Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:10

Тожик тили "мустақил" бўлди


Янги қонун лойиҳасининг шу шаклда қабул қилинишига қуйи палата депутатларидан фақат икки киши қарши чиқди.
Янги қонун лойиҳасининг шу шаклда қабул қилинишига қуйи палата депутатларидан фақат икки киши қарши чиқди.

Тожикистон қуйи палатаси қабул қилган янги қонунга мувофиқ, бундан буён барча давлат идоралари ва таълим муассасаларида иш юритиш фақат тожик тилида амалга оширилади.

“Тожикистон республикаси Давлат тили тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси атрофида узоқ баҳслашган қуйи палата вакиллари уни 1 октябр куни жиддий ўзгартишсиз тасдиқладилар.

“Тил тўғрисидаги қонун”нинг эски варианти бўйича рус тили янги қонун тасдиқлангунга қадар тожик жамиятида миллатлараро алоқа тили мақомига эга эди. Шунингдек, фуқаролар давлат идораларига мурожаат қилишда истаса тожик, истаса рус, истаса ўзбек тилидан фойдаланишлари мумкин эди.

Тил тўғрисидаги янги қонунга биноан эндиликда Тожикистоннинг барча давлат идоралари ва муассасаларида иш юритиш фақат тожик тилида олиб борилади.

Янги қонун лойиҳасининг шу шаклда қабул қилинишига қуйи палата депутатларидан фақат икки киши қарши чиқди. Қолган 57 депутат бир овоздан лойиҳани тасдиқлади.

Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг янги вариантини ишлаб чиқиш ташаббуси шу йил 15 апрелида президент Имомали Раҳмон томонидан илгари сурилган эди.

Ўшанда Имомали Раҳмон давлат тили тўғрисида 20 йил муқаддам қабул қилинмиш амалдаги қонун бугунги кун талабларига жавоб бермай қолгани, шу нуқтаи назардан қонун янги вариантини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлаганди.

Ўша тадбирда президент: “Тил тўғрисида янги қонунга эга бўлмай туриб, биз том маънода мустақил бўла олмаймиз”, дея таъкидлаганди.

Тожикистон қуйи палатасининг илм, таълим ва маданият қўмитаси раиси Додихудо Саймуддинов депутатлар ҳузурида мазкур қонун моддаларини изоҳлай туриб, унинг Тожикистон мустақил бўлганидан сўнг тожик тилига давлат тили мақомини бера олган илк ҳуқуқий ҳужжат эканини таъкидлади.

- Қонун республикада давлат тили ривожи, унинг ҳимояси ва ундан фойдаланиш учун ҳуқуқий асос яратади, дер экан Додихудо Саймуддинов мазкур қонун лойиҳасининг бошқа давлатларда қабул қилинмиш давлат тили ҳақидаги ҳужжатлар асосида тайёрланганини қайд этди.

Тожикистон Коммунистлар партияси раиси ва мазкур партиянинг қуйи палатадаги вакили Шоди Шабдолов эса депутатлар эътиборини янги қонуннинг кўп моддалари мамлакат Конституциясига зидлигига қаратди.

Шоди Шабдолов янги қонун асосида тожик жамиятида миллатлараро алоқа тили мақомига эга бўлган рус тилининг расмий мақомдан маҳрум этилгани юзасидан норозилик билдирди.

Бошқа томондан, коммунистлар партияси раҳбарига кўра, янги қонун асосида энди мамлакатдаги барча идоралар қаторида сиёсий партиялар ҳам ўз муҳр ва низомини тожик тилига ўгириши шарт бўлиб, 2010 йил бошида бўлиб ўтиши кутилаётган парламент сайлови арафасида бу сиёсий партиялар учун ортиқча бошоғриқ бўлиб ҳисобланади.

- Сайлов арафасида ҳамма сиёсий партиялар ўз муҳри, низоми, бланкалари ва рўзномаларини ўзгартиришга мажбур. Бу “сайловда қатнашма” деган гап-да. Ҳисоб рақамида миллионлаб сомонийси бўлган бошқа сиёсий партияларга бу қийинлик қилмас, аммо бу бизнинг партиямиз учун оғирлик қилади, деди Шоди Шабдолов.

Коммунистлар партияси раҳбари Тожикистонда ҳозирги технология тараққиёти даврида рус тили жамиятда миллатлараро алоқа тили мақомида қолдирилиши шартлигини таъкидлади. Зеро, Шабдоловга кўра, барча зарур ахборот ва адабиётлар рус тилида нашр этилади.

- Акс ҳолда, фуқароларимиз ташқи оламда рўй бераётган воқеа ва ҳодисалардан хабарсиз қолиши табиий, деди Шоди Шабдолов.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Давлат тили куни муносабати билан парламентни “Тил тўғрисидаги қонун”ни тезроқ қабул қилишга даъват этганидан сўнг Россиядаги сиёсий доиралар ва рўзномалар вакиллари унинг бу чақириғига нисбатан анча кескин муносабат билдирган эдилар.

Айни пайтда Тожикистондаги ўзбеклар жамияти масъуллари ҳам сентябр ойи ўрталарида мамлакат аҳолисининг катта қисмини этник ўзбеклар ташкил қилгани боис ўзбек тилига расмий мақом берилишини талаб қилиб чиққан эдилар.

Аммо бу даъво ва таклифлар 1 октябр куни тил тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида парламент вакиллари томонидан эътиборсиз қолдирилди.

Эндиликда мазкур қонун Тожикистон парламенти юқори палатасида муҳокама этилиб, сўнгра президент имзоси учун юборилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG