. Шунинг учун у кўчага чиқиб тиланчик қилишга мажбур бўлмоқда.

- Ҳокимиятга кирганимни санасам¸ 37 марта бўлибди. Ҳокимиятга ололмаганим учун фақат пенсия масаласида кираман. Ўша ердан почтага телфон қилади¸ бир бало қилиб пенсияни беради. Охири ҳокимиятга киришни ҳам тўхтатдим. Сабаби¸ кирсам ҳам берилмай қўйди. Охири “Кел¸ шу одамларнинг қўлидан пул олайин. Шуни бошламасам бўлмайди” дедим. Шуни бошламасам бўлмас экан. “Нечта лўлилар юрибди. Улардан нима фарқим бор? Инвалид бўлсам. Шу ишни бошлай” деб бошладим. Бировлар 100 сўм¸ бировлар 500 сўм¸ бировлар 1000 сўм¸ кўпроқ раҳми келганлари 5000 сўм¸ шу билан тирикчилик қилиб келаяпман¸ дейди Нишонбой ака.

Фарғоналик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Ғанихон Маматхоновнинг айтишича, қариялар пенсия пулларини олиш учун почта эшигига ярим тунда бориб навбат олишади.

- Ҳозир қарияларга умуман эътибор йўқ. Мана сентябр ойи тугаяпти. Қариялар ўзларининг нафақа пулини ололгани йўқ. Кечаси соат 3 дан обеддан кейин соат учгача турганларга аранг тегиб қолади. Айниқса¸ кечаги мустақиллик байрамида¸ Ҳайит байрамида пенсионерлар пенсия пулини ололмади. Мана шу бўйича мен вилоят ҳокимлигига¸ президентга очиқ хат ëзган эдим. Лекин ҳанузгача бир янгилик ë бошқа нарса бўлгани йўқ. Чунки нақд пул тушими амалдорларнинг чўнтагига уриб кетди. Шўринг қургур пенсионер¸ пенсиясини оломай гаранг бўлиб ëтибди¸ дейди Ғанихон Маматхонов.

Унинг фикрича, Ўзбекистондаги нақд пул тақчиллиги энг аввало кам таъминланган оилалар, хусусан пенсия ёшидаги одамларнинг ижтимоий аҳволини оғирлаштириб юбормоқда. Унинг фикрларини фарғоналик пенсионер Муҳсинжон ака ҳам тасдиқлайди.

- Мана ҳозир бизнинг уйимизда ремонт бўлди. Ремонт бўлгунгача трубалар тиқилиб қолган¸ сув чиқмаяпти. Капиталний ремонт қилинди. Тўрт кун сув чиқди. Тўрт кундан кейин¸ мана мен 70 ëшдаман¸ қўшним бор 76 ëшда¸ пастга қўшниларнинг уйига тушиб¸ ялиниб сув олиб чиқамиз. Ëзда ер суғоришади¸ деб чиқмас эдик. Мана ҳозир куз. Ҳозир оддий крант сувларида ер суғориш йўқ. Қариялар сув ташияпти пастдан¸ дейди Муҳсинжон ака.

Ўзбекларда доимо қарияларга ҳурмат билан муносабатда бўлинади. Уларга алоҳида эъзоз кўрсатилади. Ўзбекларда ота-оналарни қаровсиз қолдириш уят саналади. Шунинг учун ҳам, фарзандлар пенсия пули қанча бўлишидан қатъий назар, ота-оналарини эътиборсиз қолдиришмайди. Лекин, бугун Нишонбой ака сингари ҳеч кими ва қаровчиси йўқ ёлғиз ногиронлар кўчага чиқиб насиба излашга мажбур бўлмоқдалар.
XS
SM
MD
LG