Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:54

Қозоқлар Қуръонни тақиқладими?


Интернет нашрлари Қозоғистон суди “Қуръон”нинг 10 га яқин сураси аудиоёзувини экстремистик мазмунда деб топиб, таъқиқлагани ҳақида хабар тарқатди. Бу гал ана шу хабар тафсилотларини ўрганамиз.

1 октябр куни Остона шаҳар судининг судяси Алия Ташева томонидан қабул қилинган суд қарори нусхасини олишга муваффақ бўлдик ва бу қарор матнига 2009 йилнинг 3 июл санаси билан имзо чекилганига гувоҳ бўлдик.

Қарорда айтилишича, Алия Ташева раислигидаги суд ҳайъати Қозоғистон Бош прокуратураси киритган ариза асосида фуқаролик ишини кўриб чиқиб, 207 турдаги ахборот материаллари — китоб, варақа, брошюра, электрон матн ва аудиоёзувни "ваҳҳобийлик, Ҳизбут-Таҳрир каби таъқиқланган диний оқимлар ғоясини ташувчи экстремистик руҳдаги манба" деб топган.

Бу ахборот манбалари саналган рўйхатнинг 180-181-бандларида “Қуръон”нинг 18 та сураси номи саналган. Ана шу бандларнинг суд қарори нусхасидаги шакли, сўзма-сўз таржимасини келтирамиз:

“180) “Аҳқоф”, “Муҳаммад”, “Фатҳ”, “Ҳужурот”, “Қоф”, “Таборак”, “Қалам”, “Ҳаққо”, “Маориж”, “Нуҳ”, “Жин”, “Музаммил”, “Мудассир”, “Қиёмат”, “Инсон”, “Мурсалот”, “Бақара” суралари аудиоёзуви:, Шайх Мишари Рашид;
181) “Аъроф” сураси аудиоёзуви, Шайх Фарис Уббад;”

Айни пайтда суд қарорида бу суралар ва уларнинг таъқиқи ҳақида бошқа ҳеч гап айтилмаган.

Матбуот қўлига тушган бу ҳукм, табиийки, ҳаммани ҳайратга солди ва деярли аксариятда бир қатор саволлар пайдо бўлди: гап бу 18 суранинг қироати ҳақида кетаяптими ёхуд тафсири ҳақида?

Агар гап қироат ҳақида кетаётган бўлса, унда Қозоғистон суди қайдай асосда 18 та сурани экстремистик деб топди? Агар тафсир ҳақида кетаётган бўлса-да, у тафсирларни "экстермистик" деб таснифлаш қарори нимага асосланилган?

Биз ана шу саволлар билан Остона шаҳар судига мурожаат қилдик ва шу қарорга имзо чеккан судя Алия Ташева билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

Аммо судя бизга бирор бир расмий маълумот беришдан бошданоқ бош тортди ва биз у билан қурилган суҳбатни қандай бўлса, шундай келтиришга мажбур бўлдик.

Озодлик: Алия опа, сизга мурожаат қилишимиздан мақсад “Қуръон” суралари аудиоёзувини таъқиқлаш ҳақидаги қарорингиз бўлди. Нима асосда “Қуръон” суралари эксремистик мазмунда, деб топилди?

- Кечадан буён менга фақат шу масалада телефон қилишаяпти. Бу қарор июл ойида қабул қилинган. Нега энди бугунга келиб ҳаммани қизиқтириб қолди? Бу қарор нега энди сизни безовта қилаяпти?

Озодлик: Чунки бу қарор ҳақидаги хабар эндигина матбуотда пайдо бўлди. Бизни бир жиҳат қизиқтираяпти: “Қуръон”нинг бир неча суралари аудиоёзувлари таъқиқланди, дейилмоқда. Бу фақатгина сураларнинг қироатими ёки у ерда оятларга шарҳлар ҳам борми?

- Ҳозир сизга бу ҳақда ҳеч қанақа жавоб беролмайман. Қарор июлда қабул қилинган ва менинг қўлимда эмас ҳозир. Бу қарор экспертлар гуруҳи хулосаси билан асосланган. Бу суднинг қарори. Мен сизга ҳеч қанақа шарҳ беролмайман, деди Остона шаҳар суди судяси Алия Ташева.

Судя хонимдан бошқа маълумот олишнинг асло имкони бўлмади. Шунингдек, судяга шу мазмунда хулосани тақдим қилган экспертлар гуруҳини топа олмадик ва Қозоғистон Бош прокуратурасидан ҳам бу борада изоҳ ололмадик.

Қозоғистонлик юрист Мустахим Тўлеев айни пайтда бу идоралардан расмий изоҳ олиш имкони борлигига шубҳа қилади.

Ҳуқуқшунос масаланинг асосий жиҳатига эътибор қаратди.

- Агар теолог ва экспертлар “Қуръон”дан олинган сураларнинг соф ва асл аудиоёзувини шундай шубҳага олаётган бўлса, мен уларнинг фикрига қўшила олмайман. Агар бу ерда гап сураларнинг қироати эмас, тафсири, шарҳи ҳақида кетаётган бўлса, унда ўша аудиоёзувлар мазмуни билан танишгандан сўнггина қаъий бир гап айтишим мумкин, дейди қозоғистонлик юрист Мустахим Толеев.

Айни пайтда бу суҳбатдошимиз яна бир жиҳатга эътиборни тортди.

- Ўз ҳолича бу қарор мутлақо мантиқсиз қарордир. Қозоғистон конституцияга биноан дунёвий давлат ва бу давлатда бошқа дин вакиллари каби мусулмонларнинг муқаддас китоби ҳам таъқиқланиши асло мумкин эмас. Фақат шуниси борки, бизнинг суд тизими ҳозир жуда-жуда издан чиққан. Баъзан чаласавод судя шундай қарорларни қабул қиладики, уни ҳеч қанақасига англаб бўлмайди, дея ўз муносабатини билдирди қозоғистонлик таниқли юрист Мустахим Толеев.

Шу тариқа "Остона суди Қуръон қироатини таъқиқладими ёхуд тафсирини?" деган саволга жавоб ололмай хуноб бўлиб турган эдик, остоналик теолог олим Муртазо Булитай ўзи аниқлаган тафсилотлар билан айрим саволларимизга жавоб топиб бергандай бўлди.

Муртазо Булитай ана шу хабар ортидан тушиб, суд қарорига ойдинлик киритиш учун атай Остона шаҳар Адлия бошқармасига борган ва масалага ойдинлик киритишга муваффақ бўлган.

- Мен бугун Остона шаҳар Адлия бошқармаси вакили билан шахсан учрашдим ва улар менга тушунтиришдики, бу ерда гап “Қуръон” сураларининг қироати ҳақида бораётгани йўқ. Гап маълум бир авторлар томонидан сураларга қилинган шарҳлар устида бормоқда. Ҳукмда саналган суралар бўйича икки муаллиф қилган шарҳ ҳақиқатан диний-экстремистик мазмун ташувчи, деб топилган. Экспертларнинг ана шу хулосасига кўра қарор чиқарилган. Менга Адлия бошқармасида шундай тушунтиришди, дейди қозоғистонлик теолог олим Муртазо Булитай.

Унга ўхшаб Остона шаҳар суди қароридан таажжубга тушганлар эса нафақат оддий диндорлар, балки теолог олимлар, сиёсатчилар орасида ҳам талайгина.

Бу вазиятни кузатаётган олим Муртазо Булитай шундай асоссиз ваҳиманинг тарқалишига сабаб бўлган Остона шаҳар суди ва мамлакат адлия тизими жиддий хатога йўл қўйган, деб ҳисоблайди.

- Бу судда ўтирадиган ва ишига беэътибор мулозимлар йўл қўйган хато. Аммо жуда қўпол ва кўп учрайдиган хато. Улар шундоқ олган-да, "фалон қорининг аудиоёзуви" деб, суд ишига тиркаб қўяверган. Адлия бошқармасида бунинг хатолигини менга тушунтиришди. Аммо буни жамоатчиликка айтиш керак. Хато тузатилиши керак. Эртага, афтидан, оммавий ахборот воситалари ходимлари учун махсус матбуот анжумани уюштирилади. Илтимос, сиз ҳам ўз эфирингиз орқали жамоатчиликка тўғри хабарни етказиб қўйинг. Бу мусулмонлар учун жуда муҳим, дейди қозоғистонлик теолог олим Муртазо Булитай.

Бу олимнинг сай-ҳаракати билан масалага ойдинлик киргандай бўлган эди. Аммо суд қарорида аудиоёзув муаллифлари сифатида келтирилган икки муаллифдан бири бизда яна қатор саволларни пайдо қилди.

Суд қарорида “Шайх Мишари Рашид” дея келтирилган муаллиф – дунёга таниқли қоридир. Уни бутун дунё мусулмонлари, айниқса, ёшлар овози ширали, иқтидорли ёш қори сифатида танийди.

Остона шаҳар имоми ёрдамчиси Озодлик билан суҳбатда бу қори Қозоғистонда ҳам жуда яхши таниш эканини айтди.

- “Мишари Рашид “Қуръон” қироатчиси, холос. Шахсан мен унинг тафсир қилганини бирор марта эшитмаганман. Бизнинг юртда уни ҳамма "қори" деб танийди. Биз ҳанузгача нега бундай қарор чиққанини тушунмаяпмиз. Шаҳар суди бу қарори борасида ҳеч қандай изоҳ бермаяпти. Ваҳоланки, бу масалага тезроқ ойдинлик киритиб, тўғри ҳукмни эълон қилиш керак. Чунки унинг аудиоёзувлари мамлакатнинг ҳамма бурчагида ва бутун дунёда кенг тарқалган, дейди Остона шаҳри имоми ёрдамчиси.

Айни пайтда Мишари Рашид нафақат Қозоғистон, балки минтақанинг барча республикаларида жуда яхши таниш.

Бу ёшгина қорининг фаолиятини кузатаётган ўзбекистонлик таниқли уламо Обид қори Назаров яна мана буларни қўшимча қилди:

- Мишари Рашид ҳозирги кунда мусулмон дунëсида энг машҳур қорилардан бири. Балки айтиш мумкинки¸ айниқса ëшлар ўртасида жуда ҳам эътиборли¸ ҳамма мусулмонлар¸ айниқса йигитлар у кишига меҳр қўйган. Ҳавас қилиб¸ ҳатто у кишига тақлид қиладиганлар ҳам бор. Масалан¸ менинг ҳам бир ўғлим у кишига ўхшаб¸ тақлид қилиб қироат қилади. Овози жуда чиройли бўлгани учун қорининг бутун дунëдаги мухлислари Рамазон ойида Қувайтга қараб оқадилар. Худди Рамазонда одамлар Умрага¸ Ҳажга кўплаб боришгани каби кўплаб мусулмонлар Қувайтга сафар қилишади. Айниқса бой мусулмонлар¸ ҳатто Европадан¸ Америкадан хоссатан "Мишари Рашиднинг орқасида туриб¸ унинг тиловатини ўз оғзидан эшитамиз" деган ният билан боришади. Бу нарсанинг ҳеч қандай судларни¸ ҳукуматларни ташвишга соладиган¸ ваҳимага қўядиган жойи йўқ. Аммо ҳозир сизнинг сўзингизни эшитиб¸ мен ҳайрон қолдим. Бу судяларнинг бесаводлиги¸ айниқса, диндан¸ Ислом дунëсида бўлаëтган ҳодисалардан мутлақо узоқлигини кўрсатса керак¸ дейди таниқли уламо Обид қори Назаров.

Шу тариқа, ҳар ҳолда, ҳозирча бир жиҳат ойдин бўлди: Остона шаҳар суди шайх Мишари Рашид қироат қилган 17 сура аудиоёзувини экстремистик мазмунда, дея таъқиқлаган бўлиб чиқаяпти.

Яъни бу ерда гап тафсир ҳақида эмас, қироат ҳақида бормоқда. Зеро, бу шайх фақатгина қироатчидир. Яна бир муаллиф “Шайх Фарис Уббад” ҳақида эса суҳбатдошларимиз ҳеч бир маълумот билмасликларини айтди. Нотаниш бу шайхнинг фақатгина “Аъроф” сурасига қилган қироати ёхуд шарҳи таъқиқланган.

Қозоқ расмийларининг айни масалада матбуотга изоҳ бермаётгани боис Остона шаҳар судининг ғалати қарори борасида тайин бир хулосага келишдан ожиз қолдик.

Аммо, боринг, ана гап тафсир ҳақида кетаётган бўлсин ҳам дейлик - "Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида мавжуд шарҳлардан мусулмонларга хавф борми?" деган саволга ҳам жавоб олиш истаги пайдо бўлди. Зеро, “Қуръон”нинг тафсири масаласи ҳар доим баҳсталаб мавзу бўлиб келган.

Бу саволга ҳам Обид қори Назаровдан жавоб олдик. Уламо бу савол жавобига ўтишдан олдин Остона шаҳар суди қарори хусусида ўз муносабатини билдирди.

Обид қори Назаров: Бу нарса амалга ошмайдиган¸ воқеликка хилоф бўлган иш. Агар мана шу ҳукм тарқалиб¸ кимдир буни амалга оширишга ҳаракат қиладиган бўлса¸ ижро этмоқчи бўлса¸ фақат ўзини ўзи шарманда қилади. Чунки қорини қироати учун айблаб бўлмайди. Бу Оллоҳ берадиган бир овоз. Қуръонни чиройли қироат қилгани учун¸ овоз учун жазолаб бўладими? Яъни унинг овози таъқиқланса¸ унинг ўзини ҳам жазолашга тўғри келади-ку. Бу қизиқ нарса. Жуда ҳам мантиқсиз нарса. Бу амалга ошмайдиган иш.

Озодлик: Тафсирларни таъқиқлаб бўладими?

Обид қори Назаров: Тафсирларни таъқиқлаш бўлиши мумкин. Чунки бу ерда гап ғоя ҳақида¸ унинг маъноси ҳақида¸ одамларнинг онги¸ тушунчалар¸ тузумлар¸ йўллар¸ таълимотлар ҳақида кетади. Чунки ҳар хил тоифалар¸ адашган оқимлар ўзларининг йўлларини Қуръон оятлари билан асослашга уринишади. Оятлар ва ҳадисларни қандай шарҳлашга қараб бу ерда масала ҳал бўлади. Агар ўша айтилаëтган шахслардан бири Қуръон оятларини тафсир қилаëтган бўлса¸ Исломга хилоф равишда шарҳлаëтган бўлса¸ уни таъқиқласа бўлади. Бундай нарсалар тарих давомида бўлиб келган. Қуръоннинг маъносини бузиб талқин қилишга уринишлар учраб туради.

Озодлик: Сизнинг кузатувларингиз бўйича¸ Марказий Осиë мамлакатларида¸ дейлик, Қозоғистонда ëки Ўзбекистонда мана шунақа уринишлар билан қилинган тафсирлар хавфи борми?

- Бундай тафсирларнинг хавфи бор деб айтиб бўлмайди. Чунки Ўзбекистон¸ Марказий Осиë жумҳуриятлари мусулмонлари Исломнинг Аҳли сунна мазҳабига амал қилишади. Тўрт мазҳаб - ҳанафийлар¸ шофеъийлар¸ ҳанбалийлар ва моликийларнинг ҳаммаси биргаликда Аҳли сунна деб номланади ва тафсирлар мана шундай йўналишларга эга. Сунний йўналишдаги тафсирлар ўқилади ва ана шу тасдиқланади. Аҳли сунна йўналишидан бошқача мазҳабларнинг тафсирлари эътиборга олинмайди. Марказий Осиëда ҳозир бунақа хавф йўқ, алҳамдулиллоҳ. "Мусулмонлар учун ëки давлат учун хавфли" дейиш асоссиз¸ дейди таниқли уламо Обид қори Назаров.

Шу ўринда қўшимча қилиш жоиз, Остона шаҳар суди қарори ҳозирданоқ қўшни давлатлар мусулмонлари, хусусан, Россия мусулмонлари орасида катта норозиликларга сабаб бўлди.

Жумладан, Россиянинг Нижегородский области мусулмонлар диний идораси раҳбари Дамир Муҳитдинов суд қарорини кескин қоралаб, Остона расмийларидан бу борада изоҳ берилишини талаб қилмоқда.

Айни пайтда аксар мусулмонларнинг шу кунларда изоҳ сўраб, Қозоғистон ҳукуматига қилаётган мурожаатларига яна бир сабаб бор.

Қозоғистон Адлия тизими, бир тарафдан, “Қуръон” суралари аудиоёзувини таъқиқлади. Иккинчи тарафдан эса мамлакатда инсон жинсини ўзгартиришга рухсат берди.

Бир қатор интернет нашрлари хабарига кўра, 18 сентябр куни Қозоғистон “Халқ соғлиги ва соғлиқни сақлаш тизими” кодексининг 88 моддасига ўзгартириш киритилиб, Қозоғистонда инсон жинси ўзгартирилишига ҳуқуқий замин яратилган.

Биздаги маълумотларга кўра, ҳозирча Остона расмийлари ҳар икки масала бўйича қилинган мурожаатларга жавоб бергани йўқ.
XS
SM
MD
LG