Линклар

logo-print

Тоҳирсиз жиҳод

  • Алишер Сиддиқ

Тоҳир Йўлдош ўлими¸ таҳлилчилар фикрича¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати учун ҳам ўлим ҳукми бўлиши мумкин.

Тоҳир Йўлдош ўлими¸ таҳлилчилар фикрича¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати учун ҳам ўлим ҳукми бўлиши мумкин.

Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилганини Покистон разведка хизматлари норасмий тарзда тасдиқлаш орқали Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Тоҳирдан кейинги тақдири борасидаги баҳсу мунозараларга йўл очди.

Покистон ва Афғонистондаги ўзбек жанггарилари қўмондони Муҳаммад Тоҳир Форуқнинг ўлими ҳақида даставвал Озодликка хабар қилган¸ ўзини Тоҳирнинг собиқ тансоқчиси деб таништирган одам Ўзбекистон исломий ҳаракати бир ойдан буён Йўлдошнинг ўлимини сир сақлаб келаётганини айтди.

Ҳаракатнинг бугунги аҳволи ҳақида сўралганида¸ Тоҳир ўз сафдошларини қўрқитиш ва зўравонлик эвазига ўз атрофида сақлаб келганини алоҳида таъкидлаган суҳбатдошимиз, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Тоҳирдан кейинги тақдирининг қоронғуликка кирганига ишора қилди.

Тоҳирдан кейин ЎИҲ тақдири ҳақида мулоҳаза қилиш худди Усама Бин Ладин, Айман Аз-Заваҳирийсиз Ал-Қоида ёки Мулла Умардан кейинги толибон тақдири ҳақида фикр юритишга ўхшаб кетади. Бу шахслар қаторида Тоҳир Йўлдош ҳам энг хавфли террорчилар¸ унинг гуруҳи эса энг хавфли террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган эди.

Президент Каримовнинг “Бин Ладини” – Тоҳир Йўлдошнинг ўлими борасидаги хабарларни Тошкент ҳам диққат билан кузатиб, нега сукут сақлаётганини фақат тахмин қилиш мумкин.

Ўзбекистон исломий ҳаракати фаолиятини йиллар давомида кузатиб келаётган журналист Аҳмад Рашид фикрича, ўтган саккиз йил давомида Марказий Осиёда махфий тармоқларни тузишга ҳаракат қилган Тоҳирнинг ўлимига Марказий Осиё ҳукуматларининг муносабати турлича бўлади.

- Менимча¸ бу ҳукуматлар жуда ҳам хурсанд бўладилар, аммо ўз хурсандчиликларини билдирмасликка ҳаракат қиладилар. Чунки бу ҳолда улар жанггарилар таҳдиди жиддий эканини тан олган бўладилар. Жамоатчилик учун улар Тоҳирнинг ҳеч қачон ўзлари учун таҳдид бўлмаганини айтадилар, дейди журналист.

Аҳмад Рашид 10 йил давомида ҳаракатга раҳбарлик қилган Тоҳир Йўлдошни “харизматик шахс” сифатида тасвирлайди, унинг ўлими эса гуруҳ келажагига катта зарба бўлишини айтади.

- Бу шубҳасиз америкаликлар, покистонликлар ва ўзбек ҳукумати учун катта ютуқ. Ўтган ёзда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга қарши кичик хуружларнинг шоҳиди бўлдик ва бундан ўзбек жанггариларининг яна кучайгани ҳақида хулоса қилиш мумкин эди.

Бундан ташқари¸ Афғонистон шимолида ҳам ҳужумларнинг ортгани Марказий Осиёнинг Ал-Қоида, бу минтақадан чиққан жанггарилар ва афғон толибларининг диққат марказига тушганидан даракдир, дейди Аҳмад Рашид.

Айни пайтда Тоҳир Йўлдошнинг Марказий Осиё учун аллақачон жиддий таҳдид бўлмай қолганини даъво қилувчилар ҳам кўп. Покистоннинг қабилалар яшайдиган минтақаларида хавфсизликни таъминлашга масъул бўлган собиқ генерал Маҳмуд Шоҳнинг айтишича, Тоҳирнинг ўлими фақатгина Покистондаги толиблар учун зиён етказиши мумкин¸ холос.

- Бу фақатгина Покистондаги толиблар ҳаракатига зиён етказади. Тоҳир Йўлдош Ўзбекистонга қарши қаратилган жанггарилар ҳаракатида унча фаол эмас эди. Марказий Осиё жабҳасида ундан ҳам фаолроқ бўлган бошқа гуруҳлар бор. У эса бу ерда ўтириб пул қилиш ва Покистонга зиён етказиш билан овора бўлиб қолган эди¸ дейди собиқ генерал.

Сўнгги бир неча йил давомида Тоҳир Йўлдош Марказий Осиёдан чалғиб кетгани туфайли, ҳаракат ичида норозилик ортиб, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг бир неча гуруҳга бўлингани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Тоҳир Йўлдош ўлдирилганини Покистон разведкасидаги манбаларидан тасдиқлатган Рейтерс ахборот агентлигининг Пешовардаги мухбири Роберт Бирсол яқин келажакда Ўзбекистон исломий ҳаракатининг янада бўлинишини тахмин қилади.

- Маълум вақтдан сўнг Покистон армияси ҳам Жанубий Вазиристонда ҳарбий ҳамлаларни бошлаб юбориши мумкин. Ўзбекистон исломий ҳаракатига келсак, Тоҳир Йўлдошнинг ўлимидан сўнг, гуруҳ саросимага тушиб¸ янада бўлиниши мумкин, дейди Бирсол.

Тоҳир Йўлдош ва Ўзбекистон исломий ҳаракатидан ажраб чиққани айтиладиган Исломий жиҳод иттифоқи раҳбари Нажмиддин Жалоловнинг ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар бир вақтда пайдо бўлди.

Германия хавфсизлик хизматлари маслаҳатчиси доктор Гюдо Штайнбергнинг айтишича, ушбу воқеалар ўзбек жиҳодчиларининг том маънода бошсиз қолганини англатади. Аммо Исломий жиҳод иттифоқининг жорий бўҳрондан чиқиш имкониятлари кўпроқ, дейди у.

- Менимча¸ Тоҳирнинг ўлими унинг гуруҳига ўта салбий таъсир қилади. Бу ҳаракат ҳақида менинг эшитиб келганим шуки, Тоҳир Йўлдош ўз гуруҳини диктаторлик услубида бошқариб келган. Мен унинг ўрнини боса оладиган ҳеч бир шахсни кўрмаяпман. Бунинг сабаби эса, Тоҳир ўзига рақиблик қила оладиган сафдошларига нисбатан ҳаддан зиёд агрессив эди. Исломий жиҳод иттифоқи ҳам маълум муаммоларга дуч келади. Аммо уларнинг толибон ҳаракати ва Ал-Қоида билан жуда ҳам мустаҳкам ришталари сақланиб қолмоқда. Шунинг бу гуруҳ яшаб қолиши мумкин, дейди таҳлилчи.

Кўплаб таҳлилий материалларда террорчиликка қарши кураш важи билан Ўзбекистон ҳукумати ўз мухолифларини бартараф этиб келгани алоҳида қайд этилади. Доктор Гюдо Штайнбергнинг фикрича, ўзбек жанггарилари раҳнамолари йўқ қилинганига қарамасдан, Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсати ўзгармас экан, террорчилик таҳдиди сақланиб қолаверади.

- Нима бўлганда ҳам жанггариларга рақиблик қиладиган, уларнинг ўрнини тўлдирадиган тинч гуруҳлар йўқ. Шу боис узбек жанггарилари ўта қудратли бўлиб қолаётир. Ўзбекистон ҳукуматининг репрессив сиёсати туфайли уларнинг Ўзбекистондаги тарафдорлари ҳам камаймаётир¸ деди немис хавфсизлик хизматларининг жанггари гуруҳлар бўйича маслаҳатчиси Гюдо Штайнберг.
XS
SM
MD
LG