Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:30

Теҳрондан шаффофлик талаб қилинмоқда


Жаҳоннинг етакчи 6 давлати вакиллари билан учрашув чоғида ўз ядровий дастури бўйича Халқаро атом энергияси агентлиги билан тўла ҳамкорлик қилишга ваъда берган Теҳрон расмийларидан эндиликда амалий иш кутилмоқда.

Эрон ва жаҳоннинг етакчи 6 давлати вакилларининг Женевадаги учрашуви 1 октябр куни бошланиб, якунига етди. Томонлар жорий ой охирроғида яна бир бор учрашиб олишга келишиб олди.

- Иккинчи учрашув октябрнинг охиригача бўлиб ўтади. Бу учрашув кун тартиби дипломатик каналлар орқали аниқланади ва асосан ядровий масалаларни, жумладан, аввал ҳар икки томон илгари сурган таклифларни қамраб олади, деди учрашувга раислик қилган Европа Иттифоқи раҳбарияти аъзоси Хавьер Солана.

Солананинг билдиришича, Эрон ўзининг уранни бойитиш корхонасига халқаро инспекторларни киритишга ваъда берган:

- Эрон Қум шаҳри яқинида жойлашган уранни бойитиш заводи бўйича Атом энергияси халқаро агентлиги билан тўла ва зудлик билан ҳамкорлик қилишни режалаштираётганини ҳамда яқинда заводга агентлик инспекторларини таклиф қилажагини билдирди. Бу ишнинг яқин бир-икки ҳафта ичида амалга ошишини кутаяпмиз, деди Хавьер Солана.

Унга кўра, Эрон ва дунёнинг етакчи давлатлари вакиллари Теҳрондаги тадқиқот реакторига керак бўладиган уранни бойитиш учун бошқа мамлакатларга беражаги тўғрисида умумий келишувга эришдилар.

Женева музокаралари доирасида АҚШ ва Эрон вакилларининг хос учрашуви ҳам бўлиб ўтди.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Вилям Бернс Эрон ядровий дастури музокарачиси Сайид Жалилий билан сўзлашувлар ўтказди. Бироқ учрашув тафсилотлари ошкор қилинмади.

Бёрнснинг Жалилий билан хос учрашуви АҚШ ва Эрон расмийларининг йиллар давомидаги илк бевосита учрашувидир. Чунки 1979 йилги исломий инқилобдан буён Вашингтон билан Теҳрон ўртасида дипломатик алоқалар тўхтаб қолган.

АҚШ президенти Барак Обама дунёнинг етакчи 6 давлати ва Эрон ўртасида бўлиб ўтган сўзлашувларни “конструктив муқаддима” деб баҳолади ва Эронни “сўзни иш билан мустаҳкамлаш”га чақирди.

- Эрон ўзининг тўла очиқликка тайёр эканлигини намойиш қилиши керак. Сентябр ойида биз Эрон Қум шаҳрида янги ядровий объект қураётганининг ишончли далилларини эълон қилдик. Бас, Эрон Атом энергияси халқаро агентлиги билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга розилик берган экан, эндиликда у агентлик инспекторлари учун бу объект эшикларини очиши лозим, деди Барак Обама.

Сўзлашувларда иштирок этган АҚШ делегацияси аъзоси сўзларига қараганда, Эрон Теҳрондаги реакторида ишлатадиган уранини бойитиш учун Россияга жўнатишга моҳиятан рози бўлган.

Халқаро ҳамжамият Эронни ядровий қурол яратиш устида иш олиб бораётганликда гумон қилмоқда. Бу гумонлар Эроннинг уранни бойитадиган янги завод қургани тўғрисида ўтган ҳафтада маълум бўлганидан сўнг янада кучайди.
XS
SM
MD
LG